Бухоро вилоятида ҳаракатдаги газ қувурларининг муҳофаза ҳудудида барпо этилган 288 та (турар ва нотурар) бино-иншоот ноқонуний қурилгани аниқланди. Бу “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан хизмат кўрсатиш ҳудудида олиб борилган ўрганишлар давомида қайд этилган.

Хусусан, юқори босимли ҳаракатдаги газ қувурлари ҳимоя ҳудудида 22 та, ўрта босимли газ қувурлари ҳимоя ҳудудида 196 та, паст босимли газ қувурлари ҳимоя ҳудудида эса 70 та бино-иншоот ноқонуний қурилган. Туманлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори кўрсаткич 127 тани ташкил қилиб, Ғиждувон туманида эканлиги маълум бўлди.

Ноқонуний қурилган бино-иншоот масъулларига тегишли тартибда огоҳлантириш хатлари тақдим этилган.

Ўрганишлар ҳамда ушбу хавфнинг олдини олиш юзасидан кўрилган чоралар асосида ноқонуний қурилмани қурган шахслар ҳисобидан ихтиёрий равишда 60 та бино-иншоот остида қолиб кетган газ қувурлари хавфсиз масофага кўчирилди. 

Таъкидлаш лозим, “Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари” талабларига кўра ер ости ва ер усти газ қувурларидан бино, иншоотларгача бўлган минимал масофа қуйидаги тартибда белгиланган:

 Паст босимли газ тармоқлари учун – 2 метр;

 Ўрта босимли газ тармоқлари учун – 4 метр;

 Юқори босимли ИИ-тоифали тармоқлар учун – 7 метр;

 Юқори босимли И- тоифали тармоқлар учун – 10 метр.