“Қайга бормай, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб”, деганида севимли шоиримиз Эркин Воҳидов миллий бош кийимимизга қанчалар ҳақли бино қўйганини ҳамиша азизу мукаррам дўппиларимизга боқиб кўзимиз қувнаганида яна бир карра ҳис қилиб, ғурурланамиз. Икки ўрим сочнинг устига нозик қўниб, зулфлар ҳуснига ҳусн қўшган ироқи дўппилар қизларимизга зеб берса, қалампир гулли, бодом гулли, тошкент дўппи, чуст дўппи, андижон дўппилар йигитларимизни асл беклардай безайди.
Дўппи, айниқса, йигит кишининг ҳаётида ёрқин из қолдирадиган қадрли, табаррук бош кийим. Тафаккур юритсак, бунга изоҳ жоиз эмас. Биласизми, ўғил бола ҳаётида дўппи билан боғлиқ илк хотиралар ўша суннат қилдириш маросими, хатна тўйи билан бошланади. Кейин эса улар бўй етиб, уйланган куни яхши ниятлар билан атаб олинган куёвлик дўпписи, ота бўлгач, ўғил уйлаб ёки қиз чиқарганида кийилган қудалик дўппилари билан янада гўзаллашади. Мана шу ҳолатларда кийилган дўппиларнинг ҳаммаси йигит киши ҳаётининг энг бахтли онларига хизмат қилади.
Шаҳрихонлик дўппидўз Ёрқиной Тўйчиева водию воҳани дўппи билан таъминлаётган қўли гул ҳунармандлардан. Ёрқиной опа 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида давлат мукофотига сазовор бўлди.
- Президентимизнинг бизга бўлган эътиборидан гўё яшариб кетгандек бўлдим, тўғриси, — дейди опа. — Ахир “Меҳнат шуҳрати” ордени меҳнатимизга берилган юксак мукофот-ку. Ҳунаримни бундан-да кенг ёйишим, шогирдлар сафини янада кенгайтиришим кераклигини чуқур ҳис қилиб, буёғига чарчашга ҳаққим йўқ, деган қатъиятни дилимга тугдим.
Дил тубидан, самимият ила айтилган бу гаплар салкам ярим асрлик фаолияти давомида 300 дан зиёд шогирдни камолга етказган, 20 нафар аёлни доимий иш билан таъминлаган дўппидўзнинг бу ҳунар ривожига янада фаол ёндаша бошлаганига бир ишора бўлди. Дўппидўзлар сулоласининг бешинчи авлоди бўлган Ёрқиной опа Шаҳрихоннинг ўзига хос, фақат ипак билан тикиладиган сирға гулли дўпписини ўз шогирдлари — қизлари, келинлари, набиралари билан биргаликда нозик дид соҳибларига етказиб беряпти. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, Андижоннинг Шаҳрихонидаги ҳар икки хонадоннинг бири ё дўппидўзлик, ё тўн тикиш, ёки пичоқчилик, қўйингки, ҳунармандчиликнинг қайсидир тури билан машғул.
— Бу ҳам тирикчилик, ҳам энг савобли, шарафли иш, — дея дўппининг хосиятига алоҳида урғу берди опа. — Нега десангиз, умра, ҳаж зиёратларига кетаётганлар ҳам дўппиларимиздан харид қилганларида кўзимга ёш келади. Қўл меҳнатимиз табаррук жойларга азиз бошларга кўтарилганча етиб боряптими, ўзимиз ҳам бир кун, албатта, етиб борамиз, деб қувонаман.
Опанинг ўз устида тинимсиз ишлаши, инновацияга интилиши самараси ўлароқ, эндиликда ҳумо қуши тасвири туширилган дўппилар ҳам урфга айланиб кетса ажаб эмас! Негаки, ҳунарманд устанинг айтишича, намуна учун тикилган ана шу кўринишдаги бита дўппи ҳавасманд бир харидор томонидан яхши ният билан сотиб олинган. Демак, ҳумо гулли инновацион дўппининг бозори чаққон бўлишига, эл орасида тез урфга айланишига шубҳа йўқ. Зеро, ҳумо қушининг бошимиз узра қанот ёйиши бахтимиз нишонаси эканини халқимиз яхши билади.
Айни пайтда Ёрқиной опа ва шогирдлари томонидан янги услубдаги дўппиларни илк намунасидан ҳам нафисроқ тикиш устида иш олиб бориляпти.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, пандемия халқимизни ҳар томонлама синовдан ўтказиш билан бир қаторда азалдан тиниб-тинчимас, заҳматкаш бобо деҳқон, қўли гул ҳунармандларнинг давомчилари эканимизга шукрлар келтиришга ҳам чоғлади. Негаки, бутун дунё аҳли давомли карантин талабларидан озурда бўлиб, анъанавий турмушга қайтиш учун қонунбузарликларни-да амалга ошираётган бир пайтда аксарият юртдошларимиз ота-бобосидан мерос ҳунарини бир он қўймади. 60 фоизи қишлоқларда истиқомат қиладиган аҳолимиз кафтдеккина бўлса-да, ўз томорқасида лоақал оиласи эҳтиёжини яратиш билан андармон бўлди. Кулоллик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, заргарлик, дўппидўзлик кабилар билан машғул бўлганлар эса энг оғир синовли кунларда ҳам “Уйда қолинг” шиорига шундоқ ҳам рисоладагидек амал қилди. Шу билан бирга, доно халқимизнинг ўзи яратган “Ҳунар — ҳунардан ризқинг унар” мақолининг мазмунини ҳунармандларимизнинг ўзлари ҳам пандемия даврида янада чуқурроқ ҳис этдилар, десак хато бўлмайди. Айниқса, оиласи, фарзандлари тарбияси билан бир пайтда ўз ишини ҳам тўхтатмаган Ёрқиной опа каби ҳунарманд аёлларимизни бутун дунё аёлларига ибрат қилса арзигулик!
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири