Инсоният узоқ йиллардан буён коинот сирларини тадқиқ этишга интилиб келади. Юлдузлар, сайёралар, астероидлар ва шунга ўхшаш само жисмларидан иборат улкан майдон ҳамиша одамларни ҳайратга солган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтида
сайёралар, кометалар, юлдузлар, галактикалар каби осмон жисмларини ўрганиш
билан бирга халқ хўжалигининг кўплаб тармоқлари учун амалий тадқиқотлар ҳам
ўтказилади. Аҳолини аниқ вақтдан хабардор қилиш, географик координаталарни
аниқлаш ва ўзгаришини текшириш, Ернинг сунъий йўлдошларини кузатиш ва ҳатто
гравиметрик кузатувлар асосида қазилма бойликларни топиш шулар жумласидан.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Астрономия институти
раҳбари Шуҳрат Эгамбердиев билан суҳбатимиз мамлакатимизда биринчи космонавтнинг
учирилиши, космик тадқиқотлар ўтказиш жараёнидаги янгиликлар ҳамда астрономия соҳасига
оид бошқа масалалар хусусида бўлди.
— Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги
Мурожаатномасида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош
ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича
саъй-ҳаракатлар бошлангани маълум қилинди. Бу ишларда сиз раҳбарлик қилаётган илмий
институтнинг ҳиссаси қандай бўлади?
— Жаҳон космос агентликлари, НАСА ва Роскосмос космос
технологияларини ривожлантириш, алоқа ва Ерни кузатиш учун сунъий йўлдошларни учириш
ҳамда халқаро космик станцияга фазогирларни юбориш вазифаларини бажаради. “Ўзбеккосмос”
агентлиги космик фаолиятни ривожлантириш, космик тадқиқотлар ва замонавий космик
технологияларни жорий этиш бўйича ваколатли давлат органидир. Космик тадқиқотлар,
сунъий йўлдош технологиялари, ерни масофадан зондлаш, космик мониторинг ҳамда геоахборот
технологияларини ривожлантириш агентлик фаолиятининг асосий йўналишларидан. Бу борада
агентлик томонидан сезиларли ишлар бажариляпти. Навбатдаги вазифа — ўзбекистонлик
фазогирнинг космосга учирилиши, космосда бажариб келадиган тажрибаларнинг илмий
аҳамиятидан қатъи назар, юртимиз нуфузининг халқаро миқёсда кескин ошишига ҳисса
қўшиши шубҳасиз. Сунъий йўлдошга келсак, биринчи навбатда, мамлакат иқтисодиёти
тармоқларини ривожлантириш ва янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши керак. Алоқа,
қишлоқ хўжалиги, жумладан, пахта ва буғдой етиштириш жараёни, муҳим иншоотларнинг
ҳолатини мониторинг қилиб бориш каби йўналишларда қўл келади.
Астрономия институтининг Космик геодезия ва геодинамика лабораторияси олимлари
географик координаталар ўзгариши, Ернинг нотекис айланиши ва унга таъсир этувчи
омиллар (зилзила, қуруқлик гидрологияси, Ой ва Қуёшнинг гравитацион таъсири, Ернинг
ички динамикаси, музликлар мониторинги ва ҳоказо)ни очиқ маълумот базаларидан олинган
космотасвирлар таҳлилига асосланган усуллар ёрдамида ўрганади.
Миллий сунъий йўлдошни учириш бизга мустақил ва мунтазам маълумот оқимини беради.
Бу деформация ва хавфли зоналарни тез-тез кузатиш (қайта-қайта ўлчаш), маълумотлар
ташқи манбаларига камроқ боғлиқ бўлиш ва энг муҳими, ўз мутахассисларимизни тайёрлаш
орқали илмий тадқиқот салоҳиятини ошириш имконини яратади.
Кўпинча биз — астрономлардан “Фаолиятингизнинг бугун нечоғлиқ
фойдаси ёки аҳамияти бор?” деб сўрашади. Автомобилда юрганимизда навигатордан фойдаланамиз.
“Навигатор биз қайси кўчадан кетаётганимизни, қайси чорраҳани кесиб ўтаётганимизни
қаердан билади?” деган саволлар билан ҳам юзма-юз келамиз. Кўпчилик “Бу маълумот
компьютерга киритилган!” деб жавоб беради. Тўғри, биз кетаётган шаҳарнинг харитаси
компьютер (уяли телефонимиз у билан боғлана олади) хотирасида бўлади. Лекин бизнинг
жойимизни билиш учун сайёрамиз атрофида учиб юрган сунъий йўлдошнинг орбиталари
бир неча сантиметр аниқликда ўлчанган бўлиши керак. Бунинг учун GPS, ГЛОНАСС каби космик навигация тизимларининг Ер юзасидаги таянч станциялари
бўлиши лозим. Ўзбекистон ҳудудида ана шундай таянч станциялар Астрономия институтининг
Тошкент ва Китоб шаҳридаги масканларида ўрнатилган ва институт ходимлари томонидан
узлуксиз ишлатилади. Борди-ю, улар ишламай қолса, такси хизмати сизни аниқ манзилингизга
етказолмай қолади.
— Яқинда оммавий ахборот воситаларида Астрономия институти
олимлари НАСА мукофоти билан тақдирлангани ҳақида хабарлар кенг тарқалди. Шу
ҳақда батафсил маълумот берсангиз.
— Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти олимлари — Отабек
Бурҳонов ва Камолиддин Эргашев НАСАнинг “Group Achievement Award” мукофоти
билан тақдирлангани ҳақида хушхабар олдик. Бу мукофот бирор муҳим космик
лойиҳа халқаро астрономлар гуруҳи томонидан муваффақиятли амалга оширилгандан
сўнг жамоа аъзоларига берилади ва у муваффақиятга ҳисса қўшган астрономлар
фаолиятининг юксак эътирофидир.
Энди бу лойиҳанинг тафсилотлари ҳақида тўхталсак. Ҳозир Қуёш тизимида 40
мингга яқин астероид (ўлчами бир неча километрдан бир неча метргача бўлган тош
жисмлар) сайёрамизга яқин орбиталарда ҳаракатланади ва Ерга яқинлашувчи
астероидлар гуруҳини ташкил этади. Улар орасида 2500 дан ортиғининг тўқнашиш
эҳтимоли катта ва улар потенциал хавфли астероидлар сифатида таснифланади.
Тўқнашув содир бўлганда астероидларнинг таъсири регионал талафотдан глобал
фалокатгача олиб келиши мумкинлиги туфайли уларни мониторинг қилиш ва хавф
туғилганда одамларни кўчириш каби чораларни кўриш долзарб аҳамиятга эга. Шу
сабабли ҳам дунё бўйлаб бир қанча мамлакатлар ва марказларда муайян ташкилот
ҳамда махсус тадқиқот гуруҳлари ташкил этилган.
Бу жабҳадаги фаолиятда Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA)нинг
Ҳаябуса миссиялари ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Ушбу миссиялар Ерга яқин
астероидларга космик аппаратлар учириш ва астероид моддасидан намуна олиб
келиш каби мураккаб илмий технологик лойиҳадир. Мазкур миссияларнинг ердаги
телескоплар орқали оптик кузатиш билан боғлиқ тадқиқотларида Ўзбекистон
Астрономия институтининг илмий жамоаси Майданак баланд тоғ обсерваторияси
телескоплари ёрдамида қатнашган, жамоанинг космик миссиядаги фаолияти Япония
аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги томонидан алоҳида эътироф этилган ва икки
марта махсус ташаккурнома берилган. Бундан ташқари, Қуёш тизимида кашф этилган
астероидлардан бирига япониялик астроном ҳамкорлар таклифи билан Гарварддаги
кичик сайёралар маркази томонидан “Майданак” номининг берилиши ҳам бу
эътирофнинг алоҳида тасдиғидир.
Сўнгги йилларда жаҳондаги етакчи космик агентликлари ердаги глобал ҳаётга
хавф солувчи астероидларнинг Ер билан тўқнашишини узил-кесил ҳал қилишнинг энг
самарали йўли сифатида хавфли объектларнинг орбитаси ва тўқнашиш
траекториясини ўзгартириш устида изланишлар олиб бормоқда. Бугун хавфли
астероидлар орбитасини ўзгартириш ёки уларни портлатиб сочиб юбориш билан
боғлиқ қатор таклифлар ишлаб чиқилган бўлса-да, технологик жиҳатдан бу жуда
мураккаб масала. Шундай йўналишдаги тадбирлардан бири зарба бериш орқали
астероиднинг орбитасини ўзгартиришдир. Сайёравий мудофаа мақсадларида
астероидга зарба бериш тажрибаси илк марта 2022 йил сентябрда ўтказилди. Бунда
НАСАнинг DART космик кемаси Дидимос номли астероиднинг Диморфос деб аталадиган
йўлдоши билан тўқнаштирилди. Тажрибадан мақсад зарба бериш усули орқали астероид
орбитасининг ўзгаришини аниқлаш ва келажакда бундай тажрибани бошқа
астероидлар хавфини бартараф этишда қўллаш эди. Космик кема астероиднинг ўзи
билан эмас, балки унинг йўлдоши билан тўқнаштирилишидан мақсад эса астероид
йўлдошнинг кичик орбитасидаги ўзгаришларни ердан туриб аниқлаш осонлигидир.
Бундан ташқари, зарба таъсири қандай бўлиши олдиндан номаълумлиги сабабли буни
тўғридан тўғри хавфли астероиднинг ўзида қўллаш номақбул бўлар ва бу ҳатто
тескари эффект бериши ҳам мумкин эди.
2022 йил 26 сентябрда DART космик кемаси Диморфос
билан тўқнаштирилди. Натижада унинг орбитал даври 33 дақиқага қисқарди.
Тўқнашувдан олдин Диморфоснинг Дидимос атрофидаги айланиш даври 11 соат 55
дақиқага тенг эди. Бу фазо эксперименти сайёравий мудофаа мақсадларида астероидларга
зарба бериш усулининг самарадорлигини исботлади. Тўқнашув натижаларини қайд
этиш ва ўзгаришларни аниқлаш учун бутун дунёдаги обсерваториялар бирлашган
ҳолда катта кузатув компаниясини ташкил қилди. Кузатув компаниясида Ўзбекистон
Фанлар академияси Астрономия институтининг илмий жамоаси Майданак
обсерваторияси телескоплари билан иштирок этди ва салмоқли кузатув
маълумотларини тақдим қилди.
Бу инсоният тарихида биринчи марта сунъий равишда астероид орбитасини
ўзгартириш мумкинлигининг исботи бўлди. Илк тажриба муваффақиятли якунланди.
— Бугун ўзбек астрономиясидаги энг муҳим янгиликлар ҳақида
тўхталсангиз. Уларнинг дунё илм-фанидаги аҳамияти қай даражада?
— Астрономия институтининг барча астрономик кузатувлари Майданак
обсерваториясида бажарилади. Қашқадарё вилояти Қамаши туманида — денгиз
сатҳидан 2700 метр баландликда жойлашган Майданак осмон жисмларини кузатиш
шароити бўйича жаҳондаги нуфузли обсерваториялардан. Улкан Евроосиё минтақаси
жойлашган Ер шарининг шарқий яримшарида астроиқлими бўйича унга тенг келадиган
жой йўқ!
Шунинг учун Майданак обсерваторияси кўплаб нуфузли
халқаро астрономик кузатувларни талаб этадиган дастурлар аъзосидир. Бунинг яна
бир сабаби у жуда қулай географик ҳудудда жойлашганидадир. Масалан, биз
Майданакда бирор-бир осмон жисмини кузатаётганимизда, Ернинг қарама-қарши
томонида — Америка қитъасида кундуз, Хитойда тонг ота бошлаган, Европада эса
ҳали кеч кирмаган бўлади. Шунинг учун бу расадхона энг қулай жой. Яъни Майданак
тунида кузатув олиб борилганда Ер шарининг бошқа ҳудудларида бунинг имкони
бўлмайди. Шунинг учун халқаро дастурларда Майданакнинг бўлиши муҳим аҳамият
касб этади.
Сўнгги йилларда олимларимиз бир нечта катта кашфиётларга қўл урди. Булар
орасида “Самарқанд” ва “Майданак” кичик сайёра астероидларининг очилиши, Катта
айиқ юлдуз туркумида ўта янги юлдуз чақнашининг кашф этилиши, коинотда гамма
нурларда чақнаган ва космик аппаратларда қайд этилган юзлаб жараённинг оптикада
Майданакдан туриб аниқ кузатилиши эътиборга молик. Осмоннинг Тошкент ва Китоб
обсерваторияларида олинган фототасвирларини рақамлаштириш натижасида 13,5
миллион юлдуздан иборат каталог эълон қилинди.
Қадимда, ҳатто астрономия гуркираб ривожланган ўрта асрларда ҳам коинот
деганда қуёш ва сайёралар тушунилар эди. Ҳозир биз осмоннинг бу қисмини Қуёш
тизими деймиз. Қуёш тизимида ёруғлик секундига 300 минг километр тезликда
ҳаракат қилиб, бир чеккасидан иккинчисига юз йилда етиб боради. Замонавий телескоплар
ёрдамида астрономлар бир неча миллиард ёруғлик йили масофасида жойлашган
объектларни кузатишга қодир. Майданак обсерваториясининг ўта шаффоф ва сокин
атмосфера шароитида биз ҳам ўта олис осмон жисмларини кузатиш имконига эгамиз.
Жумладан, коинотнинг энг олис объектлари — квазарлар. Улар энди шаклланган ёш
галактикаларнинг ядросидир. Бу объектларни астрономлар тилида “ёш, энди
шаклланган” объектлар дейиш бир қараганда ноўрин туюлиши мумкин. Чунки
уларнинг нурланиши биз томон бир неча миллиард йил аввал йўл олган, яъни биз
квазарларни бир неча миллиард йил аввалги ҳолатини кўриб турибмиз! Бундай ақл
бовар қилмас масофалардаги объектларнинг кўпини кузатиб бўлмайди. Тасвирда
квазар оддий юлдузга ўхшаб кўринади (айнан шунинг учун астрономлар уларни “квазар”
яъни “юлдузсимон“ деб номлаган). Баъзи ҳолларда квазар билан бизнинг орамизга
биронта галактика тушиб қолса, у линза сингари квазар нурланишини кучайтириб
беради. Одатда йўлдаги галактика квазар тасвирини кучайтириб, бир нечта
ёрқинроқ нуқтага айлантиради. Бу ҳодиса гравитацион линзалаш дейилади. Яқинда
астрономлар ғайриоддий гравитацион линзани кашф этди. У J1721+8842 номи билан
қайд этилди. Лекин у бир эмас, икки гуруҳ нуқталардан иборат эди. Бу ҳодиса
сири Майданакда олинган юқори сифатли тасвирларни таҳлил қилиш жараёнида
аниқланди. Маълум бўлишича, J1721+8842 квазарнинг йўлида бир эмас, иккита
галактика тўғри келиб қолган экан. Бу астрономияда илк бор кузатилган ҳолат.
— Март — астрономик ҳодисаларга бой ой. Бу ойда баҳорги
тенг кунлик рўй беради. Қолаверса, буюк астроном Мирзо Улуғбекнинг таваллуд
куни ҳам айнан 22 март кунига тўғри келишида ҳам рамзий маъно бордек...
— Кўплаб қадимги маданиятларда баҳорги тенгкунлик —
Наврўз табиий равишда янги баҳор бошланиши сифатида қабул қилинган. Шу вақтдан бошлаб
қуёш осмонда тобора баланд кўтарила бошлайди, кунлар тез узаяди ва табиат қишки
сокинликдан уйғонади. Шунинг учун ҳам тенгкунлик қишлоқ хўжалиги ишларининг
бошланиши билан чамбарчас боғлиқ ва у экиш мавсумини бошлаш учун қулай ва аниқ
вақт белгиси бўлиб хизмат қилган. Аграр жамиятларда қуёш ҳаракатини кузатиш
орқали тақвим табиат ритми билан мувофиқлаштирилган. Шу тариқа тупроқни экинга
тайёрлаш ва уруғ экиш ишларини ўз вақтида бошлаш мумкин бўлган. Бу эса келгуси
ҳосил ва жамоа фаровонлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Шунинг учун
Наврўз қадимдан энг муҳим байрамлардан бири сифатида кенг нишонланган.
Мирзо Улуғбек 1394 йили Наврўзнинг биринчи куни — 22 мартда туғилган. У XV
асрнинг буюк олими ва давлат арбоби, астроном, математик ва доно ҳукмдор
сифатларини уйғунлаштирган шахс эди. Марказий Осиёнинг буюк мусулмон олимлари
анъанасини давом эттириб, Самарқандда ўша даврнинг энг йирик
обсерваторияларидан бирини барпо этган ва у ерда машҳур юлдузлар жадвали ва
“Зижи Кўрагоний”ни тузган. Астрономия соҳасидаги ишлари, хусусан, юлдузлар ва
сайёраларнинг аниқ координатларини ўлчаши жаҳон астрономия фани тараққиётига
катта таъсир кўрсатган. Унинг мероси Ислом цивилизацияси маркази
экспозицияларида кенг аксини топган.
Шу ўринда Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш
керак. Бугун дунёда исломга нисбатан асоссиз ва адолатсиз танқидлар кучайиб
бораётган бир пайтда унинг ҳақиқий инсонпарвар ва гуманистик қадриятлари,
тинчлик, меҳр-шафқат ва билим излашга ундовчи моҳиятини янада кенг тарғиб этиш
жуда муҳим. Чунки ислом инсоният цивилизацияси тараққиётида турли даврларда
муҳим ва прогрессив ўрин тутган. Илк мусулмон жамиятида илм-фан, таълим, адолат
ва инсон қадр-қимматига алоҳида эътибор берилган. Ана шу маданий муҳитда аниқ
фанлар, астрономия, тиббиёт ва фалсафа жадал ривожланган. Шу маънода, исломнинг
замонавий дунёдаги ўрнини чуқурроқ ва адолатлироқ тушунишда Президентимиз
ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказининг аҳамиятини
алоҳида таъкидлаш зарур.
Марказнинг Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз байрами арафасида очилгани чуқур
рамзий маънога эга. Бу йирик илмий-маърифий мажмуа Марказий Осиё тарихига
боғлиқ бой ислом маданияти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда оммалаштиришга
қаратилган. Экспозиция ва илмий дастурларда Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий,
Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби буюк боболаримизнинг фаолиятига
алоҳида эътибор қаратилган. Уларнинг тадқиқотлари, жаҳон цивилизацияси ривожига
қўшган ҳиссаси кенг ёритилган.
— Инсоният коинот сирларини чуқурроқ англаб борар экан,
ўзига ўзи доим “Биз коинотда ёлғизмизми?” деган саволни берган. Лекин бу
саволга ҳали-ҳануз жавоб топилгани йўқ, шундай эмасми?
— Қуёш системасидаги сайёраларни космик аппаратлар ёрдамида ўрганиш
натижалари ҳам бу саволга жўяли жавобни тақдим эта олмади. Марсда ҳаёт изи
топилмади, Венера ва Меркурий юзаси эса ҳаёт мавжуд бўлиши учун жуда ҳам
иссиқлик қилади. Юпитер каби гигант сайёраларда кимёвий таркибига кўра ҳаёт
бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун биз Қуёш системасида яккаю ягонамиз дейишимиз
мумкин.
Астрономлар Қуёшнинг коинотда ноёб юлдуз эмаслиги,
унга ўхшаш юлдузлар сон-саноқсиз эканини аллақачон аниқлаган. Шундай экан, бу
юлдузлар атрофида ҳам Ерга ўхшаш сайёралар ҳаракатланиши, уларда онгли ҳаёт
ривожланиши учун биздагидек шарт-шароит бўлиши мумкин. Бошқа юлдузлар атрофида
ҳаракатланувчи бундай сайёраларга экзосайёралар дейилади. Яъни оддий қилиб
айтганда, экзосайёра Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёра дегани.
Биринчи экзосайёрани 1995 йили Женева обсерваторияси астрономлари Мишель
Майор ва Дидье Квелоц кашф этган. Бу кашфиёти учун улар 2019 йили Нобель
мукофоти билан тақдирланди. Ҳозир бундай сайёралар такомиллаштирилган усуллар
ёрдамида топиляпти. НАСА ахборотига кўра, 2025 йил декабрга келиб, галактикамиз
— Сомон йўли атрофида 7500 экзосайёра мавжудлиги тасдиқланди. Улар сафига
қўшилиш учун номзодлар сони эса бундан анча кўп, тахминан 15 мингта.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, Сомон йўли галактикасидаги
экзосайёраларнинг умумий сони камида 100 миллиард экани тахмин қилинмоқда.
Уларнинг 5 дан 20 миллиардгачаси Ерга ўхшаш, шунингдек, галактикамизда яшаш
учун яроқли бўлган экзосайёраларнинг умумий сони 300 миллионга яқин бўлиши
мумкин.
Шундай экан, бошқа юлдузлар атрофидаги сайёраларда ҳам онгли мавжудотлар
яшаш эҳтимоли бор. Бизга энг яқин юлдуз 4,24 ёруғлик йили масофасида жойлашган.
Демак, ҳозирги техника ёрдамида экзосайёраларга парвоз қилишнинг ҳеч ҳам иложи
йўқ!
Энди номаълум учар объектлар ҳақида ҳам икки оғиз
тўхталиб ўтмоқчиман. Номаълум учар объектлар кузатилгани аксарият ҳолларда
атмосферамиздаги ҳодисалар, ҳарбий амалиётлар ва космик аппаратларнинг техник
носозликлари, метеорологик зондларнинг учирилиши билан изоҳланади. Аммо Ердан
ташқарида ҳам ҳаёт мавжудлигини тўлиқ истисно қилиш керак эмас. Шу билан бирга,
Ерга келган ўзга сайёрадаги ақлли ҳаётнинг тўғридан тўғри далиллари ҳозирча
йўқ. Шу боис, уларнинг ақлли ҳаёт кўриниши сифатида мавжудлиги эҳтимоли ҳозирча
гипотетик, аммо илмий жиҳатдан асосли ва кейинги тадқиқотлар учун қизиқарли.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.