Ушбу марказ раҳбарияти томонидан меҳмонларга мамлакатда ишлаб чиқарилаётган барча турдаги электр энергияси қувватлари ва уларнинг тақсимоти, қайта тикланувчи электр энергияси унумдорлиги бўйича тақдимотлар ўтказилиб, марказ фаолияти кенг таништирилди.

Нажу шаҳридаги яна бир муҳим объект - «NK Korea Co. LTD» электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш компаниясида делегация аъзолари бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишди.

Қайд этиш керак, мазкур компания Жанубий Кореянинг электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари «Guemchul» компаниясида ҳам бўлиб, қуёш панеллари ёрдамида иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи мосламаларни кўздан кечирди.

Мазкур қурилмалар ёрдамида қуёш нурининг жамланмасидан ҳосил бўлган энергиялар ҳисобидан сувни 300 градусдан 500 градусгача иситиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, қурилма ёрдамида бир вақтнинг ўзида электр энергияси, иссиқлик энергияси ҳамда сувни иситиш имконияти яратилади. Хусусан, мазкур қурилмалар иссиқхона хўжаликлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини иссиқлик энергияси билан таъминлашда энг қулай ва муқобил энергия қуввати ҳисобланади.

Музокаралар чоғида Ботир Зарипов мазкур қурилмаларни Бухоро вилоятида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Компания раҳбарияти воҳанинг иқлими ва ҳудудда иссиқлик манбаига бўлган талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда мазкур лойиҳани Бухоро вилоятида амалга оширишга тайёрлигини ҳамда тез фурсатда Бухорода мазкур қурилмаларда тест синовларини ўтказиш режалаштираётганини билдирди.

Музокаралар якунида Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда «Guemchul» компанияси ўртасида Бухоро вилоятида қайта тикланувчи энергия қувватлари ёрдамида иссиқлик манбаини ишлаб чиқариш қурилмаларининг тест синовини ўтказиш ҳамда тест синовлари асосида Бухоро вилоятида хусусий сектор билан ҳамкорликда қурилмалар ишлаб чиқариш бўйича Англашув меморандуми имзоланди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи давом этади, деб хабар беради «Дунё» АА.