Боку шаҳрида Кавказ минтақаси сайёҳлиги соҳасидаги энг йирик "19th Azerbaijan International Travel and Tourism Fair" ярмаркаси очилди.

Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафханов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ушбу халқаро кўргазмада Болгария "Бош ҳомий" ва Ўзбекистон "Бош ҳамкор" мақоми билан иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Озарбайжон, Қирғизистон, Грузия, Польша, Беларусь, Куба ва бошқа мамлакатларнинг миллий павильонлари намойиш этилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Кавказ минтақасининг мазкур энг йирик ярмаркасида Ўзбекистон илк маротаба иштирок этаётир. Кўргазманинг биринчи кунидаёқ  мамлакатимиз миллий стенди юзлаб меҳмонларни ўзига жалб қилгани ҳолда тадбирнинг энг миллий  ва энг кўркам павильони, дея тан олинди.

Ўзбекистон миллий стендида ҳунармандчилик, кулолчилик, ўймакорлик, каштачилик каби халқ амалий санъати буюмлари, миллий либослар, шунингдек, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларимиз ҳақидаги видеороликлар намойиш этилмоқда.

Шу билан бирга, кўргазма саҳнасида ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган "Лазги" рақси ўзбек санъат усталари  томонидан  тақдим этилмоқда.

Кўргазмада иштирок этаётган сайёҳлик компаниялар вакиллари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги авиақатновлар сони ошаётганидан мамнунлигини ва озарбайжонлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими тобора ортиб бораётганини билдиришди.

Ярмарка бугун ниҳоясига етади.