Пойтахтимизда БМТ озиқ-овқат тизимларининг барқарорлигига бағишланган диалоглар сериясининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ташкил этилди. Диалогларда ҳукумат вакилларидан ташқари олимлар ва молия сектори, озиқ-овқат саноати ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистондаги миллий ва субмиллий диалоглар доирасида барча учун хавфсиз ва озуқавий овқатлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг бешта асосий глобал тематик соҳалар — истеъмолнинг оқилона моделларига ўтиш, табиий ресурслар унумдорлигини ошириш, яшаш учун тенг шароитларни илгари суриш, заифлик ва стрессларга қарши барқарорликни ошириш сингари мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Таҳликалар, шунингдек, учталик сайёра инқирози озиқ-овқат тизимлари учун очаётган имкониятлар муҳокама қилинди.
Якуний диалог чоғида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзер “Миллий ва маҳаллий даражада озиқ-овқат тизимларининг ўзгариши миллий ва глобал даражада барқарор ривожланиш сари йўналишни ўзгартириш ва тараққиётга эришишга имкон беради. Озиқ-овқат тизимларининг барқарорлиги бўйича диалоглар барча асосий манфаатдор томонларнинг фаол иштироки учун платформага айланди ва соғлиқни сақлаш, овқатланиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишда ифлосланишни камайтириш сингари масалаларни интеграция қилишга ёрдам берди”, дея ўз фикрларини билдирди.
Диалогнинг якуний босқичи кейинги ўн йил давомидаги барқарор миллий озиқ-овқат тизимлари сари йўлни аниқлаган ҳолда мамлакат даражасида мажбуриятлар ва ҳаракатларни белгилаб берди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев таъкидлаганидек, “мамлакатда кўп томонлама диалог жараёни жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммитдан кейин ҳам давом этади”. Диалогларнинг натижалари келгуси ойлар ва йилларда миллий озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш йўлида асос бўлиб хизмат қилади.
Якуний мулоқотда Ўзбекистондаги халқаро донор ташкилотлар, шу жумладан Европа Иттифоқи (ЕИ), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашди.
Масалан, USAID хавфсиз, юқори сифатли ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг нархини барқарорлаштиришда фермерлар ва агробизнесни қўллаб-қувватлаш учун янги технологияларга инвестицияларни ҳаммолиялаштиришга тайёр ва бизнесни бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилади.
БМТнинг 2021 йилгача мўлжалланган озиқ-овқат тизимлари бўйича саммити доирасида 126 дан зиёд аъзо давлатлар дунё бўйлаб миллий диалоглар ўтказмоқда. Зеро, ушбу диалоглар барқарор озиқ-овқат тизимлари миллий стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича олий даражадаги учрашувнинг асосий қисмидир.