Пойтахтимизда «Бола ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг фаолияти: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуида онлайн форматда давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва ЮНИСEФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, тегишли давлат, нодавлат, халқаро ташкилотлар, Болгария, Шотландия, Россия ва Қозоғистон Республикасининг бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари иштирок этди.
ЮНИСEФнинг таҳлилий маълумотларига кўра, бугун дунёда таълим олиш имконига эга бўлмаган болалар сони 258 миллион нафарни ташкил этади. Қолаверса, минг-минглаб болалар зўравонлик қурбони бўлмоқда. Ушбу глобал муаммолар болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг сифатли таълим олиши, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун кўплаб долзарб вазифалар жаҳон ҳамжамияти олдида кўндаланг бўлиб турганидан далолат беради. Ушбу муаммоларни бартараф этишнинг муҳим йўлларидан бири ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни кучайтириш, бола ҳуқуқлари муҳофазасига оид ишларни тизимли йўлга қўйишдир.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда илк бор болаларнинг мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам беришга эришилди. Ушбу натижа халқаро ташкилотлар, хорижий экспертлар томонидан юксак эътироф этилиб, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мавқеи юксалишига сабаб бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш, мактабгача таълим тизими қамровини ошириш борасида ҳам муҳим ўзгаришларга эришилди. Болалар ва оналар ўлими кўрсаткичлари қисқариши ҳам тиббиёт, оналик ва болалик муҳофазасини таъминлаш масалаларига эътиборнинг амалий натижасидир.
Мамлакатимиз БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияси орқали зиммага олинган мажбуриятларни ҳам ўз вақтида бажариб, халқаро ҳамжамиятга мунтазам ҳисобот бериб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 апрелда «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди ва фаолиятини бошлади.
-Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда бу мустақил институтнинг фаолияти йўлга қўйилгани юртимизда инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш борасида муҳим қадам бўлди, -дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакил котибиятининг бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири Саттор Раҳматов.- Ўтган қисқа муддатда мазкур институт ўз фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, GOVID-19 пандемияси даврида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, «Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисида» ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган муассасалар, «Меҳрибонлик», «Мурувват» уйларида тарбияланувчи болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Вакил ўз фаолиятини самарали ташкил этиш учун ННТлар, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда бир қатор ННТлар билан меморандум имзоланди. Ушбу тадбир бу борада мамлакатимизда орттирилган илғор тажрибаларни халқаро миқёсда тарғиб этиш, жаҳон тажрибасини чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини муҳофазалашда Болалар омбудсманлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва ечимини кутаётган долзарб вазифалар юзасидан маърузалар тингланди. GOVID-19 пандемияси шароитида болаларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш борасидаги устувор вазифалар хусусида фикр алмашилди.
Баҳор ХИДИРОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири