Буни ғарблик олимлар ҳам эътироф этади. Британиялик экспертлар Р.Алисон ва Л.Жонсон фикрича: “ШҲТ умумийлик ёки умумий мақсад негизида юзага келмаган. Бошқа ҳалқаро ташкилотларда аввал институтлар шаклланиб, улар кейин мазмун билан тўлдирилган. ШҲТ эса аввал тор масалалар юзасидан келишувга эришиш ва шу асосда кун тартибини кенгайтириб бориш йўлидан борган”.
Буни ШҲТ Хартиясида ўз ифодасини топган “адолатли дунё тартиботи” ва “ҳалқаро муносабатларни демократлаштириш” каби мақсадларида кўриш мумкин. Бу ташкилот моҳиятини тушунишда, ғарбда эътироф этилган реализм, либерализм ва, ҳатто конструктивизм назарияларини қўллаб бўлмайди, чунки ушбу назарияларнинг негизида: “халқаро муносабатларда йирик давлатларнинг манфаатлари асосий бўлиб, кичик мамлакатлар бу “ўйин қоида”ларига риоя қилади”, деган ғоя ётади. Ушбу ташкилот умуман янги геосиёсий, иқтисодий ва цивилизациявий шарт-шароитлар таъсирида қарор топганлигини инобатга олиб, ШҲТни “янги минтақавийлик” назарияси доирасида ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Бу ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларини очишда унинг 2002 йилда қабул қилинган Хартиясига мурожаат қилсак бўлади. Унга мувофиқ, “Шанхай руҳи” асосида “ўзаро ишонч”, “ўзаро манфаат”, “тенглик”, “ўзаро маслаҳатлашув”, “маданиятлар хилма-хиллигига нисбатан ҳурмат”, “биргаликда ривожланишга интилиш” каби тамойиллар ётади. Бундан ташқари, Хартияда яна иккита муҳим асос мавжуд:
- ШҲТнинг бошқа давлатлар ва ҳалқаро ташкилотларга қарши қаратилмаганлиги;
- Қарорларнинг консенсус (келишув) асосида қабул қилиниши тамойилларининг амал қилиши.
Юқоридаги доктринал аҳамиятга эга тамойиллар ШҲТнинг “янги минтақавийлик” намунаси сифатида қарор топиши ва ривожланишини минтақа ва дунё ҳамжамиятига қўшаётган ҳиссасида кўриш мумкин.
ШҲТ ташкилоти тузилган пайтда, Марказий Осиё мамлакатлари ёш, дипломатик тажрибаси кам ва сиёсий-иқтисодий жиҳатдан ожиз бўлишига қарамасдан Россия ва Хитой билан, умуман олганда, тенг ва ўзаро манфаатли келишувларга эриша олди. Келгусида жиддий ҳудудий баҳс ва зиддиятларга олиб келиши мумкин бўлган Марказий Осиё мамлакатлари ХХР ўртасида чегаралар масаласининг “Шанхай бешлиги” доирасида узил-кесил ҳал қилиниши – минтақада стратегик барқарорликни таъминлабгина қолмай, кўптомонлама ҳамкорлик учун қулай замин ҳам яратиб берди.
Ўзбекистоннинг минтақада шундай нуфузли ШҲТга – Хитой халқ Республикаси, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари билан биргаликда тўлақонли аъзо бўлиб кириши – давлатимиз ривожида ва қўшничилик сиёсатида янги саҳифани очиб берди. ШҲТ давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий, ижтимоий-маданий, таълим ва ҳалқ дипломатияси, ҳатто мудофаа соҳаларда ҳамкорлик кучайди. Айниқса, иқтисодий, ҳуқуқий ижтимоий-маданий ва таълим соҳаларида давлатларимиз ўртасида икки тарафлама ва кўп қиррали халқаро лойиҳалар 2018 йилда қабул қилинган “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қароридан сўнг амалга оша бошлади. Ушбу қарор асосида 2018 йил Тошкентда “ШҲТ – халқ дипломатияси Маркази” ўз фаолиятини бошлади. Қисқа вақт ичида ШҲТ давлатлари ўртасида ижтимоий-маданий, ҳалқаро ҳуқуқ, таълим, тасвирий санъат ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди ва ҳалқларимиз ўртасида дўстона муносабатлар янада кучайди.
Шунингдек, Алишер Навойи кутубхонасида “ШҲТ билим зали” очилди. 2019 йилдан бошлаб пандемия шароитида одамларнинг руҳини кўтариш учун Тошкент шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг барча саккиз давлат мусиқаси ўзбек артистлари томонидан ижро этилиб, ШҲТ давлатлар аъзоларига электрон шаклида юборилмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университетда илк бор Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг “Лидер аёллар форуми” ўтказилди. Халқаро тинчлик кунига бағишлаб Мактабгача таълим вазирлиги, ЮНЕСЕФ хамкорлигида ШҲТ давлатлари боғча болажонларининг расмлар кўрик танлови, ёшлар орасида ШҲТни фаолиятини тарғиб этувчи “Модель ШОС” номли олий таълим талабалари ўртасида интеллектуал тадбирлар ўтказилди. ШҲТнинг 20 йиллигига, Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ”Ўзбекистон ва ШҲТ: барқарор ривожланиш ҳамкорлиги” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий даражадаги мунтазам учрашувлар, шу жумладан, давлат раҳбарларининг 2017-2020 йиллардаги музокаралари натижасида Ўзбекистон-Хитой стратегик шерикчилиги сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. 2019 йилда Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялари ҳажми 9,8 миллиард доллардан ошди, 100 миллион долларга яқин миқдорда турли грантлар жалб этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТдаги хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган 10 дан ортиқ ташаббуси амалга оширилди ва Ўзбекистон ШҲТда янги платформаларни яратиш бўйича ташаббускорга айланди. Яна шуни таъкидлаш лозимки, ШҲТга аввал кузатувчи, сўнг тўлақонли аъзо бўлиб Ҳиндистон ва Покистон каби йирик давлатларнинг қўшилиши сиёсий майдонда давлатимиз нуфузини янада ортишига сабаб бўлди.
Юқоридаги фикр-мулоҳазаларни умумлаштирсак, Ўзбекистоннинг ШҲТ билан ўзаро манфаатли, тўлақонли, дўстона ҳамкорлиги, унинг халқаро муносабатларда янги босқичга кўтарилиб, жаҳон миқёсидаги сиёсий нуфузи кескин кучайганлигини кўрамиз.
Фозил СУЛТОНОВ,
Республика манавият ва маърифат маркази масъул ходими