Теймур Керимлининг маълум қилишича, 1986 йилда ташкил топган ушбу институт тиббиёт, астрономия, математика, минералогия, шеърият, фалсафа, илоҳиёт, ҳуқуқ, грамматика, тарих, география ва бадиий адабиёт сингари ўрта аср илм-фанларининг барча соҳаларини қамраб олган.

Ҳозирги пайтда институтда 40 мингдан ортиқ материал мавжуд. Уларнинг 12 мингга яқини араб, форс, ўзбек, турк ва озарбайжон тилидаги қўлёзмалардир. Бундан ташқари, институтда шахсий ва тарихий ҳужжатлар, улардан парчалар, тарихий даврлар босма китоблари, газета ва журналлари, таниқли фан
ва адабиёт арбобларининг фильм ва фотосуратлари сақланади.

Т.Керимли мазкур институт қўлёзмалар билан алмашиш соҳасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани хусусида тўхталар экан, бугунги кунга келиб, мамлакатимизга мансуб 16 та қўлёзмадан нусхалар олиниб ўзбек томонига тақдим этилганини айтди. Яқин орада эса кўплаб бошқа нусхаларни ҳам элчихона кўмагида ўзбекистонлик ҳамкасбларига юборажагини билдирди.

Ана шундай қўлёзмалар нусхалари ҳақида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан 2020 йилда чоп этилган “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг биринчи жилдига киритилган.

Ушбу институтда сақланадиган Ўзбекистонга оид энг ноёб қўлёзма 1143 йил Боғдод шаҳрида кўчириб ёзилган Абу Али ибн Синонинг “Ал-қонун фи ат-тибб” рисоласининг II жилди ҳисобланади. Ушбу асар тиббиёт ва фармакология соҳаларига мансуб бўлган дунёдаги энг қадимий намуналардан биридир.

Учрашув якунида “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг иккинчи жилдини тайёрлашда кўмаклашиш мақсадида юртимизга оид хорижда сақланаётган қўлёзма, миниатюра, ҳужжатлар, археологик топилмалар, меъморий безаклар, суратлар ва бошқа маданий бойликларни ўрганиш бўйича Озарбайжон томони билан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.