2023 йил 14 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайл алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди ҳамда ушбу трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш чоралари белгиланди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига жорий йил 6-13 июнь кунлари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва улар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатувчи миссияси вакили аккредитациядан ўтказилди.
Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 159 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди.
Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 554 нафарни ташкил этмоқда, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.