Бугун, 12 январ куни соат 11:13 да Чирчиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимига шаҳарнинг 8-кичик даҳасидаги 9-уйда яшовчи фуқаролар томонидан ушбу уйнинг 41-хонадонида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган.

Ушбу хабар юзасидан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига зудлик билан етиб борган. 

Қутқарувчиларнинг ўз вақтида кўрган тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу хонадонда истиқомат қилувчи, 1950 йилда туғилган фуқаро К.A. ҳамда унинг 2018 йилда туғилган набираси Ш.Д.лар аланга ичидан олиб чиқилган. Уларга тез-тиббий ёрдам ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Тан жароҳатлари аниқланмаган. 

Ҳодиса оқибатида уйнинг 30 кв.м. майдони зарар кўрган. Дастлабки суриштирув ишлари давомида содир бўлган ёнғин болаларнинг шўхлиги оқибатида юзага келганлиги тахмин қилинмоқда.