Туркиядан 16 нафар тажрибали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ коронавирусга қарши курашда юртимиз мутахассислари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиш ва тажриба алмашиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ушбу гуруҳда анестезиолог, реаниматолог, пульмонолог, инфекционист, педиатр, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам, биотиббиёт, умумий амалиёт, ички касалликлар, жамоат саломатлиги бўйича малакали мутахассислар жам бўлишган.
Эътиборли жиҳати, туркиялик шифокорлар ташриф давомида юртимиз шифокорлари билан биргаликда мамлакатимизда “COVID-19”га қарши курашиш борасидаги ҳолатни таҳлил этиб, тегишли тавсиялар тақдим этиш кўзда тутилган.
Жумладан, меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Вируслогия илмий текшириш институти, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Тошкент вилоятидаги Зангиота ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларидаги ушбу соҳага ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, корновирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда амалий фаолият кўрсатишлари режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.