Ташриф аввалида Ботир Зарипов дунёнинг энг катта мусулмон ташкилоти саналган Надҳлатул Уламо раисати билан учрашувда иштирок этди.

Учрашувда мазкур ташкилот ва Бухоро вилояти ўртасида яқин биродарлик муносабатларини йўлга қўйиш, хусусан, туризм йўналишидаги соҳа вакиллари билан музокаралар олиб бориш орқали Бухоронинг зиёрат туризмини кенг тарғиб қилиш, авиақатновларни йўлга қўйиш ва Индонезиядан сайёҳлик оқимини кўпайтириш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди.   

Надҳлатул Уламо ташкилотининг  бошқарувчи директори ўринбосари КҲ. Зулфа Мустафа Ўзбекистондан етишиб чиққан ислом дунёсининг йирик намоёдалари, инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк алломалар илмидан бутун дунё мусулмонлари, шу жумладан, индонезияликлар ҳам баҳраманд ва миннатдор эканликларини мамнуният билан таъкидлади. Уларнинг табаррук қадамжоларига сайёҳларни кенг жалб қилишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, мулоқотда “Индонезия-Ўзбекистон”, “Ўзбекистон-Саудия Арабистони-Индонезия” йўналишларида авиақатновларни йўлга қўйиш, Бухорода ислом дунёси олимлари иштирокида учрашувлар ташкил этиш, Бухоро ва Бухорийлар ҳақида ҳужжжатли фильм суратга олиш ва уни Индонезия телеканаллари орқали доимий тарзда эфирга узатиш, зиёрат туризми маршрутларини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи орқали Бухородаги етти пир зиёратгоҳларигача белгилаш, Мамлакатимизнинг зиёрат-туризм салоҳияти ва маданий-тарихий меросини Индонезия жамоатчилиги ва Надҳлатул Уламо ташкилоти  аъзолари орасида кенг тарғиб қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.