Бу бозор иқтисодиёти талаблари, қолаверса, коммунал тўловлар тўла рақамлаштирилгани маҳсули. Бундай замонавий тўлов тизимлари ҳаммамиз учун қулай. Шу билан бирга, хизматга яраша тўлов маданиятини ҳам шакллантиради.

Бу борада янги ва замонавий механизмлар оммалаштирилаётгани боиси шунда. Масалан, куни кеча бир танишим электр энергиясидан узилиб қолгани, аммо ҳар қанча уринмасин тўлов қила олмагани, сабаби, бунга чеклов ўрнатилганини айтиб қолди. Кейин билса, чиқинди тўловларидан қарздорлиги борлиги боис, электр тўлови чекланган. Сал олдинроқ бу ҳақида огоҳлантирув хабарини олганини ҳам эслади.

Ҳозир мамлакатимизда чиқиндидан қарзи бор абонентларнинг электр энергияси учун тўловларига чеклов қўйилаётганидан кўпчилик хабардор. Дастлаб бу тартиб 2025 йилнинг 5 ноябридан Тошкент шаҳрида амалиётга киритилган эди. Маълумотларга кўра, жараённинг биринчи ҳафтасидаёқ қарийб 25,1 минг кишига 2,24 миллиард сўмлик қарздорлик тўғрисида СМС хабарнома юборилган. Шундан 6 минг абонентга 5 кунлик муддат тугаганидан сўнг электр энергияси тўловларига чеклов ўрнатилган. Ўтган йилнинг декабрь ойидан эса янги тизим бутун Ўзбекистон бўйлаб ишлай бошлади.

У қарздорликларни автоматик тарзда қайд этади ва бу маълумотлар ҳар ойнинг 3-санасига қадар Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимида шакллантирилади. Сўнг қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади. Аҳолининг чиқиндидан қарздорлиги мавжуд бўлганда, кўпчилик тушунаётганидек, электр токидан узилмайди, балки унга тўлов қилишга чеклов ўрнатилади. Бироқ чеклов ўрнатишдан олдин қарздорлар тегишли тартибда огоҳлантирилади. Қайд этилган рўйхат асосида абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали қарздорлиги бўйича СМС хабарнома юборилади. Шундан сўнг абонентга қарздорликни бартараф этиш учун 5 кун қўшимча муддат берилади.

Айни тартиб асосида қарздор аҳолига ҳар ой бошида хабарномалар юборилиб, белгиланган муддатда тўловни қилмаган хонадонларга электр токи тўловлари учун чеклов ўрнатилмоқда. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги куни кеча февраль ойи бўйича маълумотларни эълон қилди. Унда кўрсатилишича, жорий йилнинг февраль ойи бошида янги тизим орқали юртимиз бўйлаб 200 мингга яқин абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилган.

— Шу йилнинг 5 февраль куни респуб­лика бўйича чиқинди хизматидан умумий 108,9 миллиард сўм дебитор қарздорлик учун жами 1 миллион 174 минг 686 абонент “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақамидан юборилган СМС хабарнома орқали огоҳлантирилди, — дейди Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Умиджон Камолов. — Шундан сўнг ­абонентларга ­мавжуд қарздорлигини бартараф этиш учун 5 кун муддат берилди. Бу даврда 12,7 миллиард сўмлик тўловлар амалга оширилди. Юртимиз бўйлаб қопланмай қолган умумий 15,8 миллиард сўм маиший чиқинди хизмати қарздорлиги учун эса жами 198 минг 858 абонентнинг электр энергияси тўловига чеклов ўрнатилди. Мазкур чекловлар қарздорлик бартараф этилиши билан дарҳол ечилади.

Қарздорликлар асоссизми?!

Бу ерда мақсад одамларнинг электр токидан фойдаланишида чекловларни ошириш эмас, балки чиқинди тўловларининг ўз вақтида тўланишини таъминлашга қаратилган. Бу нафақат иқтисодий, балки экологик масала ҳамдир. Чунки экологик хавфсизлик, аввало, атрофимизни тоза сақлашдан бошланади, чиқиндилар эса кўчаларни ифлослантирувчи асосий воситалардир. Бу ҳақида гап кетганида, бевосита ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш муаммоси ўртага чиқади. Қолаверса, уларнинг тобора ортиб бораётгани ва чиқиндиларни қайта ишлаш муҳим масалалардан бирига айлангани сир эмас. Бу жараёнлар энг замонавий технология­лар ҳамда катта маблағ талаб этади. Чиқинди учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш орқали бунга ўз ҳиссамизни қўшиб борамиз.

Қолаверса, ҳозир тўлов қилиш учун кунлаб овора бўлиш, тегишли манзилни излаб сарсон юришга ҳожат йўқ. Ҳамма нарса рақамлашиб бораётган, электрон тўловлар оммалашган даврда яшаяпмиз. Мобил иловалар орқали буни осонгина бажариш мумкин.

Бир мисол, 2026 йилнинг 1 январидан бош­лаб мамлакатимизда чиқинди хизматлари учун тўловларни уйма-уй юриб ундириш амалиёти буткул тўхтатилди. Эндиликда чиқинди хизматлари учун тўловлар жисмоний ва юридик шахслар томонидан фақат онлайн тарзда барча электрон тўлов тизим­лари орқали амалга оширилади. Тўловлар эса Санитар тозалаш корхоналари томонидан ҳисобланади. Бунда улар аниқлик ва ҳаққонийлик учун жавобгар бўлиб, фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўловни ҳисоб­лаши назарда тутилган.

— Янги тўлов тизимининг афзаллиги ҳам шунда, кўрсатилган хизматга тариф асосида нарх белгиланади, — дей­ди Умиджон ­Камолов. — Авваллари махсус машиналар маҳаллалардаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетса ҳам ёки хизмат кўрсатилмаса ҳам аҳоли жон бошига тўлов ҳисобланаверган. Шунинг учун кўп одамлар кўрсатилмаган хизмат учун тўлов қилишдан норози бўларди. Энди бу тартиб ўзгариб, тўлов фақат хизмат кўрсатиш ­сонига қараб амалга оширилмоқда. Бунинг учун чиқинди ташиш техникасига GPS кузатув тизими ўрнатилган ва “Тоза макон” дастури орқали доимий назорат қилиб борилади. Ҳозирги кунда юртимизда маиший чиқиндилар билан хизмати соҳасида 50 та санитар тозалаш корхонаси фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг тасарруфида чиқинди ташувчи 3510 га яқин машина бор. Мазкур техника воситаларининг онлайн кузатув тизимига уланганлик даражаси 87 фоизни ташкил қилади. GPS қурилмаси машинанинг ҳаракати, тезлиги, вақти, тўхталишлар сони каби маълумотларни онлайн кузатиб туриш имконини беради. Замонавий механизмнинг ушбу афзалликлари санитар тозалаш хизмати сифатини, машиналар қатновлари сонини оширишга хизмат қилмоқда.

Янги тизим йўлга қўйилиб, одамларнинг чиқинди тўловлари бўйича мажбурияти оширилгач, аҳолининг ўз кўчаси, маҳалласидаги санитар тозаликка талабчанлиги ҳам ортиб бормоқда. Бу талабчанлик, бир томондан, экологик маданият ошаётгани, бошқа томондан, қарздорлик сабаб электр тўловига қўйилаётган чекловлар билан боғлиқ.

Гап куни кеча ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, одамларнинг эътиборини тортган айни мавзудаги хабар ҳақида бормоқда. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси чиқиндидан қарздорлик туфайли электр энергиясига қўйилаётган чекловлар юзасидан аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозлар ошиб бораётганини маълум қилди. Айтилишича, қўмита ва унинг ҳудудий органларига 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари ­бўйича 1141 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки ойларида ушбу масала юзасидан 850 дан ортиқ мурожаат қайд этилиб, рақамлар сезиларли даражада юқори экани кузатилган.

Мурожаатларда, асосан, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳамда бунинг оқибатида фуқароларнинг электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан эътирозлар билдирилган. Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқланган. Шу боис, қўмита томонидан асоссиз қарздорлик ҳолатлари юзасидан электр таъминотига киритилган вақтинчалик чекловларни қайта кўриб чиқиш бўйича Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборилгани айтилди.

Бу ҳолат қарздорликларни қайта кўриб чиқишга асос бўлиши мумкин, аммо кўпчилик кутаётганидек, янги тизим бекор қилинмайди. Чунки бу тизим амалиётга киритилиб, ишлай бошлаганидан бери чиқинди тўловлари бўйича қарздорликлар сезиларли камайган. Қолаверса, бу одамларнинг тўлов маданиятини ошириш, чиқиндилар ва атроф-муҳитга бўлган муносабатини ўзгартиришга хизмат қиляпти.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги тизимда барча жараёнлар шаффоф кўрсатилади. Ҳар бир юртдошимиз ўз маҳалласидаги чиқинди ташиш машиналарининг хизмат кўрсатиш сони, тартиби ва шу йўналишдаги бошқа барча маълумотларни “Тоза макон” ягона электрон биллинг тизими орқали кузатиш имконига эга. Онлайн платформадан барча абонентлар фойдаланиши мумкин. Замонавий биллинг тизими бир қанча давлат идоралари билан идентификация қилинган бўлиб, фуқаролар “ONE ID” тизими ва шахсий ҳисоб рақами орқали махсус иловага кириб, биллинг тизимидан ўзига тегишли маълумотларни кўра олади.

Нега айнан электр энергияси?!

Аслида, хизматга яраша тўлов тамойилининг моҳияти шундай, унда истеъмолчи ҳам, хизмат кўрсатувчи ҳам бирдек ­мажбуриятларга эга ва ҳар икки томон буни талаб қилишга ҳақли. Эркин бозор иқтисодиётидаги адолат ва шаффофлик шу тарзда шаклланади. Тўғри, камчиликлар йўқ эмас, аммо умумий олиб қараганда, янги тизим аввалгисидан кўра қатор афзалликларга эга экани кўзга ташланмоқда. Чиқинди ташиш хизматларининг рақамлаштирилиши, тўлов тизимларининг онлайн шаклга ўтказилиб, уйма-уй юришдек эскича амалиётдан воз кечилгани, кўрсатилган хизмат учун тўлов ҳисоблаш кабилар, аввало, одамларнинг ўзи учун қулай ва инсон манфаатларига хизмат қилади.

Бу тушунарли. Аммо чиқинди тўловлари нега айнан электр энергияси билан боғланаётгани аҳолини кўпроқ ўйлантириб, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Асосий ноқулайликлар ҳам айнан электр тўловларига қўйилаётган чекловлар сабаб юзага келаётгани сир эмас.

— Мазкур тажриба юртимиз амалиётида янгилик бўлгани боис, аҳоли орасида тушунмовчилик ва норозиликларни келтириб чиқараётгани рост, — дейди Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Умиджон Камолов. — Буни жазоловчи чора сифатида баҳолаб, мақсад фақат чиқинди тўловларидан қарздорликларни бартараф этишга қаратилган деб баҳолаётганлар ҳам бор. Аммо асосий мақсад замонавий тўлов тизимларини жорий этиш ва хизматлар сифатини ошириб боришдан иборат. Бундай тизим кўплаб давлатларда оммалашган ва коммунал тўловларнинг замонавий ҳамда таъсирчан шаклларидан бири саналади. Юртимизда янги тизим жорий этилишидан олдин хориж тажрибаси ўрганилди. Масалан, кўп мамлакатларда чиқинди хизматларида аниқ ўлчов бирлигининг йўқлиги сабаб тўловлар фуқаро сонига нисбатан ҳисобланади ва абонентлар сифатида юритилади. Айрим давлатларда эса чиқинди тўловлари ер солиғига, айримларида сув ёки табиий газ тўловларига уланган. Ўрганишлардан сўнг Ўзбекистон учун энг мақбул ечим сифатида электр энергиясига интеграция қилиш тартиби танланди. Боиси, юртимизнинг

96 фоиздан ортиқ ҳудуди электр энергияси билан қопланган бўлиб, бу бошқа коммунал хизматлар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

* * *

Халқаро амалиётда яна бир тартиб бор. Одамлар экологик қоидабузарликлар учун яхшигина жарима тўлайди. Дуч келган жойга чиқинди ташлаш фақатгина экологик мада­ниятсизлик эмас, балки жиддий қоида­бузарлик ҳамдир.

Айни пайтда юртимизнинг барча ҳудудида жами 350 та онлайн кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, улар турли экологик қоидабузарлик­ларни аниқлайди, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш шулар жумласидан. Бундай тартибсизлик учун эса тегишли чоралар ҳам қўлланилмоқда.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йил давомида онлайн кузатув камералари орқали юртимиз бўйлаб

10 минг 199 та қоидабузарлик аниқланган. Шундан 2421 таси бўйича маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, жарима ундирилган. Қолган 7778 та қоидабузарлик бўйича ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриляпти.

 

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири