Бугун мамлакатимизда рўёбга чиқаётган амалий-прагматик ислоҳотлар “Инсон қадри учун” тамойилига асослангани натижасида нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам “Янги Ўзбекистон” ибораси такрор-такрор тилга олинмоқда. Бундай ўзига хос эътироф кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимиз, 2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига асосланиб, пухта ўйланган давлат сиёсати олиб борилгани билан чамбарчас боғлиқ.

Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга барпо этишдек буюк ғоя бизни илғор ниятлар, улуғ мақсадлар, улкан марралар йўлидан адашмасликка ундамоқда, танлаган йўлимиз тўғрилигига инонтирмоқда. Бугун жамиятимиздаги қайси соҳани олмайлик, қайси жабҳага назар солмайлик, илгари сурилаётган халқ ташаббуси албатта қўллаб-қувватланмоқда, инвестиция киритилмоқда, бир сўз билан айтганда, халқнинг розилиги йўлида тинимсиз ҳаракат қилинаётир.

Президентимиз ҳар бир нутқида янги фикр ва ғоялар, тараққиётимизни белгилайдиган устувор йўналишларни таклиф этаркан, Ўзбекистонни янги босқичга олиб чиқиш омиллари, шу билан бирга, ривожланишимизга ғов бўлаётган ҳолатлар, мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ностандарт ечимларини аниқ, равон, халқчил услубда тушунтириб беради. Ҳар бир давлатнинг ривожлантирувчи кучи унинг таълим тизимидир. Таълимтарбия масаласи жамиятни юргизувчи қон томири сингари ўта муҳим.

Қачон таълим тўғрисида гапирсак, албатта, тарбияни ҳам қўшиб айтамиз. Сабаби, таълим ва тарбия ягона, узвий жараён. Таълим бор жойда, албатта, тарбия ҳам бўлиши зарур. Бугун биз миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари деган ғоя атрофида бирлашиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан маррани мақсад қилганмиз.

Давлатимиз раҳбари 2020 йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”, дея қайд этди.

2022 йилда ривожланишнинг ўзига хос дастури — 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Мазкур муҳим дастур 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, унинг тўртинчи устувор йўналиши бўлмиш “адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш”да белгиланган мақсадларда таълим тизимининг барча бўғинини жадал ривожлантиришга доир масалалар белгилаб қўйилди.

Бугун Ўзбекистонда бола туғилганидан то 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда. Дунё тажрибасидан маълумки, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради. Янги Ўзбекистон шароитида миллий таълим тизимида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу ўзгаришларни қатор мисолларда кўриш мумкин.

Биринчидан, мактабгача таълим тизими тубдан ўзгарди. Алоҳида вазирлик ташкил қилинди. Бунинг натижасида соҳада янгича руҳ пайдо бўлди. Фарзандларимизнинг мактабгача таълимга қамрови сезиларли ошди. 2021 йил якуни билан мактабгача таълим қамрови 65 фоизни ташкил этди. 2023 йил охиригача эса 75 фоизга етказилиши, қўшимча 2 мингта нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши кутилмоқда.

Иккинчидан, мактаб таълимини тубдан яхшилаш масаласи доимий равишда давлатимиз раҳбарининг диққат марказида турибди. Соҳадаги жадал ўзгаришларни 2021 йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилгани тасдиқлайди. Бу жараёнда мактаблардаги таълим сифатини тубдан яхшилаш учун ўқув дастурлари, ўқитувчилар учун услубий қўлланмалар илғор халқаро мезонларга мослаштирилмоқда.

Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселекторларда таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун болаларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарурлиги таъкидланяпти. Бу борада бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган Миллий ўқув дастурини жорий этиш, умумтаълим муассасаларидаги ўқитиш сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам баробар — юқори бўлишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Соҳадаги катта ўзгаришлардан яна бири шуки, бошқа тумандаги олис мактабга бориб дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишлаётганларникига 100 фоиз устама ҳақ тўланаётир. 2021 йили 10 та Президент мактаби, кимёбиология, математика, ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 197 та мактаб фаолият бошлади. Рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида замонавий “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди.

Мазкур олийгоҳга хорижлик етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериш йўлга қўйилди. Учинчидан, олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичи Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгилаб берилди.

Мазкур қарорларга мувофиқ, юртимиздаги олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий бошқарувда мустақиллик берилаётган бўлса, 35 та олийгоҳ молиявий мустақил бўлди. Кейинги йиллардан уларнинг сафи кенгайиб бориши қарорда белгилаб берилди. Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоиз оширилди.

Олий таълим муассасаларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони бу йил икки баробар кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади. Кириш имтиҳонида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талабага 4 йил мобайнида Президент стипендияси бериладиган бўлди. Мамлакатимизда мактабгача, умумий ўрта ва олий таълимда ҳам соғлом рақобат муҳити яратилмоқда. Хусусий боғча, мактаб, университетлар фаолият юритяпти.

Давлат-хусусий шериклик асосида Қўқон университети, “Tashkent International University” халқаро университети, Британия менежмент университети, Ёджу университети, Team университети, АКФА университети каби нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилди. Натижада ёшларимизда танлаш имконияти пайдо бўлди. Бу эса табиий равишда таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Бунинг натижасида олий таълим муассасаларида тизимга кўпроқ ёшларни жалб қилиш учун амалий ҳаракатлар олиб борилади.