Миллий матбуот марказида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш соҳасида юқори қўшилган қиймат яратиш тўғрисида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Фармон билан яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функцияларнинг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига берилганлиги соҳада ягона вертикал бошқарув тизимини амалга оширишга имкон яратди. Бир неча йиллардан буён Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритиб келаётган Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳам эндиликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритиши белгиланди.
Бундан ташқари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳам жорий этилиб, унга яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, яйлов ерларини ижарага беришни ташкил этиш, шартномавий муносабатларни мониторинг қилиш, қоракўл зотининг генофондини сақлаш каби бир қатор вазифалар юклатилди.
– Мазкур Фармон билан чорвадорларга катта имтиёзлар ҳам тақдим этилди. Жумладан, яйловлар 49 йилгача ижарага берилиши, ҳудудий яйлов хўжаликларининг доимий фойдаланишдаги яйлов ер майдонлари солиқ солинадиган базага киритилмаслиги белгиланди, — дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи, фан доктори Алишер Сафаров.
Республикамизда яйловлар қишлоқ хўжалик ерларининг энг катта қисмини эгаллайди. Яйловлардан самарали фойдаланиш халқимизнинг озиқ-овқатга бўлган талабини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Яйловларда асосан чорва моллари боқилади. Шу сабабли яйловлар деградациясининг олдини олиш, турли хил ўсимликлар билан бойитиш, ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаб қолиш чорвачилик маҳсулотлари етиштиришнинг асосий омилларидан ҳисобланади. Бу масала олимлар зиммасига катта вазифалар ва масъулият юклайди.
– Мавжуд яйловларнинг қарийиб 20 % қисми тоғ ва тоғ олди яйловлари ҳисобланади. Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл яйлов экинлари уруғчилиги маркази чўл яйловлари билан шуғулланса, Чорвачилик илмий-тадқиқот институти олимлари тоғ ва тоғ олди яйловлари билан шуғулланади, — дейди Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори, профессор Эркин Шаптаков.
Қўмита тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари яйловларни яхшилаш бўйича бир қанча илмий ишланмалар ишлаб чиққан. Жумладан, чорва молларини 4 далали схемада боқиш, яйловларни паст кучланишли электр симлари билан ўралган ҳолда боқиш ва бошқалар. Шу билан бирга яйлов ўсимликлари уруғчилиги билан ҳам иш олиб боришади.
Матбуот анжумани сўнгида журналистлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Зулхумор АКБАРОВА