Шунингдек, қайсики давлатда ёшларнинг таълим-тарбиясига биринчи даражали масала сифатида қаралса, ўша юртнинг келажагига нисбатан масъулиятли эканини ҳам англатади. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши ҳам бежиз эмас. Ўзбекистон ёшлар имкониятлари мамлакатига айланиб бормоқда.
Хусусан, 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат раҳбари томонидан ишсизларни касбга ўқитиш, олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Энг эътиборлиси, ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш вазифаси қўйилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қобилиятини юзага чиқариши учун зарур шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълумки, сўнги йилларда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди ва у тизимли такомиллашиб бормоқда. Президентимиз томонидан БМТ минбаридан туриб Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ва халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланганини эсланг. Ушбу ташаббус айни фикрларимизни исботлайди. Давлатимиз раҳбарининг илк имзолаган қонуни ҳам ёшлар манфаатларига хизмат қилувчи ҳужжат эди.
Ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида сўнги йилларда, юртимизда ёшлар бандлигини таъминлаш асосий масала сифатида ислоҳотлар марказига қўйиб келинмоқда. Ушбу видеоселектор йиғилишида ҳам айни ёшлар масаласи яна такрор кўтарилди. Хусусан, ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига «Ишга марҳамат» мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди. Давлатимиз раҳбари иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини илгари сурди. Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади. Шунингдек, ёшлар ишлари агентлигининг вилоят ва туман ходимлари ойлик маошини ошириш бўйича ҳам таклиф билдирилди.
Дарҳақиқат, Ватан тақдирини бeлгиловчи, уни ўз қўлига олишга тайёр юрт эгалари бўлган ёшларга бугун имкониятлар эшиги кенг очилмоқда. Бир пайтлар бизга орзу бўлган чўққиларга нарвон қўйиб берилди. Энди ундан чиқа билиш, бу имкониятлардан унумли фойдалана олиш ҳар бир ёшнинг ўзига боғлиқ. Бу каби янгиликлар ёшларни қувонтириб, эртанги кунига ишончини мустаҳкамлашига ишонамиз. Энг муҳими улар шу юрт тақдири ва келажаги учун масъулиятни бўйнига ола билишларидир. Ўзбекистон келажаги учун қўйилган яна бир қадам айнан ёшлар манфаатларига хизмат қилади.
Ҳамиджон Омонов,
«Миллий тикланиш» демократик партияси
Андижон вилоят Кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутати