Чорсу майдонининг ўзи қадимда бўлмаган. Баланд тепаликда Кўкалдош мадрасаси ва Хўжа Аҳрор жомеъ масжиди қад кўтарган.

Кўкалдош мадрасаси 1570 йилда ҳоким Дарвишхон томонидан қурилган. Бунёд этилганидан буён, ҳатто қарийб юз йил давомида зилзила сабабли ғоваклари бузилган ҳолда турган ҳамда 1960 йилларнинг бошида тикланган мадраса ўз атрофидаги бино ва қурилмалардан баландроқ жойлашган.
Қадимги фотосуратларда мадраса олдидаги гавжум бинолар ва майдон бўйлаб оқиб ўтаётган кенг ариқ ҳозирда қувурлар ичида яширинган.

1950 йилларда кенг Навоий шоҳ кўчаси Кўкалдош мадрасасигача узайтирилиб, Чорсу майдони шаклланди. Унга ўтган асрнинг 40 йилларида Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Йўлдош Оҳунбобоев ҳайкали ўрнатилган эди. 1982 йилда эса ёдгорлик ўрнида “Москва” кўп қаватли меҳмонхонаси қурилди, истиқлол йилларида у “Чорсу” номини олган.

1970 йилда қурилган собиқ БУМ биноси ҳам шу майдонда жойлашган. Ҳозир у “Тошкент савдо маркази” деб аталади. 2000 йилларнинг бошидан 2011 йилгача эса Туркуаз дўкони шу ерда бўлганини кўпчилик эслайди.

Чорсу майдони ҳам энг муҳим транспорт маркази ҳисобланади: Бешёғоч йўли ТСМнинг ўнг томонидан бошланади, бир пайтлар ундан трамвай ўтган. Шунингдек, Чорсудан Самарқанд Дарвоза қадимий кўчаси бошланиб, у орқали Бухоро, Самарқанд, Ҳиндистон ва Эрондан карвонлар келган. Ҳозир кўча кенгайтирилиб, кўп қаватли уйлар билан тўлган, қадимий Уккоша масжиди эса замонавий бинолар орасида қолган.

1970 йилларнинг бошларида шу майдоннинг бир томонидан бошланувчи шаҳар марказини Талабалар шаҳарчаси ва Қорақамиш мавзеси билан боғлайдиган Беруний шоҳ кўчаси қурилди.

Чорсу майдони ҳамон Тошкентнинг асосий майдонларидан биридир.