Ўтказилган рейд тадбирларида Бухоро вилоятининг Когон шаҳри, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида жойлашган озиқ-овқат ҳамда буюм бозорлари санитария талабларига жавоб бермаслиги, санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан «Ғиждувон деҳқон бозори», «Когон савдо маркет», «Когон Соҳибкор деҳқон бозори», «Шофиркон деҳқон бозори» ва «Шофиркон савдо комплекси» маъмуриятининг жами 5 нафар мансабдор шахсларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли Суд органига тақдим этилди.
Шунингдек, ўрганишда бир қатор фуқаролар томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатлари аниқланиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва БМҲнинг 1 баравари, яъни 375 минг сўмдан жарима қўлланилди.
Бундан ташқари, Агентлик масъуллари ва Экологик давлат назорат инспекторлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2-октабрдаги 787-сон қарорига мувофиқ санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари ҳақида батафсил тушунтирилди.