Божхона қўмитаси жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш тартибидаги ўзгаришлар юзасидан тушунтириш берди.

Қарор қабул қилинишининг зарурияти.

Хабарингиз бор, дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга жиддий таъсири сезилмоқда.

Халқаро сиёсат ва иқтисодиётдаги ўзгарувчан муносабатлар, турли тариф ва чекловлар барча давлатлар қатори бизга ҳам занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётининг секинлашиши ва халқаро савдо камайишига олиб келмоқда.

Халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши прогноз қилинаётган бир вақтда ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил қадам ташламоқдамиз.

Шу боисдан, жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрель куни “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 244-сон қарори қабул қилинди.

Жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш тартибидаги янги ўзгаришлар

Қарор билан 2025 йил 1 майдан эътиборан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:

  • ҳаво транспортида – 1000 АҚШ доллари (амалда 2000 АҚШ доллар);
  • темир йўл ва дарё транспортида – 500 АҚШ доллари (амалда 1000 АҚШ доллар).
  • автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали эса мавжуд 300 АҚШ доллари миқдоридаги норма ўзгаришсиз қолди.

 Халқаро амалиёт билан таққослаш.

Дунё амалиёти билан таққосланса, товарларни божсиз олиб кириш нормалари Ўзбекистонда юқори белгилангани намоён бўлади.

Аҳамият беринг, Европа иттифоқи давлатларида жисмоний шахслар ҳаво транспортида кириб келганда 480 АҚШ доллари, авто, пиёда ёки темир йўлда кириб келганда 330 АҚШ доллари қийматидаги товарларнигина божсиз олиб киришлари мумкин.

Туркияда ҳам мамлакатга қайси транспорт турида кириб келишидан қатъий назар фақатгина 480 АҚШ доллари қийматидаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Бу меъёр Хитойда 722 АҚШ долларини ташкил қилади.

Таҳлилларга кўра, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш нормаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш кўлами сезиларли равишда ошган.

Шу сабабли эндиликда темир йўл ва дарё транспортида ҳамда автомобиль ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларда товарларни олиб кираётган шахс хорижий давлатда икки календарь кундан, ҳаво транспортида уч календарь кундан кам муддат бўлган тақдирда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди!

Бу каби амалиёт Сингапур, АҚШ, Туркия, Бразилия, Аргентина каби давлатларда мавжуд. Бунда, ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ҳамда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.

Амалдаги тартибнинг суистеъмол қилинаётгани ҳолатлари

Таҳлилларга кўра, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар томонидан ўзига тегишли бўлмаган товарларни маълум ҳақ эвазига олиб ўтиб бериб, “ташмачилик” фаолияти билан шуғулланмоқда.

Улардан айримлари бир ойда 100 маротабагача чегарани кесиб ўтаётганини инобатга олсак, ўз эҳтиёжи учун деган ниқоб остида аслида тижорат мақсадидаги товарларни ташишаётгани ойдинлашади.

Натижада, ташмачилар кўмагида йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларисиз Ўзбекистон ички бозорига кириб келмоқда.

Бу каби ҳолатлар халқаро аэропортларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Хорижий мамлакатларга тижорат мақсадида борувчи йўловчилар ва улар томонидан содир этилган хуқуқбузарликлар сони сўнгги йилларда каррасига ошиб бормоқда.

Айрим йўловчилар бир йил давомида ўртача 100-150 тагача парвозларни амалга оширганидан кўриниб турибди-ки, улар ҳаво йўллари орқали тижорат товарларини шахсий эҳтиёж учун ниқоби остида олиб киришаётгани маълум бўлади. Уларнинг умумий сони биргина пойтахт аэропортида 500 нафардан ошади. Ушбу йўловчиларнинг ҳар бири йилига ўртача 2-3 тоннагача оғирликдаги товарларни олиб киришмоқда. Хўш, “Бу товарлар шахсий эҳтиёж учунми?” - деган савол туғилади.

Амалдаги қонунчиликда чегара божхона постлари орқали товарларни нотижорат товар ниқоби остида ноқонуний олиб ўтиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Биргина 2024 йилда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган 600 нафарга яқин шахслар ана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолатларини такрор ва такрор содир этиб келишмоқда. Натижада, айрим фуқаролар бир йилда ўртача 10-20 маротаба айни шундай турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этиб жавобгарликка тортилган.

Қонунчилигимизга кўра, жисмоний шахсларнинг “яшил” йўлак орқали ҳаракатланиши унда божсиз олиб кириш меъёридан ортиқча, тижорат мақсадида олиб ўтилаётган, тақиқланган ёки чекланган бирор турдаги декларацияланиши лозим бўлган товарлар мавжуд эмаслиги ҳақида божхона органига декларация тақдим этганлигини англатса-да, ўтган 2024 йил давомида чегара божхона постларимизда “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган 1 190 нафар жисмоний шахслар томонидан  21 млрд. сўмга яқин товарларни ноқонуний олиб ўтишга бўлган уринишлари аниқланган.

Курьерлик хизмати орқали етказиб бериш тартибидаги янги ўзгаришлар.

Янги тартибга кўра, жисмоний шахсларга курьерлик жўнатмалари орқали бир ойда − 200 АҚШ доллари қийматидаги товарларни божсиз олиб кириш мумкин бўлди. Илгари бу меъёр бир чоракда 1000 АҚШ долларини ташкил қилар эди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда республикамизга кириб келаётган курьерлик жўнатмаларининг ўртача қиймати 200 АҚШ долларини ташкил қилади. Юқоридаги меъёрни белгилашда шунга асосланди.

 Халқаро амалиёт билан таққослаш.

Яна хорижий тажрибага юзланамиз – товарларни курьерлик жўнатмалари орқали божсиз олиб кириш меъёрлари Хитойда 288 АҚШ доллари, Жанубий Кореяда 150 АҚШ доллари, Грузияда 125 АҚШ доллари, Украинада 100 евро, Буюк Британияда 188 АҚШ доллари, Европа Иттифоқи мамлакатларида 41-175 АҚШ доллари ва Туркияда 79 АҚШ долларини ташкил қилади.

Маълумот учун: ушбу меъёрлар фақатгина божхона божи учун амал қилиб, товарларни олиб киришда ҚҚС тўлиқ ҳажмда ундирилади. Ўзбекистонда эса ҚҚС ундирилмайди.

 Амалдаги тартибнинг суистеъмол қилинаётгани ҳолатлари

Таҳлилларга кўра, курьерлик жўнатмалари орқали товарларни божсиз олиб кириш нормасини суистеъмол қилган ҳолда тижорат мақсади учун кўзланган товарларни “нотижорат” ниқоби остида олиб киришга уринишлар ортган.

Хусусан 2023-2024 йиллар давомида 1,1 мингта ҳолатда 8,3 млрд сўмлик божхона қоидалари бузилиши аниқланган.

Масалан, фуқаро К.А номига бир йилда 408 та, яна бир фуқаро номига эса бир йилда 381 та партияда жўнатмалар юборилганидан кўриниб турибдики, мазкур жўнатмалардаги товарлар шахсий эҳтиёж учун эмас, аксинча, тижорат мақсадида юборилган.

2024 йил давомида Ўзбекистонда 687 мингдан зиёд фуқаролар номига хориждан ўртача 8 тадан жўнатма келган. Жами келган жўнатмалар сони 2023 йилга нисбатан салкам 3 баробарга ошиб, 5 млн 735 мингтани ташкил қилган.

Ушбу жўнатмаларда 167 млн АҚШ доллари қийматидаги салкам 22,3 минг тонна товарлар кириб келган. Бу 2023 йилга нисбатан қиймат жиҳатидан 1,4 баробарга, миқдор жиҳатидан 1,3 баробарга кўпайганини англатади.

Номига жўнатмалар юборилган фуқароларнинг шахси ўрганилганида улар орасида вафот этган шахслар ҳам аниқланган, аксарият ҳолларда эса фуқаролар номига чет элдан жўнатма келганидан хабарлари ҳам йўқ бўлиб чиқди.

Бунда, товарларни майда партияларга бўлиб фуқароларнинг шахсга доир (паспорт) маълумотларидан ноқонуний фойдаланиб сохта юк-кузатув ҳужжатлари билан мамлакатимизга олиб кириш схемаси қўлланилмоқда.

Мазкур тартиботларнинг барчаси божсиз олиб кириш меъёрларини жаҳон стандартларига мувофиқлаштирилиши билан бир қаторда ички бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиётга чек қўйишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Таъкидлаш лозимки, ҳар бир давлат бугунги дунёдаги туб иқтисодий ўзгаришлар даврида, глобал санкциялар шароитида ўзининг иқтисодий сиёсатини миллий манфаатлари ва ўз халқининг фаровонлиги нуқтаи назаридан ташкил этмоқда.

Айни пайтда, қарор билан киритилаётган ўзгаришлар халқаро стандартлар ва ривожланган хорижий давлатлар тажрибасига тўлиқ мувофиқ келади.

Энг муҳими, ушбу ўзгаришлар тартибли тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали тушумларни ошириш ҳисобига фақат ва фақат жамиятимиз манфаатига, иқтисодиётимизни барқарор ўсишига, тадбиркорларимизни эмин-эркин ишлашларига, янги иш ўринларини яратишга, янгидан-янги боғчалар, мактаблар, тиббиёт муассасаларининг қурилишига ва инфраструктурани кучайтиришга, пировардида одамларимизнинг турмуш фаровонлиги яхшилашга хизмат қилади.