“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими остида имтиёз олган тадбиркорнинг омборига кирган божхона ходимлари кутилмаган ҳолатга — бўм-бўш хоналарга дуч келишди, дея хабар беради Қўмита ахборот хизмати.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида мазкур корхона 2024–2025 йиллар давомида четдан келтирилган хом ашёдан мақсадли фойдаланмагани аниқланди.
Аслида, қиймати 232 минг долларлик 217 тоннадан зиёд пайвандланган қувур, 48 тоннадан ортиқ чиқинди, 1,2 тонна пластик вилка ва 2,2 тонна кимёвий материаллар божхона назорати остида сақланиши керак эди. Ушбу товарлар қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиниши шарти билан тадбиркор 650 миллион сўмлик божхона тўловларидан озод қилинганди. Бироқ амалда бу хом ашёлар омборда мавжуд эмаслиги божхона режими шартлари қўпол равишда бузилганини кўрсатмоқда.
Бу каби ҳолатлар нафақат давлат бюджетига зарар етказади, балки яширин иқтисодиётга йўл очиб, бозордаги адолатли рақобат муҳитини издан чиқаради. Ваҳоланки, Ўзбекистонда мазкур божхона режимидан ҳалол фойдаланаётган тадбиркорлар сони 2025 йилда 355 нафарга етди.
Ўтган йилнинг ўзида 1,6 миллиард долларлик қайта ишланган маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 8 баробарга ошди. Имтиёзлар туфайли тадбиркорлар ихтиёрида 1,9 триллион сўм маблағ қолдирилди.
2026 йилда эса экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шундай имкониятлар даврида берилган имтиёзни суиистеъмол қилиш соҳа ривожига тўсиқ бўлиши шубҳасиз.