Қолаверса, унинг қонида она томонидан дунёни ларзага солган Чингизхон, ота томонидан эса  буюк соҳибқирон Амир Темур силсиласига  туташлик унсурлари айланар эдики, бу ёш Бобурни юксак марралар сари боришга ундар эди.

Бизнинг мақсадимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек буюк аждодимизнинг жаҳон ҳарбий санъатига қўшган катта ҳиссасини бир мақола сиғими даражасида ва доирасида ёритишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳам Қуролли кучлардаги баъзи бир  камчиликларга гувоҳ бўлар экан, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашидаги қатор чиқишларида буюк аждод саркардаларимиз бўлмиш Султон Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ватандошларимизнинг ҳарбий санъати, жангу-жадаллардаги жасоратларини оддий  жангчи  аскардан то генералларгача эгалламас эканлар, ватанга садоқат руҳи улар қалбида уфуриб турмас экан ҳар қандай замонавий қуроллар ҳам асло наф бермайди, дея такидлаган эди. Бу борада давлатимиз раҳбари юз карра ҳақ эди.

Хориждаги тараққий қилган мамлакатлар Ҳарбий академия ва Ҳарбий Олий ўқув юртларида бизнинг улуғ бобокалонларимиздан Султон Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркардаларимиз ҳарбий санъати жуда чуқур ўргатилади. Афсуски, бир неча йиллар давомида ўз юртимизда бу аждодларимизнинг жаҳон ҳарбий санъатини ривожлантиришдаги хизматлари қарийб ўрганилмай келинаётган эди. Мен бу сўзларимни шундай эҳтиросга берилиб айтишдан йироқман. Бироқ айнан юқорида номлари зикр этилган буюк уч нафар аждод саркардаларимизнинг ҳарбий тарихини салкам қирқ йилдан буён ўрганиб улар тўғрисида йирик кўп жилдлик асарлар тайёрлаш жараёнида саркарда боболаримизнинг  ҳарбий санъатидан, стратегиясидан кўпчилик ҳарбийларимиз бехабар эканлигига гувоҳ бўлганман. Мен бу фикрларимни академия ва олий ўқув юртларида бўлиб ўтган учрашувларда ҳам кўп бора таъкидлаганман.

Шу боис: Тарих сабоғидан неки олибсан,

Имон гавҳарини дилга солибсан,

ҳикматига риоя қилиб, жанг яловбардори ўн икки ёшидан то уруш поёнига қадар жанг майдонларида жасорат билан қилич серпаб, Ватани ва ўзининг номини ҳам дунё тарихи саҳифаларида ғурур билан тилга олинишига сазавор бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек буюк саркарда ва улуғ давлат арбобининг муҳораба майдонларидаги ҳарбий салоҳияти қай ҳолатда очилиб борганига бир назар ташлашни айни муддао, деб билдик. Бу сабоқлардан ҳар бир ёш, айниқса, ҳарбийлар ўз насибаларини олишлари зарур.

Жанг майдони ҳаёт ва ўлимни бир-бири билан учраштирадиган, қон талаб қиладиган ҳудуд. Бобурнинг болалиги, ўсмирлиги ва йигитлиги ҳам ундан кейинги даври ҳам шундай хавф-хатарга лиммо-лим тўла майдонда кечди, ҳатто бир паслик ижод ҳам шу майдон билан боғлиқ бўлди, яъни бир қўлда қилич, бир қўлда қалам унинг жанговар қуроли бўлди.

Муҳораба майдони унга адолат ва ҳақиқат, ор-номус учун кураш Қароргоҳи вазифасини ўтади. Биринчидан, Бобур Мирзога қарши жанг қилувчилар ғоят тажрибали бўлсалар, иккинчидан, унинг ёнидаги  инсонлар орасида  тоши оғир келган тарафга истаган пайтда ўтиб кетишга шай хиёнаткорлар ҳам кўп эди. Ҳатто бундай одамлар қариндошлари орасида ҳам етарлидан ортиқроқ эди.

Бундай  аччиқ қисматнинг заҳарли шаробларини Бобур Мирзодан кўп тотган одам кам топилиши муқаррар. Устига-устак Бобур Мирзо бобоси Соҳибқирон пойтахтини эгаллаб тўзғиб кетаётган салтанатни сақлаб қолишда унинг оёғига амаки, тоғавачча, холавачча темурийзодалар ҳам тикан бўлиб санчилди. Шу билан бир вақтда ўта тажрибали ва даҳшатли Шайбонийхон хони унинг ғанимига айланиб, Бобур ғанимлар қуршови доирасида  худди бўри ва чиябўрилар тўдаси ичида қолган шер  сингари қолиб кетди.

Бундай ёш, навниҳол келажаги буюкликдан нишон кўрсатиб турган ёш Бобурни Шайбонийдек қудратли дашт ҳукмдори офатидан ким сақлаб қолади? Бу мураккаб ечимини кутаётган саволга Тўмарис каби шиддат билан жавоб берувчи ҳам топилди.  Укани қаттиқ яхши кўрган опа темурийзодаларнинг энг ақлу доноси Хонзодабегим якун топаётган Бобурнинг ҳаётини сақлаб қолишга аҳд қилди. Хонзодабегимнинг ўз ор-номусидан кечиб, укасини асраб қолиш учун ашаддий ғаним Шайбонийхонга турмушга чиқиши соф жонфидоийлик,  Ватанга садоқатнинг жозибали кўриниши эди. Бобур Мирзо ҳаётининг қутқариб қолиниши бир оддий ҳодиса эмасди. Темурийларнинг бундан кейин сиёсат майдонида қолиш ёхуд қолмаслигини белгилайдиган муҳим ҳодиса эди.

Бундан кейин Бобурнинг буюк воқеалар билан  боғланиб кетадиган улуғ саркардалик, буюк давлатчилик фаолиятининг кунба-кун юксалишида тарихий  аҳамиятга молик воқеа сифатида Ватан тарихидан ўрин олишини ҳам айнан Хонзодабегим таъминлади. Халқимиз бугун ва ундан кейин ҳам Хонзодабегимнинг ушбу жасоратини ғурур билан эсга олади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Самарқандни эгаллаб, Мовароуннаҳрда қайтадан бобоси Амир Темур тузган салтанатни барпо қилиш (бу пайтда ушбу ҳудуд майда ҳукмдор ва ҳокимликларга ажралиб бўлган эди) учун уч маротаба уриниб кўрди, аммо бу уринишлар, афсуски, муваффақиятсиз чиқади. Шундан кейин Ҳусайн Бойқародек қудратли темурийзода билан иттифоқ бўлиш умиди барбод бўлган Бобур Мирзо Эрон шоҳи Исмоил Сафавийга мурожаат қилиб, Ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Аммо Эрон шоҳи Бобур Мирзонинг ёшлиги, етук саркарда даражасига етиб келмаганлигидан фойдаланиб қолишга қатъий ҳаракат қилади. Муғомбирона сиёсат юритиб босқинчилик мақсадини кўзлайди.

Мовароуннаҳрни ушбу қалтис ҳолатдан фойдаланиб ўзига тобе қилиш ва бу ерлик халқларни шиъа мазҳабига ўтказиб олишдек қора ниятини амалга оширмоқчи бўлади.

Бу ниятига қисман эришиб Мовароуннаҳрнинг бир қисмини эгаллади, қирғинликлар уюштирди, аммо унинг бу қора нияти амалга ошувига Убайдулла Султон бошчилигидаги Шайбонийлар чек қўйди.

Шундан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Мовароуннаҳрда темурийлар салтанатини сақлаб қолиш умиди узилиб, оти жиловини дастлаб Қобул, у ерда мустаҳкам ўрнашгач эса Ҳиндистондек бепоён ҳудудларни эгаллаган мамлакат сари юриш қилади. Ўзининг  буюк салтанат тузиш орзу- умидларини кўзлаб ҳарбий ҳаракатларини ўша ҳудудлар сари йўналтиришга бел боғлайди. Кобулни 1504 йилда эгаллаб у ерда мустаҳкамланиб олгач, бутун кучини келгусида давом этадиган юришлар учун сарфлашга киришади.

Кучларни тўплаб олишда Бобур Мирзога катта имконият яратиб бериши мумкин бўлган имконият бу Кандаҳор вилояти эди. У тарафга юришни тезлаштирган сабабларидан бири ўз элчисининг Кандаҳор ҳокими ака-ука Муқим ва Шоҳбеклар томонидан ҳақоратомуз кутиб олиниб, улар қўлига ҳам Бобур Мирзо номига беписандларча хат тутқазилиши бўлди. Бу мактуб Бобур шахсиятига тегадиган ҳаволаниш, ҳақоратлар мазмунини ўзида жам қилиши уни бу ғаним ака-укалар билан тезроқ ҳисоб-китоб қилишга ундади. Шунингдек, Бобур Мирзо илк бор қўшинини ҳарбий ислоҳ қилишни Кандаҳор юриши олдидан амалга оширганлигини “Бобурнома”да қайд этган эди: “Ҳеч вақт бунча тартиб ва интизом билан саф тузмасдим. Ҳосса тобинга (бу шоҳнинг махсус баҳодирлардан иборат ҳарбий қисми бўлиб уни бемалол Бобурнинг янги ташкил этган Миллий гвардияси дейиш мумкин (муаллиф изоҳи) қўлидан иш келадиган йигитларни ажратиб олган эдим: ўн-ўн, эллик-эллик қилиниб, ўн боши ва эллик бошини тайин қилдим. Ҳар ўн ва эллик ва сўл қўлларда турар ерларни билиб, уруш пайтида қиладиган ишларини аниқлаб, ҳозир ва нозир эдилар. Ўнг қанот, сўл қанот ва ўнг қўл ва сўл қўл, ўнг ён ва сўл ён жадал отлангач, хабарчи лашкар қисм ҳам қийналмай тайинланган ерга томон юра бердилар.

Гарчи баронғор (ўнг қанот) ва ўнг қўл, ўнг ён ва ўнг сўзларининг маъноси бир хил бўлса-да, лекин сўз ўзгариши билан ҳар хил маъно беради. Чунончи, баронғор ўнг қанот ва чап қанот жавонғор маъносида маймана ва майсара, жанговар сафнинг маркази ғул таркибида эмас. Бу нав жанговар сафни ўша истилоҳ маъносида баронғор ва жавонғор дейилади. Ғул сафининг ўнг ва чапини фарқ қилиш учун ўнг қўл ва сўл қўл деб айтилади”.

Шу тариқа Бобур Мирзо ғанимга қарши Кандаҳор учун Халишак жанги олдидан қўшинини жанговар Ясол тартибида жойлаштирди. Яъни Баронғор ўнг қанотда Мирзахон, Ширим тағойи, Ёрак тағойи, Чалмамўғул, Аюббек, Муҳаммадбек, Иброҳимбек, Али Сайдим, Султон Али тенгқур ёр-дўстлари билан,  Худобахш ва АбулҲасан бошчилигида ўнлик, Эллик гуруҳлар жанг майдони сафини эгаллайди.

Жанговор (чап қанот)да: Абдураззоқ Мирзо, Қосимбек, Тангриберди, Қанбар Али, Аҳмад Элчи бўға, барлос, Сайид Ҳусайн Акбар, Миршоҳ Қавчинлар ўз лашкарий қисмлари билан жанговар саф олдилар.

Ғул (марказ)да эса Бобур Мирзонинг энг ишончли Улуғбеги ўнг тарафида Қосим Кўкалдош, Султон Муҳаммад дўлдой, Шоҳмаҳмуд парвоначи, Қул Боязид Баковул, Камол шарбатчи, сўл қўлида эса Хожа Муҳаммад Али, Дўст Носир, Мирим Носир, Бобо Шерзод, Хонқули, Вали хазиначи, Қутлуғ Қадам Қоровул, Мақсуд сувчи, Бобо Шайхлар лашкарий фавжлари жой оладилар. Ғул (марказ)да Бобур Мирзонинг ҳарбий кишилари эмас унинг хос амалдорлари жой олдилар. Ировулда Носир Мирзо, Саййид Қосим Эшик оға, Муҳиб Али Қўрчи, Бобо  ўғли Олловерган туркман Шерқули ва Муҳаммад Али каби жанг кўрган сардорлар фавжлари ўрин эгаллайдилар.

Бундан ташқари шундай жанговар ҳарбий қисмлар ҳам бор эдики, уларга бошчилик қилувчилардан бирортаси ҳали сардор ёки бек даражасига кўтарилмаган эдилар. Уларнинг Ҳарбий мавқега кўтарилиши бўлажак жангу-жадалларда кўрсатадиган қаҳрамонликлари, баҳодирликлари, ҳарбий тадбирларига қараб белгиланар эди. Уларга шундай синовлардаги муваффақиятларига қараб ҳарбий унвонлар, амаллар бериларди.

Шунинг учун ҳам бу каби жангчиларнинг тажрибаси етарли эмаслиги ҳисобга олиниб, улар заҳирада сақланиб, Бобур Мирзо Қароргоҳини ҳимоя қилишган. Булар ўн бир лашкарий қисмлардан ташкил топган эди. Уларнинг ҳар бирига бошлиқлар тайинланган.

Кандаҳор ҳокими Муқим ва Шоҳбекда ўн минг атрофида қўшин мавжуд бўлиб, унинг ярмини Шоҳбек бошқарарди. Ака-ука ғанимлар оддий сафланиш, яъни ўнг ва чап лашкарий қисмлар ҳолатида жанг қилишни афзал кўрдилар. Шоҳбек ва Муқим қўшинлари Бобур Мирзо қўшини чап қанотини янчиб ташлаш учун ёппасига шиддатли ҳужум уюштириб, ташаббусни дастлаб қўлга олишга зўр бериб олға ташландилар. Қосимбекнинг жавонғори бу ҳужумни қайтариб туриши амри – маҳоллигини билдириб Бобур Мирзодан ёрдам юборилишини ўтиниб сўраб ўз хабаргирини жўнатади. Қароргоҳга етиб борган Қосимбек хабаргирлари ҳеч қандай ёрдам бера олмаслиги  тўғрисидаги маълумотни зудлик билан ўз бошлиғига етказдилар. Чунки Бобур Мирзонинг  ғул ва ўнг қанот қисмлари ҳам худди шу тарздаги ғаним ака-укаларнинг ҳужумлари остида оғир шароитда жанг қилаётган эдилар. Ёрдамдан ҳеч қандай умид йўқ эди.

Аҳволни ўнглаб олиш мақсадида Бобур Мирзо ўз ғулини таваккал қилиб қарши ҳужумга бошлайди. Бу пайтда Муқимнинг ҳужумини тўхтата олмай ўнг қанотга чекинишдан ўзга чораси қолмаган эди.

Энди Бобур Мирзо Қароргоҳдаги ҳимояда турган  ўн бир фавж қўшинни ҳам жангга киритиб ҳужумини янада авж олдиришга эришади. Бу ҳужумни кутмаган ғанимлар сафи парокандаликка юз тута бошлайди.

Шу лаҳзаларда оғир аҳволда қолган Қосимбек бошчилигидаги чап қанот қўшини чекиниб, қулай табиий маррада мудофаага ўтиб душман кучларининг катта қисмларини ўзларига банд қиладилар.

Бу имкониятдан фойдаланган Бобур Мирзо Марказ ва ўнг  қанот ҳужумларини янада кучайтириб душман тарафнинг чап ва марказдаги қисмларига катта талафот етказиб, уларни тартибсиз тарзда қочишга мажбур қилишга муваффақ бўлади.

Ана шу вазиятдан фойдаланиб Бобур Мирзо Қосимбек жангчиларига шундан кейингина ёрдамчи кучлар жўнатиб, уларни оғир вазиятдан қутилиб олишга имкон яратиб беради.

Натижада  жанг Бобур Мирзо қўшини ғалабаси билан тугаб, Кандаҳор қўлга киритилди. Ака-укалар қалъадаги бор бойлиги ва оиласини ҳам қолдириб ҳаётларини сақлаб қолиш учун Шоҳбек Мастун тарафга, Муқим эса Замини Доварга қараб қочишдан ўзга чора тополмайдилар.

Шу тариқа Бобурнинг жанг арафасидаги ўтказган илк ҳарбий ислоҳоти ўзини оқлаб ғалаба таъминланди. Бунда қўшинни жанговар ҳолда жойлаштириш ва саркарда ҳамда жангчиларнинг қаҳрамонларча жанг қилишлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шундан кейин Бобур Мирзонинг ҳарбий саркардалик маҳорати тобора очила бориб, бу истеъдод Иброҳим Лўдий ва Рана Сангга каби энг қудратли Ҳинд ҳукмдорлари билан бўлган жангларда янада сайқал топди ва ўзининг энг сарбаланд мавқеига кўтарилди.

Буни аввал Иброҳим Лудий билан олиб борилган жанглар яна бир бор тасдиқлади. Ушбу Ҳинд ҳукмдорининг куч-қудрати ҳар қандай ғаним ҳукмдорини ларзага келтиришга қодир эди. Иброҳим Лудий ўзининг лашкарий кучларни истаганча тўлдириш, жанговар филлар, мислсиз суворий ва пиёда қўшин ҳамда озиқ-овқат, жанговар қурол-аслаҳалар билан етарлидан ортиқ даражада таъминлаш имкониятлари Деҳли ҳукмдорида ошиб-тошиб ётарди. Бундай қудратли душманга оз сонли қўшин билан қарши бориш ақл-бовар қилмас ҳолат ҳисобланар, бундай нисбий тафовутли жанг манзараси Чингизхон ва Жалолиддин Мангуберди ўртасидаги Нилаб жангидан бери жаҳон ҳарбий тўқнашувларида ҳали қайд этилмаган эди.

Бироқ шерюракли Бобур Йўлбарсни бундай рақиб билан ҳам жанг қилишдан чекинтира олишмади.

Дастлаб Бобур Мирзо орқа томоннинг хавфсизлигини таъминлаш учун афғон жангари қавмларининг бирини қилич билан тобе қилса, бошқа бирларини эса сулҳпарварлик дипломатиясини ишга солиб улар билан муроса-мадора қилди, иттифоқлашди, ҳатто йирик қабила сардорига суюкли куёв тутинди.

Сўнгра бор иқтидори, ҳарбий истеъдодини ишга солиб Халишак жанги олдидан бошлаган ҳарбий соҳадаги ислоҳотини шиддат билан давом қилдириб ўз даврининг замонавий қуролланган қўшини даражасига етказди. Асосий эътиборни лашкар сонини тинимсиз оширишга эмас, балки унинг жанговарлик шайлигини ошириш, мавжуд лашкарий қисмлардаги жангчиларнинг марду-майдонлик жасоратларини намоён этиш, жанговар қуроллардан санъаткарона маҳорат билан фойдаланиш, танани ўлим майдони жанггоҳларида қўрқмасдан ва бўшантирмасдан руҳий зўриқишларга бардошли қилиб тарбиялашга қаратди. Шунингдек, қўмондон ва амирларга қўйилган талаблар эса жангчиларни ақл-идрок билан жасурона майлда жангга тайёрлаш ва муҳорабага олиб кириш ҳамда шу жараёнда қўшинга намуна бўлиш, жанг жараёнидаги вазиятни ҳисобга олиб мудофаа ва қарши ҳужум тактикаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда шу тариқа жангни ғалаба билан таъминлашга ўзининг максимал даражадаги ақлий, жисмоний ва профессионаллик маҳоратларини оширишига асосий диққатни қаратди. Қолаверса, Бобур ғалабанинг калити ҳисобланмиш ғаним қўшини ҳақида иложи борича мукаммал разведка маълумотлари олишнинг аҳамиятини чуқур англаб душман қўшини, уларнинг қўмондонлари суворий, пиёда кучлари, интизом даражаси, ҳаракат йўналиши ва заҳираларига оид тўлақонли манбалар тўплаб ғаним қўшини умумий ҳолати ҳақида зарур маълумотлар тўплашга жиддий эътибор қаратди. Айниқса, душман қўшини тарафдан иложи бўлса юқорироқ даражали зобитлардан “тил” ушлаб келиш разведканинг асосий вазифаси қилиб белгилар экан, уларнинг сафига уддабурон, тадбир  қўллашга моҳир, ўта довюрак паҳлавон жангчиларни сафарбар этди. Уларнинг наздида душман қўшини жанговар ҳатти-ҳаракат ва ҳолатларига доир ҳеч нарса четда қолиши ҳатто ўта махфий пистирмалардан бирортаси четда қолмаслиги лозим эди. Бундай тадбирлар лашкарлар хавфсизлигини ҳушёрлик билан таъминлашга хизмат қиларди.

Бобур қўшинидаги замонавий қурол-яроғ, яъни ҳали Ҳинд қўшинларида мавжуд бўлмаган артиллерия ва ўт сочар милтиқнинг амалиётга жорий қилиниши бу ҳарбий соҳада устунликни таъминлашга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.

Бу жиҳатдан Бобур фан, илм-маърифатнинг кучидан фойдаланиш борасида новатор, янгиликка интилувчи донишманд файласуф шоҳ сирасидан эди. У Ҳинд юриши олдидан қўшинини XVI аср бошларидаёқ Европа услубидаги замонавий милтиқлар ва артиллерия билан қуроллантиришга эришди.  Бу ҳарбий ислоҳотларнинг ижобий натижаси эди.

Бироқ лашкарий қисмлари сон жиҳатдан Ҳинд ҳукмдори Иброҳим Лудий қўшинларидан ўн баробар нисбатан кам сонли бўлишига қарамай асосий жанг бўладиган Панипат шаҳрига Бобур 1526 йил апрель ойининг иккинчи ҳафтасида етиб келди ва ғаними Иброҳим Лудий қўшини билан Деҳлидан 90 км шимолда жойлашган  мазкур шаҳарда ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўришга жиддий киришди. Ана шу бўлажак жангда Бобурнинг ҳарбий санъати ва тафаккуридаги даҳолик қирралари очилиб, ҳар қандай қудратли душман унинг кучлари мудофаа тизимини ёриб ўтолмайдиган ҳолатдаги истеҳкомни вужудга келтиришга муваффақ бўлди. Ҳолбуки бу пайтда Иброҳим Лудийнинг еру-кўкни ларзага келтирган қўшини суворий, пиёда ва мингдан ортиқ жанговар филлари жами 150 минглик лашкарий кучлари тинимсиз олға босиб келарди.

Бундай даҳшатли кучларга қарши Бобур тиним билмай кечаю кундуз чуқур ҳандақлар қазишга буйруқ берди.  Ҳандақлар орқасидан мингга яқин аравалар ип ва занжирлар билан мустаҳкам боғланди.

Аравалар орқасида Устод Алининг тўпчилари, улар орқасидан эса Мустафонинг милтиқли ва зарбзан қисмлари олдинма-кетин тарзида  жойлаштирилди.

Қолган суворий ва пиёда ҳарбий қисмларини Бобур 21 апрел ойида эрта саҳарда Ясол тартиби қоидасига биноан Панипат майдонида жанговар саф олдирди.

Шу тариқа душманнинг асосий кучлари Панипат майдонига кириб келганда Бобур буйруғига қатъий амал қилган саркарда ва беклар саросимага тушмай ўз пиёда, суворий, тўпчи ва милтиқлар билан қуролланган қисмлар душманни кутиб олишга шай бўлиб турдилар.

Ўнг қанотга шаҳзода ворис Ҳумоюн қўмондонлик қиладиган ва унга ёрдамчи саркардалар қилиб Хожа Калон, Султон Муҳаммад дўлдой, лашкарбоши Ҳиндубек, Вали Ҳозин ва Пирқули Сеистонийлар тайинландилар.

Чап қанотдан Муҳаммад Султон Мирзо, Маҳдий Хожа, Одил Султон, Шоҳ Мир Ҳусайн, Султон Жунаид барлос, Қутлуққадам ва Муҳаммад Бахшилар ҳарбий қисмлари жойларини эгалладилар.

Марказнинг ўнг тарафидан эса Чин Темур, Сулаймон Мирзо, Муҳаммадий Кўкалдош, Шайх Мансур барлос, Юнус Али ва бошқа қисм ҳамда саркардалар ўрин олдилар.

Қўшиннинг айғоқчилик хизматини бажарувчи Ировул гуруҳига Ҳисрав Кўкалдош ва Муҳаммад жанг жангда етакчилик қилдилар.

Чап қанот четидан эса тўлғама (айланиб ғаним қўшини орқа томонига зарба берувчи қисм сардорлари қилиб Қарокўзи, Абдумуҳаммад найзабоз, Шайх Жамол барин, Маҳдий ва Тенгриқули Пишағи мўғул каби сардор ва беклар тайинланди. Ўнг қанот тарафдан ҳам тўлғама қиладиган махсус қисмлар ажратилди.

Иброҳим Лудийнинг жанг олди жиддий хатоси шу бўлдики, у ё ҳужум ёки мудофаада туриб жанг қилиш режасини пухта туза олмай энг долзарб вақтни қўлдан бериб иккиланишидан Бобур ўз вақтида унумли фойдаланишга қарор қилди.

Худди шу лаҳзаларда Бобур артиллерия ва милтиқлардан бирданига ялпи ўқ узишга буйруқ берди.

Иброҳим Лудий шундай вазиятда гангиб қатъий бир қарорга кела олмай қолди. Замонавий артиллерия ва ўқсочар милтиқлар тўғрисида мутлақ тушунчага эга бўлмаган ғаним жангчилари ваҳимага тушиб Марказ майдонига зич тарзда тўплана бошлади. Бу эса Иброҳим Лудий қўшинларининг янада аёвсиз қирилиши ва ўликлардан тепаликлар ҳосил бўлишига сабаб бўлди. Майдонда даҳшатли ҳолат содир бўлиб ўлик ва ярадорлар сони дақиқа сайин ошгандан-ошиб устига-устак филлар ҳам Ҳинд қўшинини яксон қилишда давом этиб, дастлаб орқага тисланиб, сўнгра Иброҳим Лудий қўшинини пайҳон этиб дуч келган томонга ўзларини уриб қочишга тушди. Ҳолбуки, улар ўз филмон хўжайинларига шу пайтгача қулоқ қоқмай бўйсунар эдилар.  Бу сафар улар эгаларини ҳам ағдариб, фалокат манбаига айланиб Бобурнинг иттифоқчилари қиёфасида ҳаракат қилиб ўз қўшинини топтаб ташлашга кўмаклашиб юбордиларки, бу ҳаракатлар фалокатни янада тезлаштириб юборди.

Шундай даҳшатли кўринган Иброҳим Лудий қўшинидан тушгача сон-саноқсиз ўликлар қолди. Панипат майдони эса бундай қирғинли ва беҳад кўп қон тўкишли жангнинг илк бор гувоҳи бўлиб турарди. Иброҳим Лўдий чиқмаган жондан умид қабилида иш тутиб, бир неча бор гоҳ ўнг, гоҳ чап қанотдан ҳужум қилишга уриниб кўрди, аммо бундан ҳеч қандай наф бўлмади. Шундай лаҳзаларнинг бирида Деҳли ҳукмдорининг ўзи ҳам атрофидаги жангчилар жасадларининг бирига айланди. Ҳатто жасадлар тепалиги остида қолиб кетди. Бу эса унинг қўшинига тор-мор бўлиш қисматини муҳрлаб босилишини таъминлади.

Бу ҳолатни Бобурнинг қуйида фикрларидан янада аниқ тасаввур қилиш мумкин: “Тўлғамага тайинланган аскарларга ўнг ва чап қанотдагилар ҳам душман билан олишишлари учун фармон бўлди. Тўлғамадагилар душман орқасига ўтиб, ўқ ота бошладилар. Чап  қанотдаги Маҳдий Хожа жангни ҳаммадан аввал бошлаб юборди. Душман Маҳдий Хожага қарши бир тўда аскар фил билан бостириб қолди. Лекин Маҳдий Ҳожанинг лашкарий қисми уларга кўп ўқ ёғдириб, уларни чекинишга мажбур қилди. Чап қанотга Марказдан Аҳмад Парвоначи, Турдибек Қучбек ва Муҳиб Али халифа ёрдамга юборилди. Ўнг қанотда ҳам жанг бошланиб кетди. Муҳаммад Али Кўкалдош, Шоҳ Мансур барлос, Юсуф Али ва Абдуллога марказ қўшин олдида туриб тўпларни фарангидан отди.

Мустафо тўпчи ҳам марказий қўшинининг чап қанотидаги арава устидаги зарбзандан яхши зарбалар берди. Ўнг қанот, чап қанот, марказ ва тўлғамадагилар душманни ҳар тарафдан ўраб олиб, устига ўқ ёғдириб, жангни астойдил қизитдилар. Бизнинг жангчиларимиз эса ғаним устига ўқ ёмғирини ёғдириб, уларни марказ томонга сиқиб келдилар. Душманнинг ўнг ва чап қаноти бир ерга тўпланиб қолиб, шу даражада тиқилинч ҳосил бўлдики, ғаним қўшини на  олдинга юришга, на орқага қочишга йўл топа олдилар. Офтоб бир найза бўйли кўтарилганда урушни тезлаштиришга чақирилди. Тушгача жанг давом этди. Кун тушга етганда душман енгилди ва яксон қилинди.

Тангри таоло фазли карами билан бундай қийин ишни бизга осон қилди ва шу каби кўп сонли лашкарни ярим кунда ер билан яксон қилинди. Фақат Иброҳим Лўдийнинг ёнидаги бир жойнинг ўзида беш олти минг киши ўлдирилди. Бошқа ердаги ўлдирилганларнинг сонини ўн беш, ўн олти минг киши, деб тахмин қилдик. Кейинроқ Аграга келганимизда, Ҳиндистонликлардан эшитишимизча ушбу жангда қирқ, эллик минг киши ҳалок бўлган экан”.

Бу Бобур эришган буюк ғалаба эди. у Шимолий Ҳиндистон ва унинг Марказий ҳудудларининг  катта қисмини эгаллаб, Ҳиндистон ҳукмдори бўлди. Аграни ўз салтанатининг пойтахтига айлантирди. Ўз давлатини шакллантиришга киришди, бобурийлар сулоласига асос солди. Унинг буюк  саркардалик мақомига кўтарилиш ва жаҳоний миқёсли улуғ лашкарбошилар рўйхатидан ўрин олишини Иброҳим Лудий қўшини устидан эришган мислсиз ғалабасини таъминлади. Шунингдек, иккинчи босқичдаги орадан бир йил ўтар-ўтмас Ҳинднинг энг таниқли саркардаси устидан эришган ғалабаси эса Осиёдагина эмас, Африка ва Европада ҳам акс-садо берди. Рана Санганинг 200 минглик қўшини қақшатқич мағлубиятга учради.

Энди Ҳиндда Бобуршоҳ ва довруғи оламга ёйилаётган саркардага бас кела оладиган саркарда, на лашкарбоши қолмаган эди. Бу ғалабалари боис Бобур жаҳон ҳарбий санъати ривожланишига ёрқин ҳиссасини қўшиб ва ўзбек халқининг номини, шонли тарихини, Амир Темур бобосидан кейин яна бир бора оламга ёйди.

Ҳарбий тафаккур кучи, дониш ақлий қуввати, давлатчилик истеъдоди билан темурийлар сулоласининг умрини узайтириб унинг сиёсат майдонида 332 йил яшаб қолишига йўл очди.  Темурийлар сулоласининг узвий давоми сифатида бобурийлар номи билан жаҳон тарихи саҳифаларини безади.

Жумабой РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлик университети

Ижтимоий-гуманитар фанлари кафедраси профессори