Улуғ ҳукмдорнинг шонли ва шукуҳли фаолияти, у асос солган қудратли салтанатнинг оламшумул ютуқлари, асрлар давомида илм-фан, маданият, санъат ва маърифат чўққисида қўр тўкиб турган улуғвор авлодларининг ёрқин қиёфаси дунё аҳлини ўзига мафтун қилиб келмоқда. Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги тадбирли ва қатъиятли сиёсати, асрларга бўйлаган бунёдкорлик ишлари ўзбек миллати қадр-қимматини жаҳон тамаддуни саҳнида ҳали-ҳануз юксак мавқеда тутиб турибди.

Узоқ вақт мобайнида ўзлигимиз, маънавий қудратимизни сояда қолдириш учун буюк саркарданинг мўътабар номи собиқ мустамлакачилик мафкураси қобиғида номуносиб сифатлар билан қоралаб келинди. Юртимиз истиқлолга эришганидан кейин улуғ аждодларимиз қатори Амир Темур шахсиятига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ беназир аждодимизнинг мўътабар номини абадийлаштириш борасида кўплаб ишлар қилинди. Бу улуғ сиймо, том маънода, халқимизнинг эрк, ҳуррият, ҳамият ва орият рамзига айланди.

Бугун эса янги Ўзбекистондаги мисли кўрилмаган ислоҳотлар, халқ ва миллат руҳиятидаги келажакка юксак ишонч кайфияти, замон билан ҳамнафасликда камол топиб, Учинчи Ренессанс ғоясини юзага чиқариш мақсадида ғайрату шижоат кўрсатаётган ёш авлоднинг улкан орзу-умидлари Амир Темур бобомиз шахсияти ва фаолиятидаги бунёдкорлик тамойилларига ниҳоятда уйғун.

Темурийлар ва Иккинчи Уйғониш даври: жасорат ва маърифат уйғунлиги IX-X асрларда мамлакатимиз ҳудудида илм-фан марказлари юзага келди. Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмун II ташаббуси билан Хоразмда қад ростлаган “Дорул ҳикма ва маърифа” (Хоразм Маъмун академияси) маърифатга ташна, зеҳни ўткир илм фидойиларини жалб қилган. Уларнинг етук салоҳияти, имкониятини юзага чиқариш ва чуқур билим олиши учун кенг имконият яратиб берилган.

Қолаверса, сомонийлар саройида турли мамлакатлардан келтирилган нодир ва ноёб китоблар жамланиб, улкан кутубхона бунёд этилгани Абу Али ибн Синодек фавқулодда иқтидор соҳибларининг камол топишида бетимсол аҳамият касб этган. Буюк ақл эгаларининг ихтиролари ҳозирга қадар инсон манфаатлари, истиқболи, фаровон турмуши учун хизмат қилаётгани адолатли жамиятда иқтидору истеъдодга бериладиган эътибор бесамар кетмаслигига ёрқин далилдир.

Иккинчи Уйғониш даври — темурийлар Ренессансининг тамал тоши, тараққиёт пойдевори эса Амир Темур бошлаган илғор ислоҳотларнинг амалий натижаси эди. Миллат ва халқ бошига турли мушкулотлар, синову машаққатлар тушганда ҳақиқий элпарвар, юртсевар, мумтоз адабиётимизда улуғланганидек, “эр табиатли”, фидойи зотлар тарих саҳнасига чиқади. Уларнинг тоза фитратида олижаноблик, олийҳимматлилик, мардоналик фазилати ёрқин акс этиб туради.

Шубҳасиз, Амир Темур асрлар мобайнида қийналган, эзилган, жафокаш халқимизни мўғул босқинидан халос қилиб, миллий ғурур, миллий нафсоният тамойилларини онгу шуурга сингдирган матонат машъалидир. Унинг халқ руҳиятидаги ўзига кучли ишончни уйғотиши миллатнинг қон томирларида гупуриб турган, аммо эрксизлик, умидсизлик, тушкунлик туфайли мудраган маънавий қудратни яна жонлантириб юборди.

Амир Темур салтанатининг сурурли муваффақиятлари таъсирида адабиёт майдонида мангу нашъу намо топган, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бундай ёзган эди:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек...

Расадким боғламиш — зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Темурий ҳукмдорлар ақл-заковат соҳибларига ҳомийлик қилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш баробарида ўзлари ҳам илму ҳунар, санъату маданият давраларига бошчилик қилди. Масалан, Амир Темурнинг эвараси Ҳусайн Бойқаро замонида бугунгача ҳам илмий тадқиқотларда сир-синоатлари атрофлича ўрганилаётган адабий, маърифий юксалиш босқичи юзага келди. Алишер Навоий феномени, шубҳасиз, бу жараённинг ёрқин сиймоси эди. Темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон тамаддунидаги мавқеи, давлат бошқаруви, илм-фан тараққиёти, маданий ва маънавий ҳаёт ривожидаги безавол шижоати Иккинчи Уйғониш даври ютуқларининг нақадар пурвиқорлигини янада яққол кўрсатади.

Бугун ватанимиз тараққиётнинг мутлақо янги поғонаси — янги Ўзбекистон даврига дадил ва ўктам қадам босди. Нафақат ижтимоий-маиший турмуш маданиятида, балки халқимиз онгу шуури, маънавий-маърифий дунёсида ҳам янгиланиш, мамлакатимиздаги мисли кўрилмаган ижобий ислоҳотлар таъсирида эртанги ёруғ кунларга умид ва ишонч руҳи ёрқин акс этмоқда. Тафаккур ўзгариши эса шахс камолоти, жамият тараққиёти, юрт равнақи учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Ҳозир Учинчи Ренессанс остонасида интеллектуал салоҳиятли, азму шижоатли фарзандлари билан “эшик қоқиб турган” янги Ўзбекистон жаҳон тамаддуни саҳнида ҳар ­қачонгидан-да улуғвор ва салобатли кўринаётир. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи миллат етакчисининг кучли иродаси ва халқимиз маънавий жасоратини ифода этган тарихий ҳодиса бўлди.

“Устувор мақсадимиз — мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”, деган эди Президентимиз. Дарҳақиқат, жаннатмонанд диёримизда “инсон — жамият — давлат” ва “инсон қадри учун” тамойиллари асосида юритилаётган олижаноб сиёсат ана шу фикрларнинг амалий исботи, ҳаётий намунасидир.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк босқичиданоқ илм-фан ривожи ва олимларга алоҳида эътибор қаратиб, маърифатнинг ҳаётбахш кучини тараққиётнинг некбин келажагига йўналтиришни мақсад қилган. Жумладан, 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2025 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари моҳиятида ана шу — Учинчи Ренессанс ғоясининг ҳаётий асослари, бу йўлдаги амалий хатти-ҳаракатлар стратегияси ифодаланган.

Илм-фан аҳлининг берилган имконият ва яратилган шароитлардан мамнунлик кайфияти ила юрт истиқболи йўлида астойдил қилаётган меҳнати эса, ҳеч шубҳасиз, яқин келажакда самара беради.

“Темур тузуклари”: миллат, ҳуррият ва ҳамият қўлланмаси

Амир Темур фаолиятида адолат, ҳақиқат, маърифат, жасорат байроғини баланд кўтариб, разолату хиёнат, адовату қабоҳатга қарши муросасиз ва шафқатсизларча курашган. Унинг қиёфасида ноҳақлигу адолатсизликка исён руҳи миллатга чексиз муҳаббат билан ўзаро уйғунлашган. Агар “Темур тузуклари”га синчковлик ила назар ташласак, бу фикрларимизнинг тўғрилигига яна бир бор амин бўламиз.

Бугун юртимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилгани, буюк муҳаддис Имом Бухорий қадамжосининг қайта очилгани, кўплаб улуғ аждодларимизнинг мангу маконлари обод масканларга айлантирилгани Соҳибқирон Амир Темур бошлаган хайрли ишларнинг янги Ўзбекистондаги улуғвор ва бетакрор намуналаридир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз турмуши маданиятида, “Темур тузуклари”да келтирилгандек, оқкўнгиллик фазилатининг камол топиши ва ҳушёрликнинг оширилишига хизмат қилади, албатта. Ишонч билан айтиш мумкинки, янги Ўзбекистон улуғ аждодимиз Амир Темурнинг некбин қарашларидан сабоқ олиб, тараққиётнинг мутлақо ўзига хос йўлидан дадил давом этмоқда.

Соҳибқирон бобомиз “Очиқ кўнгил ва раҳм ва шафқат била халойиқни ўзимга ром этдим. Ва адолат ва мурувват қилиб, зулму жаврдин йироқ бўлдим. Ва жоҳил ва ёмон феъллардан безорлик тиладим”, дейди. Китоб эса инсонни эзгу фазилатларга ошно этади. Уни камолот сари йўллаб, ахлоқ поклигига эриштиради.

Ана шуни инобатга олиб, янги Ўзбекистонда китобхонликка алоҳида урғу берилаётир. Жумладан, жорий йилнинг 24 февраль куни мамлакатимиз етакчисининг “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан учрашувида кўплаб масалалар қатори кутубхона, “book cafe” ва китоб дўкони очиб, ойига 10 мингтадан ортиқ китоб сотувини йўлга қўйган тадбиркорларга 3 йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда берилиши алоҳида таъкидланди. Бу эса китобхонликни янада ривожлантириш билан бирга ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат бозорига жалб қилиш ва моддий манфаатдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги тарихий қарорида Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Буюк темурийлар” атамасининг халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий қилинишини таъминлаш учун хорижий давлатларда “Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида тақдимотлар, медиа тадбир ва анжуманлар ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Дарҳақиқат, “Буюк темурийлар” истилоҳи янги Ўзбекистон ғояси ва Учинчи Ренессанс орзуси билан муштаракликда тарғибу ташвиқ этилса, бу некбин қарашларнинг ўзаро уйғунлиги, бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги ёш авлоднинг онгу шуурига сингдирилса, биз ўз кўзлаган мақсадларимизга, албатта, эришамиз. Зеро, Амир Темур бобомиз айтганидек, азму қарор ва сабру тоқат ва мулоҳаза ва эҳтиёт ва баҳодирлик билан барча ишлар муяссар бўлур.

Мақсуд АСАДОВ,

Ўзбекистон Фанлар академиясининг

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти

директори ўринбосари,

филология фанлари доктори,

профессор