Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган қабул маросимига халқаро ташкилотлар ва хорижий миссияларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари таклиф этилди.
Тадбир маданият ва туризм вазири О. Назарбеков вазирлик ва унинг тузилмалари олдига қўйилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб амалга оширилган ишларга, шу жумладан UNWTO Бош ассамблеясига қадар Самарқандда туризм таълими, туризмда аёлларнинг ўрни, экотуризм, гастрономик туризм, IT технологиялар, туризм соҳасидаги “ақл маркази”ни ташкил этиш бўйича муҳим халқаро тадбирлар режасига тўхталиб ўтди.
Тадбирда маданият, санъат, кино, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликлар, Бош Aссамблеянинг навбатдаги сессиясини етакчи хорижий ОAВларда тарғиб қилиш каби муҳим масалалар, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Вазир дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар вакилларига мурожаат қилиб, 2023-йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган UNWTO Бош Aссамблеясининг 25-сессияси доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди. Шу билан биргаликда, 2023–2027-йиллар учун UNWTO Ижроия кенгаши аъзолигига номзодлар ташкилотнинг минтақавий комиссиялари йиғилишларида танлаб олинади ҳамда тасдиқлаш учун Бош ассамблеяга тақдим этилиши қайд этилди ҳамда Кенгаш аъзолигига Ўзбекистон Республикаси номзодини қўллаб-қувватлаш сўралди.
Ўз навбатида, О. Назарбеков Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган тадбир ўзбек халқи меҳмондўстлигининг энг юқори даражасида ташкил этилишини ва жаҳон туризм индустриясининг барқарор ривожланишига кучли туртки берувчи тарихий воқеага айланишини алоҳида таъкидлади.
М. Мўминова