Оқибатда болаларининг ҳуқуқлари ўз ота-оналари томонидан ўнглаб бўлмас даражада бузилмоқда. Бу каби ҳолатлар бўйича жорий ҳафтада ҳуқуқ ҳимоячиси Саодат Абдузокирова ва бир гуруҳ ота-оналар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шахсий қабулига мурожаат қилишди.
Қабулга келган оналар мурожаатида, турмуш ўртоғи билан ажрашганликларини, фарзандлари уларнинг қарамоғида эканлигини, болаларининг таълим, дам олиш, халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш ва соғлиғини тиклаш каби масалаларида вақтинча хорижга чиқишларида ўзлари билан биргаликда турмуш ўртоқларининг ҳам рухсати кераклигини, бироқ болаларнинг отаси орадаги низо туфайли собиқ турмуш ўртоғидан қасд олиш мақсадида ўз фарзандига хорижга чиқиши учун рухсат бермаётганлигини ёки тўлаётган алиментидан воз кечишларини талаб қилаётганлигини, бу эса, ўз навбатида болаларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини бузаётганлигидан шикоят қилишди.
Ҳозирда ушбу муаммоли ҳолат бўйича Телеграм канали очилганлиги, унда ушбу муаммога дуч келган 500 га яқин оналар Телеграм канали орқали боғланишганини маълум қилишди.
Энди болани отанинг рухсатисиз чет давлатига олиб чиқиш мумкинлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги масалага тўхталсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 26 декабрдаги ПҚ-4079-сонли қарорига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида«ги Низомга мувофиқ, вояга етмаган шахслар хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришда ва хорижга чиқиш учун ота-оналари ёки васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги хатини тақдим этишлари шартлиги белгилаб қўйилган.
Маълумот учун: Вояга етмаганларни хорижга чиқишлари учун биометрик паспорти боланинг туғилган кунидан бошлаб, бир ёшгача — 2 йил муддатга, бир ёшдан 25 ёшгача 5 йил муддатга берилади. Ушбу биометрик паспортини олишда вояга етмаган боланинг ота-онасининг нотариал тартибда тасдиқланган розилик аризаси талаб этилади. Бундай ариза мавжуд бўлмаса, вояга етмаган болани хорижий давлатга олиб чиқишга рухсат берилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 73-моддасида ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шартлиги, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган.
Лекин юқоридаги ҳолатларда оталар томонидан болаларга нисбатан оталик ҳуқуқлари суиистеъмол қилинаётганлиги кўзга ташланмоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг кўчиб юриш ҳуқуқига оид амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, ота-оналар ўртасида болаларга нисбатан ота-она ҳуқуқлари суиистеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва оналарнинг мурожаатларини индивидуал ўрганиш орқали қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарурлиги тўғрисида хулоса қабул қилинишини маълум қилди.