Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев билан бўлган суҳбатимиз бевосита миллий тилимизнинг бугунги кундаги ривожи, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.

—Акмал Аъзамович айтингчи, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишда қабул қилинган Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан белгиланган вазифалар қанчалик ўз самарасини беряпти?

—Миллий тилимизнинг ҳурлиги истиқлолнинг биринчи шарти саналаркан, чинакам мустақиллик сурури, миллий тил эрки ва озодлигидан бошланади. Ўз тилида эркин мулоқот қилиш, куйлаш ва ижод қилиш имконига эга бўлмаган, ўз тилида давлатни идора қила олмаган мамлакат,ҳар қандай миллат мустақилликка эришдик деса ёлғон бўлади. Чорак асрдан ошдики, Республикамизда 21 октябрь кунини она тилимизнинг тантанаси сифатида байрам қилиш қадриятга айланган.Таъкидлаш жоизки, она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунни истиқлол ва мустақилликка эришиш йўлида қўйилган энг муҳим ва энг шавкатли қадам дейиш мумкин. Энди, бевосита саволингизга жавоб берсам, албатта қабул қилинган қонун ва қарорлар, белгиланган устувор вазифалар ўз самарасини беряпти. Она тилимиз чин маънода миллат ғурурига айланиши энг аввал «кичик мамлакат»дан инсоннинг туғилган гўшасидан бошланиши керак ва шарт.

Оддий қилиб айтсам, миллий руҳ аслида энг аввал оилада шаклланади, сингдирилади. Ота онанинг ватанига, миллатига бўлган муносабати,ҳар бир боланинг маъсум қарашларига, мурғак онггу шуурига тошга ўйилган нақш каби ёзилиб қолади.Бинобарин, мактаб боғчаларда ташкил этилаётган она тили мавзусидаги учрашувлар,давра суҳбатлари ҳар бир иштирокчининг қалбида муқаддас тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни, Ватанга садоқатни, миллатлараро бағрикенглик каби зарур туйғуларни янада мустаҳкамлашга замин яратиши шубҳасиз.

—Хабарим бор, Тошкент шаҳридаги туманларда иштирокингизда бозорлар, мактаблар, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва шу каби қатор жойларда ўрганиш ишлари ўтказилиб, халқимизга давлат тилининг кундалик ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.Бу қанчалик натижа беряпти?

—Маълумки, она тилимизнинг равнақи, самарадорлигини кескин ошириш юзасидан шахсан Президент назорати ўрнатилган. Давлат департаменти тузилган. Она тилимизнинг самарадорлиги борасида тез ва қилиниши зарур бўлган асосий топшириқ ва вазифалар ўртага ташланган. Шуларнинг энг муҳимларидан бири, тил бўйича ҳар бир масъул шахс кўчага чиқсин, ҳар бир маҳалла, кўча, бозорларни айлансин, одамларга тушунтириш ишлари олиб борилсин дейиляпти.Биз ҳам имкон даражасида Тошкент шаҳри ҳудуди бўйлаб мутасадди вакиллар билан ўрганиш ишларини амалга оширяпмиз. Халқимиз билан юзма-юз суҳбатлар олиб боряпмиз, уларга тушунтиряпмиз. Мен учун энг оғриқли жойи шундаки, аксарият юртдошларимиз ўз она тилининг ҳаётидаги ўрнини, аҳамиятини мутлақо англамайди. Фақат қорин ғами билан яшаётганга ўхшайди. Энг ачинарлиси давлат тили қабул қилинганлигига 30 йилдан ошаяптики,ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг миллий тилимизга бўлган муносабати кишининг дилини хуфтон қиладиган даражада қониқарсиз. Ўзбекистонга илк бор келган меҳмон бўлса, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш жойларидаги эшик ва деразалар, деворлардаги асосан русча сўзлар ёзиб ёпиштириб қўйилган эълонларни кўриб, Россияга келиб қолдим деб ўйлаши тайин. Миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги бўлган бозорларни айланаркансиз, кириш эшикларига асосан рус тилида ёзилган кўрсатмаларга дуч келасиз.

—Нега рус тилида ёзилган?—деган саволимизга аксарият юртдошларимиз асосий харидорлар рус миллатига мансуб одамлар бўлгани учун деб жавоб беришди. Биз уларга ҳар доим ҳар қандай кўрсатма ва эълон, рекламалар энг аввало давлат тили-ўзбек тилида, кейин зарур бўлса рус тилида ёзилиши лозимлигини тушунтирамиз.

Ўзини, ота онасини, маҳалласини, миллатини ҳурмат қилган инсон ўз она тилини ҳам ҳурмат қилиши керак эмасми, ахир?!...

Тилга беҳурматлик, нописандлик ўзига, ўзлигига бўлган қадрсизликдир. Ахир бу дунёда инсон фақат вужуд эҳтиёжи учун яшамайди-ку?

Кейинги ўрганиш ишларида Тошкент шаҳри ҳудудига кирувчи,марказий кўчалардаги ташқи рекламалар, эълонлар, пешлавҳалар, тўйхона ва кафеларнинг номлари ҳам кўриб чиқилишини ҳам режага киритганмиз.

—Ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, рекламаларнинг давлат тили қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиниши борасида қандай кўзга кўринарли ишлар қилинди?

—Бу борада ҳам кенг кўламли ишлар қилинди десам муболаға эмас. Тошкент шаҳрининг Оҳангарон, Махтумқули, Паркент, Навоий, Олмазор, Фарғона йўли, Қорасув, Буюк ипак йўли кўчаларида ўрганиш ва тадбиркорлик субъектлари билан тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида жами 1000 дан ортиқ ташқи реклама объектлари қонун ҳужжатларига мослаштирилди. 2000 дан ортиқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, тилни улуғловчи, буюк алломаларимизнинг ҳикматли сўзларидан иборат намуналар ташқи реклама объектларига илинди.

— Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрининг архитектуравий қиёфасини ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тайёрланиши нималарни ўзгартиради деб ўйлайсиз?

—Дарҳақиқат, мазкур қарор ижроси билан Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчи меҳмонларга бир қатор қулайликлар ва имкониятлар яратилади.Хиёбонлар, бино ва иншоотлар, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўчаларда жойлашган ташқи реклама, билбордлар, турли эълонлар, ёзув ва ахборотларни тартибга келтириш имкони пайдо бўлади. Тузилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларда ҳужжатларсиз қурилган қурилмалар, ўзбошимчалик билан ўрнатилган ёзув ва эълонлар хатловдан ўтказилиб,қисқа муддат ичида мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралар кўрилмоқда.

—Пойтахтимизнинг марказий кўчаларида ўзга тилда ноқонуний турган реклама баннерларини ўзгартириш, олиб ташлашда қандай қийинчиликлар, тўсиқларга дуч келиняпти?

—Энг аввало ўз қадр қийматини билган мамлакатнинг ҳар бир фуқароси, мамлакат қонунларига қатъий риоя қилиши, бўйсуниши керак деб биламан. Қолаверса, қийинчиликларсиз натижага эришиш мушкул. Имкон даражасида юртдошларимизга тушунтириш ишларини олиб бориш натижасида,Яшнобод, М.Улуғбек, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Олмазор, Учтепа туманлари ҳудудларида ўзбошимчалик билан йўлнинг қатнов қисмига, пиёдалар йўлакларига ўрнатилган ташқи ёзувлар, эълонларнинг 3000 мингдан ортиғи олиб ташланди.Ўз ўрнида, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимининг маслаҳатчилари томонидан жойларда, аҳоли гавжум бўлган бозор атрофларида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган шиорлар, ҳалолликка тарғиб этувчи ёзувлар, кичик баннерлар бозор ҳудудларига ўрнатилди. Жумладан, Фарҳод ва Эски Жўва деҳқон бозорларида ўзбек тилида шиорлар ва маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган ёзувлар илинди.

Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ўрганиш натижасида амалга оширилаётган ишлар, ҳамда бартараф этилаётган хато ва камчиликлар бўйича аввалги ҳолат ва бартараф этилгандан сўнги ҳолатлар юзасидан РОЛИКЛАР тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар орқали, шунингдек, ҳокимлик расмий сайтида ёритиб борилиши йўлга қўйилган.

Суҳбатдош Озода Бекмуродова