Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион чет эл фуқароси саёҳат мақсадида келган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 миллион нафар ёки 46,8 фоиз ошган.
Касбимиз тақозоси туфайли семинар, конференция, тақдимот, кўргазма, ярмарка, премьера ва бошқа шу каби кўплаб тадбирларда иштирок этамиз. Баъзан қисқа муддатли тадбирлар ҳам одамни чарчатиб қўяди. Сабаби — ўта зерикарли! Мутасаддилар мақсадни аниқ қўймайди, айтиш ва кўрсатишга арзигулик нарсанинг ўзи йўқ. Тадбир номигагина ва ҳисобот учун ташкил этилган бўлади.
Сўнгги йилларда қатнашиш ва ёритишга арзигулик анжуманлар кўпайиб қолди. Масалан, Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини олайлик. Қайноқ ва кўтаринки руҳда давом этадиган йирик халқаро тадбир барчани бирдек ўзига ром қилади. Биз каби мухбирлар чет эллик меҳмон ва мутахассисларни саволга тутишга ишқибоз. Боиси, улар саволларга ранг-баранг ва ўзига хос жавоб беради. Бу фикр-мулоҳаза ҳамда тааассуротлар ҳар қандай мақолага жон киргизади. 2024 йилда бўлиб ўтган фестиваль иштирокчилари билдирган айрим эътирофларни ўқисангиз, ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.
— Ушбу мусиқа байрами нафақат турли халқлар маданияти, санъати, балки латиф ва бетакрор, муқаддас ва барҳаёт Шарқ дурдонаси — Самарқанд тарихи билан яқиндан танишиш имкони ҳамдир, — дейди Токио санъат университети илмий ходими Ясуда Мамико. — “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали аллақачон “Жаҳон халқлари тароналари” кўригига айланиб улгурди. Санъат байрамида янграган асарларнинг аксарияти мусиқа дурдонаси даражасига кўтарилди.
— Ўзбек диёри билан масофамиз олис, аммо кўнглимиз яқин, — дейди АҚШдан келган мусиқашунос олим Жон Мак Коллум. — Бу яқинликни “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали янада мустаҳкамламоқда. Унинг доирасида ўтказилган халқаро
илмий-амалий конференцияда маърузам билан иштирок этдим. Сўнг қўшиқ куйлаб бердим. Тадбир иштирокчилари мени таржимонсиз ҳам тушунди — санъат ва маданият мана шундай кучга эга.
Бу каби самимий эътироф ва дил сўзлари нафақат маҳаллий, балки хорижий матбуот орқали ҳам кенг ёритилади. Натижада қанчалаб мусиқа шайдолари нуфузли фестивалнинг бўлажак тадбирларида иштирок этишни кўнглига тугади, мамлакатимизга қизиқади, тарихимиз ва бугунимиз ҳақида маълумотларга ошно бўлади. Маданият ва тарих шу зайилда туризм соҳасига таъсир кўрсатади.
Бугун юртимизда “Шарқ тароналари”дан ташқари “Лазги”, “Мақом”, “Аския”, “Бахшичилик” санъати, “Дунё садолари” эстрада, “Бойсун баҳори” фольклор фестиваллари, “Ипак ва зираворлар”, “Атлас” байрамлари, Бутунжаҳон ҳунармандчилик кўриклари сингари нуфузли анжуманлар, маданият кунлари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бошқа муҳим тадбирларни ўтказиш тизимли йўлга қўйилган. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинч-тотувлик, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган эзгу даъвати сифатида дунё ҳамжамияти эътиборини тортмоқда.
“Ипак йўли” музейига “Самарқанд мероси йўлаги” орқали борамиз
XXI аср сайёҳларини осмонўпар бинолар ёки жилвакор қора ойна қопланган баҳайбат иншоотлар билан ҳайратлантириб бўлмай қолди. Бугун томошасевар ва саёҳатсевар одамга миллийлик, ўзига хослик керак. Шу маънода, иқтисодиётимизнинг асосий бўғинларидан бирига айланиб улгурган туризм соҳасидаги имкониятларни ишга солган ҳолда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самараси эътирофга молик. Юртимиз довруғини ёйишда замонавий ва миллий бунёдкорлик ишлари, сайёҳлик манзилларини кўпайтириш каби жиҳатлар мавжуд. Бугун ушбу йўналиш янги ривожланиш босқичига ўтмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро маданият маконидаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб олди. 2025 йилда Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилди. Тадбир якунларига кўра, Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш, таълим ва креатив иқтисодиёт бўйича ташаббусларини амалиётга жорий этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Мамлакатимизнинг Японияда бўлиб ўтган ЭКСПО-2025 бутунжаҳон кўргазмасида ташкил этилган “Билимлар боғи” павильонига 1 миллионга яқин одам келгани халқаро ОАВда кенг ёритилди.
15 январь куни Президентимиз ҳузурида халқаро маданий тадбирлар натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот ўтказилди. Маълум қилинганидек, 2025 йилда туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард долларга етди. Визасиз тартиб жорий этилган давлатлар сони 94 тага кўпайди. Шу билан бирга, туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, туризм маҳсулотларини яратиш ва ривожлантириш бўйича ягона механизмни жорий этиш ҳамда йирик тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тақдимотда соҳа фаолиятини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ва хусусий ахборот тизимларини уйғунлаштириб, Миллий туризм платформасини ишга тушириш, туристлар ва тадбиркорлар учун проактив рақамли хизматларни жорий этиш, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ҳамда туристлар оқимини таҳлил қилиш вазифалари белгилаб берилди. Рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва сайёҳлик йиғимидан йиллик тушумларни ошириш режалаштирилгани қайд этилди.
Шунингдек, йирик маданият ва туризм объектлари лойиҳалари кўриб чиқилди. Хусусан, Самарқандда “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси иш бошламоқда. Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасини 6,6 километрли ягона сайёҳлик йўналиши ўзаро боғлайди.
Самарқандда янги “Ипак йўли” музейини қуриш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Умумий майдони 19,5 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли замонавий бино қурилиб, унда инклюзив муҳит, кўргазма заллари, экспонатларни сақлаш фондлари, шунингдек, таълим олишга мўлжалланган ҳудудларни барпо этиш кўзда тутилган.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш режалаштирилмоқда. Янги музей биноси, иммерсив кўргазма заллари, ташриф буюрувчилар учун марказ барпо этилади. Пиёдалар йўлаклари ободонлаштирилиб, археологик объектлар ягона музей муҳитига уйғунлаштирилади.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳрининг бош режаси тақдим этилди. Унда қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, чакана савдо ва тижорат объектлари ҳамда юқори тоифали меҳмонхонани қамраб оладиган кўп функцияли мажмуа сифатида тарихий-этнографик боғ барпо этиш назарда тутилган.
— Президентимиз маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан ўзаро боғлаган ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади, — дейди Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов. — Биз ўтказган тақдимотнинг асосий мазмуни эса келгусида туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказишдан иборат. Соддароқ айтганда, бунда бирор объект танланиб, ривожлантириш режаси ишлаб чиқилади. Давлат бюджетидан туризмни ривожлантириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан инфратузилма шакллантирилади. Шу асосда тадбиркорларни давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилган ҳолда сайёҳларни объектнинг эшигигача олиб келиш механизми тарғиботи учун мутахассислар тайёрлашга кўмаклашилади. Бу маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш имконини ҳам беради. Якунда барча хизматлар рақамлаштириш тизимига боғланган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларимиз хусусий шерикка ўтади ва давлат ўз улуши билан бошқарув лойиҳаларига маблағларни йўналтиришни режалаштиради. Мазкур таклифларнинг барчасини давлатимиз раҳбари маъқуллади ва тегишли кўрсатмаларини берди.
Юртимизда сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, инфратузилмани такомиллаштириш ва замонавий туризм объектларини барпо этиш ишлари туфайли туристлар учун қулайлик ва хизматлар кўлами кенгаймоқда. Бу эса Ўзбекистонни халқаро туризм харитасида янада машҳур ва жозибадор мамлакатга айлантиришга хизмат қилади.
Тақдимотда келгуси режалар ва мавжуд ҳолатлар таҳлили кўриб чиқилди. Масалан, Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши режалаштирилган ЭКСПО-2030 кўргазмасида иштирок этишга тайёргарлик ишларига катта эътибор қаратилиб, майдони 3,6 минг квадрат метрли павильон қурилиши режалаштирилган.
Бухорода ўтказилган биринчи Замонавий санъат биенналеси 70 кун давом этди. Тадбир 3,5 гектар майдонни ва реставрация қилинган 14 та маданий мерос объектини қамраб олди. Биенналеда 40 дан ортиқ давлатдан 70 ижодкор ва куратор қатнашди. Тадбир иштирокчилари сони қарийб 1,8 миллионни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг 2021 йилдан буён Венеция биенналесида мунтазам иштирок этаётгани италиялик сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
— Яқин кунларда Ягона туризм миллий платформасини ишга туширишни режалаштирганмиз, — дейди Абдулазиз Оққулов. — Унинг доирасида 16 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари битта майдонда жамланади. Бу келгусида сайёҳлик йўналишларини шакллантириш ва давлат миқёсида таҳлиллар ўтказиш, сайёҳларнинг юртимизда бўлиш кунларини кўпайтириш, тўлов қобилиятини ошириб бориш имконини беради.
Жаҳон туризм бозорида оммавий туризмдан воз кечилиб, индивидуал туризмга катта эътибор қаратилмоқда, яъни сайёҳларнинг алоҳида қизиқишларидан келиб чиқиб, инновацион туризм йўналишларини ишлаб чиқиш кенг тус олмоқда. Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган туризм ташкилотлари ушбу жараёнга кўпроқ эътибор қаратаётгани сабаби ҳам шунда.
Халқаро туризм ривожи ички туризмга эътибордан бошланади
Мамлакатимизда туризм соҳасида замонавий йўналиш ва турларни йўлга қўйиш хорижий сайёҳлар оқими ортиши, ички ва халқаро туризм ривожланиши ҳамда ташриф географияси кенгайишига олиб келади.
Сайёҳлик деганда фақат ташқаридан келиб-кетувчилар эмас, балки юртдошларимизнинг ҳам мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши тушунилади. Яъни ички туризмни ривожлантириш орқали хорижий туристларни кўпроқ жалб қилиш мумкин. Шу мақсадда юртимизда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури йўлга қўйилган. Унинг доирасида республика бўйлаб корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда маҳаллалардаги аҳоли саёҳат қилади.
Туризм жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан. Бу хорижга экспорт қилмай, валюта олиб кириш имконияти, кам маблағ билан кўп иш ўрни очадиган, аҳоли даромади ва ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган соҳа. Юртимизда тарихий, маданий ва хушманзара жойлар жуда кўплиги эса бу имкониятларни каррасига оширади.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қайд этганидек, ўтган йилларда эришган улкан ютуқларимиз энди “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидаги мақсад ва вазифаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Зеро, соҳаларда кузатилаётган юксалишлар энди олдимизда турган янги босқичдаги устувор йўналишлар ва амалиётни янада такомиллаштириш заруратини пайдо қилмоқда.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири