Замонавий тиббиётда рентген ва гормонал текширувлар орқали бўй ўстиришда ташхис аниқ бўлгач, гормон терапия муолажаси қилинади.

Муолажа икки усулда: узлуксиз ва муддатли кўринишда бўлади. Даволаниш жараёнида бола ўз вақтида кўрикдан ўтказиб турилиб, ўсиш доиралари беркилиб қолмаётгани назорат қилинади.

Шунингдек, гормон препаратларини ўз вақтида белгиланган тартибда қабул қилиш ҳам асосий шартлардан бири. Агар билиб-билмай бўй ўстирувчи гормондан фойдаланилса, ножўя таъсири кузатилиши мумкин.

Шу боис ҳам мутахассис билан бамаслаҳат керакли муолажа олиниши лозим. Икки ёки уч ойда тўхтатиб қўйилса, ҳеч қандай наф бўлмайди. Бу жараённи эртароқ бошлаган маъқул. Балоғат ёшидан кейин бўй ўстириш муолажаси таъсир қилмаслиги тиббиётда кўп кузатилган.

— Ота-оналарга маслаҳатимиз шуки, фарзандингизнинг бўйи меъёрида бўлиши учун спорт машқларига эътибор қаратинг.- дейди тиббиёт фанлари номзоди Насиба Алимова. – Сакраш, турникда осилиш, волейбол, баскетбол спорт турларига жалб қилинг. Бола жисмоний фаоллик билан банд бўлса, унда очлик ҳисси пайдо бўлади. Бу эса ўсиш гормони кўпроқ ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Таомнома оқсилга бой маҳсулотлар, сут-қатиқ, гўшт, тухум, кўкатлар ҳамда дуккакли маҳсулотларга бой бўлса, бўй билан боғлиқ муаммолар кўп безовта қилмайди. Шуни унутмангки, ҳар қандай касалликнинг олдини олишнинг биринчи талаби бу соғлом турмуш тарзига амал қилишдир, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.