Миллий истиқлолга эришганимиздан буён ўзбек зиёлиларининг олдида иккита ҳал этилиши кечиктириб бўлмайдиган вазифа турибди. Биринчиси, парчаланган етмиш йиллик истибдод занжирлари етказган маънавий зарарни қоплаш, яъни ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ҳар бир нуқтани миллий маданият, миллий ўзлик, миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва шўро даври ғорат қилган ҳар бир воқеликни миллий ўзанларга қайтариш.

Иккинчиси, бугунги кунда давримизнинг тарақ­қиёт даражаси ниҳоятда тезлашгани, интеллектуал салоҳият, тиниқ тафаккур дунёда яшаб қолишнинг асосий шартига айлангани, интернет имкониятларининг мисли кўрилмаган даражада юксалиши, миллий маънавиятни асраб қолиш нозиклашаётганини инобатга олиб, таълим тизимини ижтимоий ҳаёт билан уйғунлаштириш.

Айнан, шу икки жиҳат зиммамизга залворли вазифалар юклаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай шароитда бу чек зиммасига тушганлар миллати, тили, дини, қадриятлари, урф-одатлари, ўзига хос турмуш тарзини ўзлигича сақлашга бел боғлаганлар ҳамда шахсий манфаатини ҳар недан устун тутувчилар, том маънода, манқуртлашганлар тоифасига ажралиб қолмоқда. Хўш, “манқуртлашганлар” кимлар ўзи?

2019 йилнинг баҳорида бир этак “эл меҳрибонлари” юртимизда “рус тилига ҳам давлат тили мақомини бериш ташаббуси” билан чиқди. Эмишки, Россияга ишлашга бораётганлар ўрис тилини билишлари учун бу тил юртимизда давлат тили мақомини олиши керак экан. Мантиқнинг мантиқсизлигини қаранг! Бу бир бемаврид ва атай бошланган ташаббус эди-да.

Аслида, эркинлик ҳаво бўлса, она тили миллат деб аталмиш таннинг руҳи, шу миллатнинг манзил-макони — Ватан. Шундандир балки сўзга сиғмайдиган, дунёдан-да каттароқ воқеликлар бор: ­истиқлол, Ватан, она тили, она, мактаб, иймон...

 Асл инсонларнинг жон томирларига ўрнашган ватаним, она тилим, онам, мактабим, иймоним тушунчаларининг ҳар бири миллий истиқлол билангина гуркирайди, миллий истиқлол ўзанидан сув ичади. Бугун она тилимизга бўлган беписандлик эркимизга отилган тошдир; мактабга, таълимга, устозга бепарволик эркимизга берилган зарбадир; ватанга, иймонга қалқон бўлмаслик шаънфурушликдир.

Ҳа, фақат орамизда жўломонларни (Ч.Айтматов) пайдо қилишга улгурдилар. Аччиқ ҳақиқат шуки, энди жўломоннусхаларни тузатиб бўлмайди. Энди Найман онанинг ҳолига тушмаслигимиз учун уларга қарши курашишимиз шарт.

Эътибор берсак, жамиятимизда нохуш ҳолатларни бир этаккина жўломонлар келтириб чиқаради. Иймони бут, зуваласи ўзбекона қорилганларнинг лабларидан ўзбеккагина хос сўзлар отилади:

 “Ичингдан чақмоқ чақиб, гулдираб отиладиган овозинг эмасми тилинг?! Ўз овозингни ўзинг бўғмоқчимисан? Дарвоқе, овозинг бормиди ўзи? Яратган Инсонни овозидан таниб олади... Шунинг учун ҳам Яратганга илтижо қиламиз. Барака топгур, қўй, ўзинг­ни ўзинг бўғмагин. Шунча бўғилганимиз етмайдими?

Навоийни-ку ўқимайсан, чунки тушунмайсан. Берироққа келсак, Тоғай Муродни, Мурод Муҳаммад Дўстни, Эркин Аъзамни ҳам ўқимайсан, чунки тилимиз оташидан завқланиш туйғусидан бенасибсан, бечорагина. Чунки сен уларни ҳам тушунмайсан. Ишон, улар ўзбек тилида ёзишади... Ўзимни қаерга қўйишни билмаяпман; уят-ей, ўзбек ўзбекка ўз тилингни ерга урма, деб зор қақшаса. Яхшиси, кўзимга кўринма, бир бало қилиб қўяман”. (Қўчқор Норқобил)

Алхусус, нафақат она тилимизни асраш борасида, балки юртимизнинг бутун борлиғини ўзлигича сақлаш учун, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнимизни йўқотмаслик учун ҳам, аввало, жўломоннусхаларга қарши тура олишимиз шарт.

Жамиятда яна бир тоифа бор: бепарволар. Уларга барибир. Улардан қўрқиш керак аслида. Жўломонлардан ҳам баттарроқ, аслида улар.

Бунақаларнинг жамиятда урчишига яна бир асосий сабаб бор. Шўро даври тасарруфидаги бошқа халқлар, миллатлар қаторида она тилимизнинг таълимига мактабда, техникуму олий ўқув юртларида расмий фатво берган эди. Ҳатто биз бундан ниҳоятда мамнун эдик…

 Аммо юрт, халқ эркинлиги қўлимизга теккач, чуқурроқ англаб етдикки, нутқ миллий тилнинг, тил миллий тафаккурнинг, тафаккур эса миллий ўзлик, ижтимоий турмушнинг инъикоси, юзага чиқиши, моддийлашуви экан. Демак, ўзбекона турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз, анъанаю ирим-сиримларимизгача, онгимиз остидаги “мен”лигимизгача барча-барчаси тафаккур тегирмонида қайта ишланиб тилда, нутқий алоқа-­аралашувимизда бўй кўрсатар экан. Буни аксиома даражасида билган ўша даврнинг “ҳукмрон мафкура”си она тили таълимининг миллий ўзанларини ёпиб янги — охири “вой”ларни келтириб чиқарувчи каналларга солиб юборган экан.

Бу шўро даврининг “Фан янгиликлари — мактабга!” шиори остида амалга оширилганини биламиз. Мазкур шиорнинг татбиқини муттасил таъминлаш оқибатида иш шу даражага етдики, ХХ аср 80-йилларига келиб мактаб она тили дарсликларининг мавзулари олий таълимдаги тилдан мутахассислик фанлари мавзулари билан деярли тенглашди.

 Мактаб ўқувчисининг келажак ҳаёти учун зарур бўлмаган қоидалар сонининг ошиб бориши улкан ­муаммоларни юзага келтирди. Том маънода, она тили дарслари ўқувчига ўзбек тилининг жозибасини ҳис қилишни ҳамда унинг чексиз имкониятларидан фойдаланишни ўргатиш йўлидан оғишди ва она тилини ўргатиш, ўрганиш машғулотлари узун, қуруқ қоидаларни сингдиришдек “манқуртлик ўзани”га солиб қўйилди.

Она тили таълимида биз мана шу “манқуртлик ўзани”дан жуда секинлик билан чиқяпмиз. Нега бу ҳолат аввалроқ сезилмади? Нега буни шу кеча-кундузда аниқ ва яққол билиб турибмиз? Бунинг сабаби, табиийки, ҳукмрон мафкура билан боғлиқ. Кечагача бизнинг овозимиз ичимиздан ташимизга чиқиши душвор эди. Биз учун гапирадиганлар, бизнинг тақдиримизни ҳал этиб қўядиганлар бор эди.

Бир ҳақиқат кундай аён. Агар мактабларимизда ўқитилаётган она тили машғулотлари болаларимизга ўзбек (она) тилидан ўринли ва унумли фойдаланиш маданиятини, шу тилда ўқиш, тушуниш ва ёзиш завқини бермас экан, яъни ўз миллий ўзанига тушмас экан, миллий маънавият, миллий маданият, миллий ўзлик тушунчалари сийқаси чиққан бирикмаларга айланиб бораверади.

Ваҳоланки, она тили машғулотлари тафаккур дарсларига айланиб бориши зарур. Сабаби, миллий ўзлик, миллий онг ва миллий қадриятлар ҳар бир ўқувчи, талабанинг тафаккурига беқиёс озуқа берувчи, битмас-туганмас манбадир. Демак, тафаккур ривожланса, тил ривож топади, нутқ равонлигига ва мантиғига эришилади.

Зеро, она тилимизни асраш иши унинг таълими билан узвий боғлиқ.

Муаммолар бисёр, билъакс, муаммоларни ижобий ҳал этиш учун юртимизда кенг қамровли имкониятлар ҳам мавжуд. Беҳисоб шукрлар бўлсинки, бугун янги ­Ўзбекистонда нафақат таълим, балки ижтимоий турмушимизнинг ҳар бир жабҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, ўша соҳани ривожлантириш, юксалтириш учун улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ўтган ўттиз йиллик муддатда юртимизда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Мен буни ўзимнинг, атрофимдагиларнинг, дўсту биродарларимнинг турмуш тарзи мисолида чуқурроқ ҳис этаман.

Дарҳақиқат, бугун янги Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, буларнинг барчаси олдинги тузум қолдирган тугунларни ечишга, тараққиётимиз ғилдирагига тиқилган тўхтатгичларни олиб ташлашга хизмат қилмоқда.

Боболарим кутган, отам интиқ бўлган улуғ истиқлол менинг, фарзанду невараларимнинг насибаси экан, бугун уни кўз қорачиғимдек асрашга, ўқрайган кўзлардан, бевақт эсган шамоллардан ҳимоя қилишга қарздорман…

Бир ёқимли сабо эсмоқда. Ундан жисми жоним роҳатланмоқда. Бу она юртимнинг қутлуғ мустақиллиги шабадасидир…

Дилором ЙЎЛДОШЕВА

Бухоро давлат университети профессори