Томонлар Ўзбекистон ҳамда Болгария ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро туристлар оқимини ошириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш ва икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб борди.

Болгария томонига Ўзбекистон туризмида амалга оширилаётган ислоҳотлар, туристик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай шароитлар ҳамда инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон ҳамда Болгария Республикаларида туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда Тошкент шаҳрида жорий йил апрель ойида B&G, B2B форматида учрашувлар ташкиллаштириш, юртимизнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган маълумотларни Болгария оммавий ахборот воситаларида намойишини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.