Дунё тамаддуни — инсониятнинг минг йиллар давомида шаклланган маданий, илмий, ижтимоий ва технологик тараққиётининг яхлит мажмуаси. Ҳар бир давр инсоният тафаккурида бурилиш ясаган, тараққиётнинг янги мезонларини белгилаган. Тарихий ҳақиқат шуки, жаҳон цивилизацияси ривожида қадим Турон алоҳида ўрин тутади. Бизнинг диёр минглаб алломаларни етиштирган, илм-фан, тиббиёт, фалсафа, астрономия, меъморлик ва давлат бошқаруви соҳаларида инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирларни дунёга берган.

Бугун ана шу тарихий мерос замонавий тараққиёт ғояси билан уйғунлашмоқда. Мамлакатимиз етакчиси Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси нафақат сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар дастури, балки миллий тараққиётнинг янги фалсафасидир. Бу билан дунё тамаддунининг ривожланиш нуқтаси яна қадим Туронга — айнан Ўзбекистонга қайтмоқда дейиш мумкин. Чунки давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсат марказида инсон қадри, адолат, ­қонунийлик ва очиқлик тамойиллари турибди. Энг муҳими, ортга қайтмас хусусият касб этган бу ислоҳотлар тизимли, изчил ва узоқ истиқболга қаратилган.

Тарихдан маълумки, давлатлар тараққиётида ҳал қилувчи даврлар бўлади. Уларнинг аҳамияти йиллар ёки рақамлар билан эмас, балки жамият ҳаётида юз берган туб бурилишлар билан ўлчанади. Чинакам етакчининг сиёсий иродаси, ташаббускорлиги ва масъулияти ана шундай даврларни вужудга келтиради. Шу нуқтаи ­назардан ­қараганда, Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йиллик тараққиётини фақат статистик кўрсаткичлар билан баҳолаш етарли эмас. Бу — миллий давлатчилик тафаккури янгиланган, фуқаролик жамияти институтлари мустаҳкамланган, иқтисодий эркинлик ва тадбиркорлик муҳити кенгайган, ташқи сиёсатда очиқ ва прагматик йўналиш қарор топган даврдир.

Муҳими, жамиятимизда инсон омилига муносабат ўзгарди. “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя амалда ўз ифодасини топмоқда. Адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, давлат хизматларини халққа яқинлаштириш, ёшлар ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, таълим ва инновацияга устувор аҳамият қаратиш — буларнинг барчаси Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қаратилган стратегик қадамлар.

Бугунги шиддатли глобал рақобат шароитида тараққиёт аниқ режа, қатъий интизом ва узлуксиз янгиланишни талаб этади. Янги Ўзбекистон ғояси ана шу талабларга жавоб берадиган миллий тараққиёт модели сифатида намоён бўлмоқда. Агар Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида заминимиз илм-фан ва маърифат маркази сифатида ном қозонган бўлса, бугунги мақсад шу тарихий нуфузни замонавий инновациялар, рақамли технологиялар ва юксак интеллектуал салоҳият асосида қайта тиклашдир.

Шу маънода, сўнгги ўн йилни, муболағасиз, асрларга татигулик давр деб аташ мумкин. Чунки бу йиллар мобайнида жамият руҳияти, давлат ва халқ ўртасидаги муносабатлар, бошқарув маданияти ва стратегик мақсадлар тубдан янгиланди.

Бой тажриба ва улкан тафаккур

Учинчи Ренессанс ғояси шунчаки залворли шиор ёки қисқа муддатли сиёсий дастур эмас. У миллий тараққиётнинг чуқур ўйланган, тарихий тажриба ва замонавий глобал жараёнлар таҳлилига таянган стратегик концепциясидир. Бу ғоянинг марказида   инсон капитали туради. Зеро, XXI асрда бойлик табиий ресурслар билан эмас, билим, инновация ва интеллектуал салоҳият билан ўлчанмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс тамойили айнан шу ҳақиқатни англашдан келиб чиққан. Инсон капиталига сармоя киритиш ижтимоий сиёсат, давлат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик ва миллий рақобатбардошлик масаласидир. Мактабгача таълим қамровининг кенгайиши, замонавий мактаблар барпо этилиши, янги университетлар ва хорижий олий таълим муассасалари филиалларининг очилиши, илмий тадқиқот фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган қарорлар камида бир неча ўн йиллик истиқболни кўзлаган ­стратегик тафаккур ва ёндашув ҳосиласидир. Илм-фан ва инновацияни иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мамлакатимизни хомашё етиштирувчи давлат модели ­доирасидан чиқариб, ­қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш босқичигача юксалтиришни назарда тутади.

Стратегик фикрлашнинг муҳим белгиларидан бири бугунги муаммони ҳал қилиш билан бирга эртанги эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан кўра билишдир. Учинчи Ренессанс ғояси давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра билиш қобилиятини янада кенг ва ёрқин намоён қилди.

Ҳар қандай кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, сиёсий ирода ва қатъий позициядан бошланади. Ўтган даврда мамлакатимиз ҳаётининг деярли барча соҳасини қамраб олган минглаб қарор ва фармонлар давлатчилик фалсафасидаги туб бурилишнинг амалдаги ҳуқуқий ифодаси бўлди.

Энг муҳим ўзгариш шундаки, ислоҳотлар ташқи шаклни эмас, ички моҳиятни ўзгартиришдан бошланди. Давлатнинг роли қайта таърифланди: у назорат қилувчи ва жазоловчи эмас, балки халқ манфаатига хизмат қилувчи институт сифатида белгилаб қўйилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил бошқарувнинг бош мезонига айланди. Бу ғоя раҳбариятнинг сиёсий баёноти даражасида қолиб кетмади, балки амалий бошқарув жараёнига татбиқ этилди.

Раҳбар ходимларнинг муаммоларни жойида ўрганиши, танқидий таҳлил ва шахсий масъулият тамойилига таяниши бошқарув маданиятида мутлақо янги стандартни шакллантирди. Илгари муаммо яширилар эди, бугун эса уни очиқ тан олиш ва ҳал этиш устувор вазифага айланди. Илгари ҳисобот расмий рақамлар билан чекланган бўлса, бугун натижа инсон ҳаётидаги амалий ўзгариш билан ўлчанмоқда.

Иқтисодий либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, суд-ҳуқуқ тизимини қайта қуриш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган бундай изчил ­чора-тадбирлар бутун бошқарув тафаккурини ўзгартиришга қаратилган стратегик сиёсий танлов натижасидир. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ортга қайтмас хусусияти билан ғоят муҳим аҳамиятга эга экани халқаро миқёсда ҳам кенг тан олинган ҳақиқат.

Бугун мамлакатимизда ҳар бир фуқарога бошқарув объекти эмас, балки унинг фаол иштирокчиси сифатида қаралмоқда. Тафаккурдаги ана шу муҳим ўзгариш янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг мустаҳкам манбаи бўлиб хизмат қилаётир.

Ишонч капитали — барқарорлик омили

Мамлакатимизда давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда сифат жиҳатдан мутлақо янги муҳит шакллантирилди. Асосийси, ўзаро ишонч тикланди ва у институционал асос касб этди. Бу сиёсий барқарорликни таъминловчи стратегик капитал эканини кўпчилик яхши билади.

Мурожаатлар билан ишлашнинг ягона тизими, очиқ мулоқот ва жамоатчилик назорати механизмлари давлат бошқарувида мутлақо янги амалиётни қарор топтирди. Илгари фуқаро муаммоси идора деворлари ортида қолиб кетган бўлса, бугун у давлат сиёсати кун тартибига чиқмоқда. Мурожаатлар таҳлили қарор қабул қилиш жараёнининг асосий манбаига айланди.

Энг муҳими, “Давлат фаолияти инсон учун” тамойили декларатив шиор даражасида қолиб кетмади. У бошқарув амалиёти, ҳисобдорлик ва очиқлик маданияти орқали намоён бўлаётир. Жамиятнинг сиёсий фаоллиги ортиб, фуқаролик позицияси мустаҳкамланмоқда. Ишонч муҳити эса инвестициявий жозибадорликдан тортиб, ижтимоий барқарорликка қадар барча соҳага ижобий таъсир кўрсатадиган омилга айланди. Чунки ишонч бор жойда ҳамкорлик бор. Ҳамкорлик бор жойда эса барқарор тараққиёт таъминланади.

Конституциявий модернизация ва ҳуқуқий кафолат

2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакат тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Бу ҳужжат айрим нормаларни эмас, давлатнинг мазмун-моҳиятини ҳам янгилади.

Янги таҳрирда ижтимоий давлат ғояси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли конституциявий даражада мустаҳкамланди. Бу эса ислоҳотларнинг вақтинчалик сиёсий жараён эмас, балки узоқ муддатли стратегик йўналиш эканини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади.

Моҳиятан, янги таҳрирдаги Конституцияни Учинчи Ренессанс ғоясининг ҳуқуқий архитектураси дейиш мумкин. У давлат ва жамият муносабатларини янги тамойиллар асосида белгилаб, инсон қадрини олий қадрият сифатида эътироф этди. Бу пойдевор барқарор ривожланиш, сиёсий изчиллик ва иқтисодий хавфсизлик учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Инсон қадри ва адолат устуворлиги

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш сиёсатининг энг ҳал қилувчи йўналишларидан бирига айланди. Бу жараён қатъий сиёсий ирода ва изчил ҳаракатлар натижасида амалга оширилмоқда.

Биринчидан, суд мустақиллигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгилаб қўйилди. Судьяларни танлаш ва тайинлаш тизими такомиллаштирилди, уларнинг процессуал мустақиллиги ва дахлсизлиги кучайтирилди. Суд ҳокимиятининг алоҳида ва тенг ҳуқуқли тармоқ сифатидаги мақоми амалда мустаҳкамланди.

Иккинчидан, жазо сиёсатининг либераллаштирилиши инсонпарварлик тамойилига асосланган янги ёндашувни шакллантирди. Жиноий жазоларни енгиллаштириш, айрим қилмишларни декриминализация қилиш, озодликдан маҳрум этишга альтернатив чораларни қўллаш каби механизмлар жорий этилди. Булар жазолашдан кўра, шахсни қайта тарбиялаш, тўғри йўлга йўналтириш ғояси устуворлиги адолат тушунчасининг мазмунан янгиланганидан далолат.

Учинчидан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг конституциявий шикоят қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб, конституциявий назорат механизмларини янада кучайтирди. Конституциявий суд ваколатларининг кенгайтирилиши давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Буларнинг барчаси ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардир.

Шу билан бирга, тергов ва суд жараёнларида процессуал кафолатлар кенгайтирилди, адвокатура институтининг роли оширилди, одил судлов самарадорлигига қаратилган тизимли чоралар кўрилди. Энг муҳим жиҳат — инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилди. Суд-ҳуқуқ тизими фаолиятида жазолаш эмас, ҳуқуқни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ўрнатиш мақсадга айланди.

Давлатимиз раҳбарининг шахсий позицияси, очиқ мулоқотга тайёрлиги ва танқидий таҳлилга асосланган фаолияти самарасида адолат бошқарувнинг амалиётдаги мезони сифатида тасдиғини топди. Қонун устуворлиги реал мазмун касб этиб, ислоҳотлар янги Ўзбекистонда демократик давлатчилик ва адолатли жамият барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворини яратди.

Ижтимоий давлат ғоясининг амалдаги ифодаси

Янги Ўзбекистон шароитида ижтимоий давлат ғояси декларатив принципдан амалий сиёсат даражасига кўтарилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий давлат тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг мазмуни оддий: иқтисодий ўсиш орқали эришилган самара, аввало, инсон манфаатига хизмат қилиши керак.

Ислоҳотлар марказида фуқаро, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар тургани инсон қадрига юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими манзилли ва шаффоф шаклга ўтказилди. Ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва хизматлар ягона мезонлар асосида тақдим этила бошлади. Бу ёндашув эҳтиёжни аниқлаш, ресурсни тежаш ва ҳақиқий манзилга етказиш имконини берди.

Уй-жой сиёсати ҳам ижтимоий давлат ғоясининг муҳим йўналишига айланди. Арзон турар жой дастурлари, ипотека имкониятлари кенгайиши, маҳаллалар инфратузилмасининг янгиланиши фуқаролар турмуш сифатини яхшилашга қаратилди. Инфратузилмага сармоя киритиб, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш орқали ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланаётир.

Яна бир муҳим жиҳат, ижтимоий хизматларнинг рақамлаштирилиши бўлди. Электрон платформалар орқали нафақа, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг кўрсатилиши бюрократик тўсиқларни йўқотиб, шаффофликни кучайтирди. Давлат хизматларининг соддалашиши фуқаронинг вақт ва имкониятларини тежашга хизмат қилмоқда.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар ижтимоий давлатнинг стратегик мазмунини очиб беради. Янги мактаблар ва олий таълим муассасаларининг очилиши, тиббиёт муассасаларининг модернизация қилиниши, рақамли тиббий хизматларнинг жорий этилиши инсон капиталига узоқ муддатли сармоя сифатида қаралаётганидан далолат беради. Чунки фаровонликнинг энг ишончли кафолати билимли, соғлом жамиятдир.

Муҳими, ижтимоий адолат тамойили давлат сиёсатининг устувор мезонига айланди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, даромадларини ошириш, янги иш ўринлари очиш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш — буларнинг барчаси тизимли ёндашувлар самараси.

Бошқарувнинг рақамли трансформацияси

Давлат бошқарувидаги энг муҳим институционал янгиланишлардан бири рақамли трансформация бўлди. Бу жараённи оддий техник модернизация сифатида баҳолаш нотўғри, албатта. Чунки гап ахборот технологияларини жорий қилиш ҳақида эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар фалсафасини ўзгартириш ҳақида бормоқда.

Рақамлаштириш давлат сиёсатининг ­стратегик йўналишига айланди. Асосий мақсад давлат хизматларини максимал даражада соддалаштириш, инсон омили таъсирини камайтириш ва қарор қабул қилиш жараёнини шаффофлаштиришдан иборат.

Бугун давлат хизматларининг катта қисми электрон платформалар орқали тақдим этилмоқда. Рухсатнома ва лицензиялар, ижтимоий нафақалар, солиқ ва божхона хизматлари, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш каби жараёнларнинг рақамлаштирилиши вақт ва молиявий харажатларни сезиларли даражада қисқартириш имконини берди. Энг муҳими, фуқаро идора эшиги олдида сарсон бўладиган коррупцион тизимдан электрон мурожаат ва онлайн хизматлар тизимига ўтиши таъминланди.

Рақамли трансформация давлатнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ҳам кучайтирди. Электрон маълумотлар базалари, онлайн мониторинг ва рақамли таҳлил механизмлари қарор қабул қилиш сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса коррупциявий омиллар ва маъмурий тўсиқларни қисқартиришда муҳим воситага айланди. Шаффофлик орқали ишонч мустаҳкамланди.

Энг долзарб жиҳат — “сервис давлат” ва “проактив бошқарув” модели қарор топмоқда. Давлат фақат мурожаатларга жавоб берувчи институт эмас, балки фуқаролар эҳтиёжини олдиндан аниқлайдиган, таҳлил қиладиган ва зарур хизматни таклиф этадиган тизимга айланмоқда. Масалан, маълум ижтимоий ҳолат юзага келганда ёки фуқаро муайян ҳуқуққа эга бўлганда давлат хизматини автоматик тарзда таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу бошқарув маданиятидаги сифат ўзгаришидир.

Рақамли технологиялар орқали давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот тез, қулай ва самарали шаклга эга бўлди. Қабул қилинадиган қарорлар лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилмоқда. Халқ фикри асосида қабул қилинган қарорлар ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Рақамли трансформация янги Ўзбекистонда самарали, очиқ ва проактив давлат бошқарувини шакллантиришга қаратилган стратегик йўналиш бўлиб, айнан шу ёндашув рақобатбардош иқтисодиёт ва замонавий бошқарув тизимининг мустаҳкам пойдеворини таъминлайди.

Янги сиёсий ёндашув

Давлатнинг фуқароликка оид сиёсатидаги ислоҳотлар ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги энг аҳамиятли ўзгаришлардан бири бўлди. Бу жараён фақат меъёрий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш билан чекланмади, балки инсонпарварлик тамойилларига таянган янги сиёсий ёндашувни қарор топтирди.

1991-2016 йилларда фуқароликка қабул қилиш масалалари чекланган амалиёт доирасида кўриб чиқилгани туфайли йигирма беш йилда бир неча юз шахс фуқароликка қабул қилинганди. 2017 йилдан кейин Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан фуқаролик бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, инсон тақдири ва унинг ҳуқуқий мақомига нисбатан адолатли ёндашув устувор аҳамият касб этди. Натижада ҳозиргача 100 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

Бу рақам ортида шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки минглаб инсонларнинг тақдири, ҳуқуқий аниқликка эришиши, ижтимоий интеграцияси ва келажакка ишончи мужассам. Фуқаролик шахснинг давлат ва жамият билан узвий боғлиқлигини англатувчи сиёсий-ҳуқуқий қадриятдир. Шу маънода, фуқаролик сиёсатидаги ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш билан бевосита уйғунлашди.


Юксак маънавий мезонлар

Президентимизнинг давлат раҳбари ва миллат етакчиси сифатидаги фаолияти мамлакатимиз тарихида мутлақо янги босқични бошлаб берганини бугун нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этмоқда. Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик сиёсати, инсон ҳуқуқлари, минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий модернизация соҳасидаги изчил қадамлари мамлакатимизнинг халқаро нуфузини сезиларли даражада оширди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар чуқур ўйланган стратегик янгиланиш дастурининг амалий ифодаси бўлиб, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий соҳа, рақамли трансформация ва ташқи сиёсат каби устувор йўналишлардаги ўзгаришлар ўзаро боғлиқ ва яхлит тараққиёт моделини шакллантирди.

Буларнинг барчаси кенг қамровли ислоҳотларнинг айрим йўналишлари, холос. Аслида, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар кўлами ва мазмуни жиҳатидан бутун бир тарихий даврга тенгдир. Энг муҳими, бу жараёнлар муайян соҳаларни янгилаш билан чекланмай, жамият тафаккурини, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар мазмунини ўзгартирди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги ислоҳотлар келажак авлодлар тақдири учун ҳам хизмат қиладиган стратегик қарорлар эканини англаш мумкин. Янги Ўзбекистон тараққиёти бу сиёсий ирода, халқ ишончи ва инсон қадрини олий мезон сифатида белгилаган давлат сиёсатининг узвий уйғунлиги самарасидир.

Бир сўз билан айтганда, юксакликка бўй чўзаётган мамлакатимиздаги ислоҳотлар нафақат замонавий қудратли давлат, балки юксак инсоний қадриятларга таянган адолатли жамият барпо этишга қаратилган ва узоққа мўлжалланган тарихий танлов.

Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Конституциявий суд раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист