Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ташкил этилган ушбу кўргазмада буюк алломаларимизнинг мўйқалам усталари томонидан чизилган янги портретлари намойиш этилмоқда. Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Ал Хоразмий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Лайс Самарқандий, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амирий, Огаҳий, Нодирабегим каби сиймоларимиз портретлари шулар жумласидан.
“Буюк мутафаккирларимиз сиймолари” мавзусидаги мазкур кўргазмада тасвирий санъат усталари мўйқалами билан чизилган қирқдан ортиқ диний алломалар ҳамда аниқ ва табиий фанларни ривожлантиришга беназир ҳисса қўшган олимларнинг портретлари кўргазмаси очилди. Соҳа олимлари, санъат арбоблари, диний уламолар, ОАВлари ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирок этган очилиш маросими жуда қизиқарли ўтди. Халқимизга илк марта тақдим этилаётган рангтасвир асарларининг тарихий ҳақиқатга нечоғлик яқинлиги, уларнинг бадиий жиҳатлари, айрим баҳсли ўринлари ҳақида фойдали фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтмишда яшаган аллома аждодларимиз, улар диний ёки дунёвий илмларга мансуб бўлганидан қатъи назар, ўта мураккаб ишдир. Бунинг асосий сабаби, шубҳасиз, кўпчилик аллома аждодларимизнинг тасвирий қиёфаси ёки сурати бизгача етиб келмаганида. Ана шундай шароитда тарихчилар, исломшунослар ва тасвирий санъат вакиллари ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади. Ўрта асрларда яратилиб, бизгача етиб келган миниатюралар, турли тарихий асарлардаги тегишли шахсларнинг чеҳраси, юз тузилиши, бўй-басти, алоҳида белгилари ҳақидаги тавсифлар мазкур бўшлиқни маълум даражада тўлдиради. Тадқиқотчи-олимлар томонидан аниқлаштирилиб, рассомларга ҳавола этилган бундай маълумотлар кўргазмага қўйилган катта илмий-тарихий аҳамиятга эга тасвирий санъат асарларининг манбавий асосини ташкил этади.
Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, намунавий сиймолари намойиш қилинаётган олимларнинг деярли барчаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси биноси фойеси учун яратилаётган улкан ҳажмли маҳобатли рангтасвир асарлари ва Марказ таркибида шакллантирилаётган музей экспонатларида ўз аксини топади. Бу уларнинг имкон қадар ҳақиқатга яқин ва энг баланд бадиий талаблар даражасида бўлишини тақозо этади. Бинобарин, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон бадиий академияси ҳам илмий, ҳам кенг жамоатчиликнинг ушбу асарлар бўйича фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида уларни янада такомиллаштиришни режалаштирган.
Кўргазмада мутахассис олимлар томонидан рассомларга тарихий шахслар сиймосини яратишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида қўшимча тавсиялар бериб ўтилди. Билдирилган таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб келгусида алломаларимиз сиймоси акс этган янада мукаммал портретлар яратилишига келишиб олинди.
Шуҳрат ҲАЙИТОВ
“O‘zbekiston tarixi” телеканали директори,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори