Энг муҳими, бу фаоллик одамларда миллий тараққиётга дахлдорлик, масъуллик туйғусини оширади. Тинч-тотув яшаш, фаровон турмуш, ишчанлик ва ташаббускорлик, ёшлар тарбияси билан мунтазам шуғулланиш кўпчилик учун ҳам маънавий, ҳам фуқаролик бурчига айланади. Бу бурч жамиятнинг илғор қатламини мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида янада ҳаракатчан бўлиш, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга даъват этади.

Мамлакатимиз кейинги ўн йилликда мисли кўрилмаган тараққиёт йўлига кирди. Бу йилларнинг ҳар бири, ҳар дақиқаси муттасил кураш, интилиш, изланиш, янада ёруғ келажакка қатъий ишонч руҳи билан ажралиб туради. Айни чоғда бугунги тинч-тотув, эркин ва фаровон ҳаётимизни асраб-авайлаш, Ватанимизнинг ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олиши учун ҳар бир киши ёши, касб-коридан қатъи назар, фидокорона меҳнат қилиши, билим ва тажрибасини ёшларга ўргатиши, улар тарбиясига янада эътиборли бўлиши зарур.

Йиллар занжири узлуксиз уланиб бораверади. Вақт чархи тинимсиз айланади. Бир қарашда ҳаммага бир хил имконият берилгандек. Аммо миллий тараққиёт йўлини аниқ белгилаган, бу йўлда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилаётган, огоҳликни қўлдан бермаган, ютуқларидан эсанкирамай, баланд марраларни кўзлаган халққина ўзининг буюк келажагини таъминлай олади. Бу жараёндаги қисқа фурсатли тўхталиш ҳам умумий шиддатни сусайтиради.

Ҳа, вақт шиддат билан ўтиб боради. Тарихга айланаётган йиллар истиқлол солномасида ўзининг салмоқли изини қолдиради. Аммо ҳаётда шундай йиллар, қисқа даврлар ҳам бўладики, улар моҳиятан йиллик ёки ойлик вақт, баҳо ўлчовига сиғмайди. Бугун халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзосига айланган Ўзбекистоннинг кейинги ўн йилдаги жасоратли ишлари, маънавий юксалиш, иқтисодий барқарорлик борасида қўлга киритаётган ютуқлари дунё эътиборини ўзига қаратаётгани боиси шунда.

Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб ички ва ташқи сиёсатда жиддий янгиланиш йўлига ўтди. Иқтисодиёт эркинлашди, тадбиркорликни давлат даражасида қўллаб-қувватлаш бошланди, валюта конвертациясига йўл очилди. Янада муҳими, халқ билан бевосита мулоқот қилиш, фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиш, ўринли таклиф ва ташаббусларни инобатга олиш Президентимиз сиёсатида ўз ифодасини топди. Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва билимини ошириш, коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши кураш бирламчи, кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланди. Ташқи сиёсатда, аввало, узоқ-яқин қўшнилар билан муносабатларимиз яхшиланди, музлар кўчди, гиналар унутилди. Хорижий инвесторларга йўл очилди, уларга ҳуқуқий кафолатлар берувчи қонунлар қабул қилинди. Бугун наинки биз, балки дунё ҳамжамияти ҳам мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг реал натижаларини яққол кўриб турибди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг ўзак йўналишига айланди. “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган тамойил Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бу йўналишга доир баъзи рақамларга эътибор берсак.

Шу ўн йилликда давлат бюджетидан таълим ҳамда тиббиёт соҳаcига ажратилган маблағ ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Бундан ўн йил аввал мактабгача таълим қамрови 27 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 76 фоизга етди. Олий таълим соҳасидаги қамров 9 фоиздан 42 фоизга ўсди. 180 мингга яқин оила арзон уй-жой билан таъминланди. Аҳоли учун йўналтирилаётган ипотека кредити миқдори тўрт баробар ошди. 2025 йили 302 минг оила камбағаллик ҳолатидан чиқди. Мамлакатимиз тез ва барқарор ривожланаётган давлатлар сафидан жой олди.

Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсати мамлакатимизнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланганини хорижий давлатлар етакчилари ва халқаро экспертлар расман эътироф этмоқда. Бунинг боиси шуки, Ўзбекистоннинг принципиал ташқи сиёсати халқаро муносабатларда юксак баҳоланди. Ўтган йили стратегик аҳамиятга эга бир неча ижтимоий-сиёсий воқеа юз бергани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини сезиларли даражада кўтарди.

Марказий Осиёдаги улкан ўзгаришлар, ягона мақсад йўлидаги реал қадамлар, мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар кенгаши фаолиятидаги етакчи ва ташаббускорлиги, давлатимиз раҳбарининг узоқ ва яқин давлатларга, жумладан, АҚШ ва Японияга расмий сафарлари натижаси фикримиз исботидир. Бу жараёнда Шавкат Мирзиёевнинг энг муҳим, ғоят чигал халқаро муаммоларни ҳам тинч, музокаралар йўли билан ҳал қилиш тўғрисидаги таклифлари эътиборга тушди.

Ўзбекистон айни пайтда АҚШ, Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ мамлакатлари диққат марказида турибди. Мамлакатимизга қизиқиш ғоят катта. Биз билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаётганлар кўп. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги беш йилда икки баробардан ошди. Франция, Германия, Бельгия ва Италия компанияларининг тўқимачилик, қайта тикланадиган энергия, логистика каби соҳаларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган мингдан зиёд Европа қўшма корхоналарининг умумий сармояси 40 миллиард еврога баҳоланмоқда.

Хитой Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётир. Ўзаро савдо жадал ўсишда давом этаётгани ва бу манфаатли ҳамкорлик ҳар икки томоннинг иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаётгани инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат.

Халқаро молиявий алоқалар билан боғлиқ ҳеч қачон ўзгармайдиган бир ҳақиқат бор: инвесторлар минг машаққат билан топган маблағини ишончсиз, қонунлари кучсиз, халқаро андозаларга мос келмайдиган, коррупция илдиз отган ҳудудларга киритмайди. Бу жиҳатдан кўнгли тўқ, бехавотир бўлгандагина ҳамкорликка имзо чекади. Бугун мамлакатимиз иқтисодиётига киритилаётган хорижий инвестициялар миқдори тобора ошиб бораётган экан, бу мулкдорларнинг Ўзбекистонга ишончи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.

2025 йил Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш йили бўлди. Вашингтонда ўтган Марказий Осиё — АҚШ саммити (C5+1) ва юқори даражадаги икки томонлама музокаралар бунга мустаҳкам асос яратди. Давлатимиз раҳбари ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида ўтган йили ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Давлат департаменти икки давлатнинг ўзаро муносабатлари тарихидаги стратегик жиҳатдан ғоят муҳим келишувлар тўпламини эълон қилди. Унда ўзаро савдо айланмаси сўнгги саккиз йилда тўрт баробар ошгани, Ўзбекистонда айни пайтда 300 дан ортиқ АҚШ компанияси фаолият юритаётгани қайд этилган.

2026 йил 22 январда Дональд Трамп Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилган Жаҳон иқтисодий форумида ўзининг ташаббуси билан тузилаётган Тинчлик кенгаши тақдимотини ўтказди. Ушбу кенгаш аъзолигига Ўзбекистоннинг таклиф этилиши ватанимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори янада ошаётганининг исботидир.

Давлатимиз раҳбарининг Покистон Ислом Республикасига расмий ташрифи чоғида имзоланган ўзаро ҳамкорликка доир муҳим ҳужжатлар, келишувлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик, биродарлик алоқалари узоқ тарихга бориб тақалишини намоён этди. Ўзбекистон раҳбари ва халқимизга эҳтиром, дунё ҳамжамиятида юртимизнинг бугунги баланд мавқеи, халқаро майдонда ишончли шерикка айланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Покистон раҳбарлари Ўзбекистоннинг минтақада тинчликни сақлаб қолиш, ҳар қандай низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасидаги қатъий позицияси, бу жараёнга қўшаётган салмоқли ҳиссасини такрор-такрор тилга олди. Давлатимиз раҳбарига “Дўстим, биродарим”, деб мурожаат қилинди.

Ўзбекистон фақат бугун эмас, авваллари ҳам халқаро майдонда айни шу позицияда фаоллик кўрсатган. 1966 йил 10 январь куни Тошкентда Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри ва Покистон Президенти Аюбхон имзолаган декларация икки мамлакат ўртасидаги низони тўхтатиш, томонларни муросага келтиришга асос бўлди. Шунингдек, Ҳиндистон ва Покистоннинг машҳур аёл раҳбарлари — Индира Ганди ҳамда Беназир Бхутто ҳам ўзаро тинчлик-тотувликка эришишни орзу қилган эди...

Кўз ўнгимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар фақат иқтисодиёт, халқаро муносабатлар билан чекланаётгани йўқ. Биз узоқ йиллар тарихимизни холис ва ҳаққоний ўргана олмадик, улуғ аждодларимиз қолдирган маънавий меросдан бебаҳра яшадик. Собиқ тузум мафкураси бунга йўл бермади. Бу мафкура бизни Амир Темурдек буюк саркарда ва давлат арбобидан, темурийзодалар маърифатидан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Қаффол Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Шайх Ҳованди Тоҳур каби алломалардан узоқлаштирди.

Бундай улуғ ва мўътабар зотларнинг мероси хорижий давлатларда мозийшунос олимлар томонидан қунт билан ўрганилаётган, илмий анжуманлар ўтказилаётган, асарлар ёзилаётган бир пайтда бизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кишиларнинг онгига даҳрий доҳийларнинг коммунизм ҳақидаги чўпчаклари сингдирилди. Халқимизнинг неча асрлик миллий қадриятлари оёқости қилинди, тилимиз ва динимиз таҳқирланди. Маъно-моҳиятига кўра юрт тинчлиги, Ватан равнақи, фаровонлик, миллатлараро тотувлик, эътиқод эркинлиги, бағрикенглик тушунчаларини ифодалайдиган истиқлол ғояси бундай ғайриахлоқий сиёсатга барҳам берди.

Бугун мамлакатимизга келиб, Тошкентдаги маҳобатли Ислом цивилизацияси марказини, Самарқандда Имом Бухорий ҳазратлари номида бунёд этилган фусункор мажмуани кўрган киши янги Ўзбекистонни, бу юрт одамларининг қалби, улуғ аждодларга чексиз эҳтироми, давлатимиз раҳбарининг бардавом халқчил сиёсати моҳиятини аниқ тасаввур этади.

Конституциямизда мамлакат фуқароларининг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳақ-ҳуқуққа эгалиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон юртимизда ўтказилаётган ва яқин келажак учун кўзда тутилаётган ислоҳотлар, энг аввало, оиласи ва фарзандлари, давлатимиз фаровонлиги ва тараққиёти учун амалга оширилаётганини аниқ-равшан англаб етиши ниҳоятда муҳим. Бунинг учун ҳар бир киши бугунги тезкор ва талабчан даврдан ортда қолмай, ўзининг ҳуқуқий маданияти ва хабардорлик даражасини, ислоҳотлар самараси учун ижтимоий масъуллик туйғусини янада ошириши, фуқаро сифатида фаол бўлиши, жамият ҳаётида, дунёда, ён-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, уларнинг маъно-моҳиятини тўғри англаши ва тўғри хулоса чиқариши лозим.

Ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлсагина ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқи ҳамда имкониятига эга бўлади. Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда, “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс” иборалари тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда миллий тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўяётганимиз, эришаётган залворли ютуқларимиз, улуғ ниятларимизнинг дунё даражасидаги эътирофидир. Чунки Ўзбекистон қисқа муддатда ташқи дунёга очиқ макон, ишончли ҳамкор, бағрикенг, саховатли, тинч-тотув диёр сифатида бўй кўрсатди. Халқаро ижтимоий-сиёсий муносабатларда фаоллашди. Ўзининг ишончли, дўстга садоқатли, тинчликсевар, инсонпарвар имижини яратди. Бу қутлуғ жараён бундан буён ҳам изчил давом этиши шубҳасиз.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист