Аниқланишича, Андижон вилоятида яшовчи, 1994 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси билан икки маротаба судланган шахс (Ж.Т.) ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларни гўёки «Uzum Market» савдо иловасининг «ютуқли ўйини» ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Улар «совға» учун тўлов фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча Алҳикма Илм МЧЖга ўтказилишини, кейинчалик эса ушбу маблағлар уларнинг корхонаси томонидан қоплаб берилишини ваъда қилиб, жабрланувчилардан маблағлар ўтказилишига эришган.
Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки «устингиздан шикоят қиламан» дея норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган. Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.
Текширувлар давомида “Alhikma Ilm”, «Aksiya Tech Shoop» ва «Грандбоок» МЧЖлар орқали Чилонзор туманида ташкил этилган «кибербункер»да 16 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, дастлабки терговга қадар 50 нафар фуқаронинг 200 миллион сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида 22 та компьютер жамланмаси, мобил телефонлар, SIM-карталар, банк пластик карталари ҳамда 2 500 нафардан ортиқ фуқароларнинг тўлиқ қайд этилган шахсий ва молиявий маълумотлари рўйхатлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг республиканинг бошқа ҳудудларидаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлигини, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.