Наврўз – жуда қадимий байрам. У исломгача ҳам нишонланган. Шунинг учун у диний байрам эмас. Наврўз она табиатнинг кўкламги уйғонишини улуғлаш, деҳқончилик ишларини бошлаш, бутун жонлиқ ризқига қут-барака тилаш мақсадида анъанавийлашган.

 Унинг нишонланиши Ажидаҳака-Биварасп мансуб бўлган зимистоний кучларнинг мағлуб бўлиши ҳамда йилнинг Ахурага тааллуқли қисми – иссиқ фаслларнинг бошланиши ҳақидаги мифологик қарашлар билан боғлиқ. Шу боис қадимги халқлар Наврўз шодиёналарини айрим мифологик культлар билан боғлаганлар ва эзгуликнинг ёвузлик кучлари устидан ғалаба қилган кунни йилбоши, Наврўз деб ҳисоблашган. Унга алоқадор тантаналар эса, асосан, зиёратгоҳларда ўтказилган. Айтайлик, бухорода бу маросим, асосан, Баҳоуддин Балогардон зиёратгоҳида ташкил этилган.

 “Нав” – янги, “рўз” – кун маъносини англатувчи Наврўз баҳорги кун ва тун тенглиги пайтида, яъни 21-22 март кунлари нишонланади. Бироқ Сосонийлар даврида у давлат байрамига айлантирилиб, ёзда, куннинг энг узун пайти – 21-22 июнь кунларида нишонланган.

Қадимги аждодларимиз баҳорги тенгкунликда қатор маросимлар ўтказишган. Улар орасида Наврўз каттаю кичикка кўтаринки кайфият ва куч-ғайрат бағишлаши билан алоҳида ўрин тутган. Шунинг учун халқ уни севиб-ардоқлаб, асрлардан-асрларга, авлодлардан-авлодларга етказиб келган. Айниқса, Наврўзда болаларнинг иштироки яхшилик аломати ҳисобланган. Хусусан, Наврўзда туғилган болалар омадли ва хосиятли саналиб, алоҳида эъзозга лойиқ кўрилган. Шу куни туғилган йигитларга “Наврўз”, қизалоқларга Наврўзой, Баҳорой, Гулбаҳор, Лола исмлари берилган. Улар иштирокида янги ишларни бошлаш омадли якун топади, деб қаралган.

Болалар Наврўз элчиси сифатида эрта баҳорда униб чиққан бойчечакни кўришса, ундан гулдаста ясаб, бошларига гулчамбар қилиб кийиб, кексалар истиқболига ошиқишиб, ҳовлима-ҳовли юришган ва уларнинг дуосини олишган. “Бойчечак” қўшиғини куйлаб, гул улашиб, баҳор келганидан хабар берганлар. Қўшиқ тугагач, болаларни кексалар қўлини дуога очганча, олқишлашган. Улар бойчечакни кўзларига суртиб, юртга тинчлик ва хотиржамлик, қут-барака тилашган. Сўнгра хонадон соҳибалари болаларга совға-саломлар, ширинликлар улашган. Болалар эса уларни ўзаро тенг бўлиб олишган.

 Бойчечагим бойланди, Қозон тўла айронди....

– деб куйланадиган бу қўшиқни ҳозирги болалар ҳам билишади.

“Бойчечак” номидаги “бой” сўзи “худо”, “чечак” эса “гул” маъносини англатади. Баҳорда очиладиган илк гул – бойчечак халқ орасида “худонинг гули” деб қаралиб, қутлуғ чечак, илоҳий гул сифатида ардоқланган.

Наврўз олдидан етти хил донлик экиннинг уруғидан етти катор экиб ундирилган. Булар  буғдой, арпа, зиғир, тариқ, нўхат, жўхори ва шолидан иборат булган. Уларнинг унишига қараб йилнинг ҳосилдорлик даражаси чамаланган.

Кўпчиб турган ерга мўл қилиб сув сепилган. Бу билан йил бўйи сув, намгарчилик мўл бўлиши исталган. Қизлар ва аёллар билиб-билмай қилинган гуноҳларимиз тўкилсин деган ниятда арғимчоқ учишган. Шу куни кишилар бир-бирларига совға-саломлар улашишган, гина-кудуратлар унутилган, урушлар тўхтатилган. Наврўз дастурхонига етти хил таом қўйилган ва бу таомлар араб ёзувидаги “син”, яъни “с” товуши билан бошланган. Булар ҳазориспанд (сипанд), олма (себ), сиёҳдона (седона), синжид (зайтун  ёғи), сирка, саримсоқ, сабзий (буғдой майсаси)дан иборат бўлган.

Дастурхон ўртасига тол, зайтун, беҳи, анор, тут каби дарахт новдаларидан етти дона, бир идишда пушти ранг, бошқа идишда тоза сув қўйилган. Тоза сув устига мевали дарахтнинг япроқлари ташланган. Дастурхонга патир, қатиқ, сут, пишлоқ, бўялган тухум, хўроз гўшти, қуритилган мевалар, ёнғоқ, бодом, писта, балиқ ва ойна (кўзгу) қўйилган. Наврўз дастурхони учун ёқилган шамлар охиригача ёниши шарт саналган. Яна дастурхон учун гўжа оши, сумалак, ҳалим сингари махсус таомлар пиширилган.

Қолаверса, Наврўз шодиёналари қирқ кунгача, асосан, май ойининг ўрталаригача давом этганлигидан хилма-хил маросимларни ўз ичига олган. Сумалак, бойчечак, лола сайли (сайли гули сурх) сингари маросимлар ҳам аслида Наврўзнинг узвлари саналиб, ана шу муддат давомида ўтказилаверилади.

Айрим жойларда кексалар болаларнинг баҳорда ўйнашларига қараб фол кўришган. Агар болалар тинч, дўстона, қувноқ ўйнасалар – йил яхши келиши, аксинча улар жанжаллашган кўйи шовқин-сурон билан ўйин ўйнасалар – йил нотинч ва оғир келиши чамаланган.

Болам болдан ширинми?

Наврўз кунлари Бухорода, одатда, 12 ёшни тўлдириб, 13 ёшга қадам қўйган болаларга бағишлаб мучал маросимлари ўтказиладиган. Мучал маросими бола қайси ҳайвон номи билан аталадиган йилда туғилган бўлса, ўша номдаги йил келганда ўтказилади.

 Айтайлик, бу йил ўн икки йил олдин қўй йилида туғилган ва ҳозирда 13 ёшга қадам қўяётган ўғил-қизларнинг мучали нишонланади. Мучали нишонланаётган қизга ҳам, ўғилга ҳам Наврўз тонгида бошдан-оёқ оқ кийим кийдирилади.

Бу билан шу болажонларнинг келажаги порлоқ, бахти оқ бўлиши ният қилинади. Улар шаънига ихчам зиёфат дастурхони ёйилиб, қариндош-уруғлар, боланинг устозлари, дўстлари билан биргаликда бу қутлуғ кун қизғин нишонланади. Бухоролик таниқли фольклоршунос О.Сафаровнинг билдиришича, ўтмишда мучал дастурхони ёйилган уйнинг қоқ ўрта болорига таги чарм билан қопланган ҳажман йирик ғалвирсимон идишлар – махсус зағома-тарози паллаларини осиб, улардан бирига мучали нишонланаётган болани, иккинчисига шу бола оғирлигидаги каллақандларни солишган. Сўнгра болани дастурхон тўрига ўтқизиб, унинг вазни бараваридаги каллақандни дастурхон атрофидагиларга тенг тақсимлаб, кулча устига қўйиб улашганлар. Бу улуш дейилган. Мучалини нишонлаётганлар номидан улуш тарқатиш одати Бухорода ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Баҳоуддин чорлайди

 Қадим Бухорода баҳор фасли, Наврўз айёмида оммавий “Гули сурх” сайли ўтказилган. У халқимизнинг гулга оид қадимий тотемистик қарашлари заминида шаклланган бўлиб, узоқ тарихга эга. “Гули сурх” сайли эрта баҳорда лолаю лолақизғалдоқлар очилганда ўтказилган. Бу куни шаҳар аҳолиси Номозгоҳ майдонидан то Ширбудуну Баҳоуддин зиёратгоҳигача ёйилиб сайл қилган. Шунинг учун сайлда куйланадиган халқ термаларида сайл ўтадиган жой номлари алоҳида тилга олинади.

Жумладан:

Арк олдида гул сайли,

Гул сайлига кел майли.

Баҳоуддин чорлайди,

Эрта саҳар наҳори,

дея Бухоронинг рамзига айланган машҳур тарихий обидалардан Арк, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи  номи тилга олиб ўтилаётир.

Сайл давомида, айниқса, Бухоронинг машҳур таомлари ҳалимпазлик, ҳалисапазлик, ошпазлик, кабобпазлик авж олган. Шу сабабли сайл термаларида бу таомларга нисбатан халқ таърифи келтирилади:

Ҳалиса – ҳалолларнинг оши,

Кочи – полвонларнинг оши,

Ҳалим – ҳакимларнинг оши,

Шўла – шодмонларнинг оши,

Софи – султонларнинг оши,

Кабоб – хонларнинг оши.

Тухумбарак – қопларнинг тўлиши рамзи.

Гулдан тайёрланг шароб

Айниқса, гул сайлида Бухорога хос заррин кийимлар, зардўз чопону ковушлар кийиб олган йигит-қизлар, ошиқ-маъшуқалар бир-бирига дил розларини, ички туйғуларини ошкор этишга интилганлар. Шунинг учун “Сайли гули сурх” термаларида  бунга ишора алоҳида бўртиб кўринади:

Сайл куни ҳамма эски гина-қудратларни, ғам-ташвишларни унутиши, кишилар бир-бири билан аҳил-иноқ бўлиб, шодиёнани яхши кайфият билан ўтказиши талаб қилинган. Хусусан, сайл куни етим-есирларнинг боши силанган. Кексалар, беморлар, якка-ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олинган. Уларнинг кўнгли кўтарилган. Ўтганлар хотираси ёд этилган.

Сайл тантаналари чоғида карнай ва сурнай, ноғораларнинг дилни янгратувчи наволари чор-атрофни тўлдиради. Сайл майдонларида полвонлар кураши, бир томонда кўпкари, бир томонда хўроз ёки қўчқор уриштириш, яна бир томонда дорбоз, қизиқчилик ва масхарабозлик, қўғирчоқ томошаси авж олади. Яна сайл куни ҳунармандлар расталари ҳар доимгидан баравж ва гавжум бўлади:

Расталар бунча дўлоб,

Гулдан тайёрланг шароб.

Сайлда ичиб олиб, жанжал чиқариш, одамларнинг кайфиятини бузиш қаттиқ қораланади. Сайлни оқсоқоллар бошқариб, назорат қилиб туришган. Бухорода мана шундай катта тантана, оммавий сайл кўринишида ўтадиган “Гули сурх” байрами жуда машҳурлигидан, унга бошқа жойлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюришган:

Бухороликлар “Сайли гули сурх”да иштирок этишни савоб деб билганлар. Шу куни ҳар ким бир ниҳол экиб, бу оммавий тадбирга ўз улушини қўшишга интилган:

Гул сайлига бормоқ ҳам, билиб қўйинг бир савоб

Ҳар баҳорда шу одат,

Халқ оғзида ривоят,

Биттадан ниҳол экиш,

“Гули сурх”га садоқат.

Гул сайлига бормоқ ҳам,

Билиб қўйинг бир савоб

Наврўзолди дарвешоналар ўтказиш ҳам ўзига хос анъаналардан биридир. Бунинг учун кўча, гузар аёллари ўзаро маслаҳатлашиб олишади. Аввало, дарвешона таомини пишириш масаласи келишиб олинади. Дарвешона овқатига тўрт килограмм гўшт, чарви ёғи, 7 хил донли экинларнинг маҳсулоти: биринч (гуруч), макка, ловия, нўхат, мош, буғдой ярмаси, тариқ солинади. Ўзбекона сабзавотлар: сабзи, шалғам, кади (қовоқ) ишлатилади. Картошка солинмайди.

Халқ кучи билан дастурхон тузалади. Кимдир нон ёпади. Кимдир шакар қўшади. Ун ва шакардан ҳалвойтар тайёрланади. Ғўлингоб, нишолда қилинади. Сомсалар, бўғирсоқлар, тухум барак пиширилади.

Аёллар, эркаклар, болалар алоҳида-алоҳида давра қилиб ўтирадилар. Дуолар ўқилади. Овқатдан уйларига ҳам олиб кетишлари мумкин ҳисобланади. Айниқса, дарвешонага оиласида кетма-кет ўлим юз берганлар махсус чақирилади, лекин улардан аксарияти келмасликка ҳаракат қилади. Улар учун дарвешона таоми етказилиб, кўнгил сўраб қўйилади.

Бошқа жойларда дарвешоналар, масалан, Сурхондарёда “шаҳид” ҳисобланган, яъни бир жойда кетма-кет кишилар шикат топиб, ҳалок бўлган бўлса, ҳар йили одам чўкиб ўладиган сувлик бўйида, машина ҳалокати кўп содир бўладиган жойларда ташкил қилинади. Кўпинча ўша жойда қон чиқарилиб, элга ош тортилиб, халқ дуоси олинади.

Хуллас, Бухоро замини мана шундай ўзига хос қадимий, анъанавий удумларга эга. Улар ҳақида билиш етишиб келаётган ёш авлод учун муҳим. Халқимизнинг энг қадимий маънавий анъаналарини ўзида мужассам этган, оммани уюштирувчи ва янги бунёдкорлик ишлари сари ундовчи Наврўз удумлари баркамол авлод тарбиясига руҳий-эстетик таъсир кўрсатиб, аввало, ёшларни садоқатли қилиб тарбиялашда муҳим восита ролини бажара олади.

Дармонай Ўраева,

Бухоро давлат унивеерситети профессори,

филология фанлари доктори