Ҳозир ҳам юртдошларимиз учун бу икки неъмат ўз қадр-қиммати ошса ошдики, асло пасаймади. Чунки кейинги йилларда дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги глобал масала сифатида кенг қулоч ёзаётгани, иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг меъёридан ортиқ исиб бориши қурғоқчилик ҳамда чўлланиш жараёнининг тезлашишига сабаб бўлмоқда. Бу эса сайёрамиздаги яна миллионлаб инсонлар очарчилик ва сувсизлик муаммосига гирифтор бўлишидан дарак беради.

Эътиборли жиҳати, бу муаммолар мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Шу боис, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш, мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, аграр соҳага ёндашувни тубдан ўзгартиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Юртимиз ялпи ички маҳсулотида аграр соҳанинг улуши юқорилигини ҳисобга олиб, давлат даражасида катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Фермер хўжалиги ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш борасида илдам қадамлар ташланаётир. Жумладан, кўп йиллардан буён фойдаланилаётган пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, бозор механизмлари асосида сердаромад маҳсулотлар етиштиришга урғу бериляпти. Бир сўз билан айтганда, одамларнинг ерга ва сувга муносабати тубдан ўзгармоқда. Далаларни айлансангиз, миришкор деҳқонларимиз шу пайтгача фойдаланилмай келган ерга ишлов бериб, турли сабзавот ва полиз экинлари етиштираётганини кўрасиз. Бу эса бозорларимизда деҳқончилик маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қиляпти.

Баракали ҳосил олишни ният қилган деҳқонларимиз маҳаллий навлардан унумли фойдаланиш, уларнинг янгидан-янги серҳосил навларини яратиш борасида тинимсиз изланмоқда. Уларнинг меҳнати натижасида юртимизда “Халқ селекцияси” мактаби яратилди. Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилмоқда. Замонавий технологияларни қўллаш механизми такомиллаштирилаётганига ҳам гувоҳмиз. Бунинг самарасида нафақат бозорларимиз мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари билан тўлдириляпти, балки дунёнинг қатор мамлакатларига экспорт ҳам қилинмоқда. Асосийси, эҳтиёж даражасида, қишлоқ хўжалиги майдонларининг жойлашувига кўра, экинлар парваришида фермер ва деҳқонларимиз бой тажрибага эга бўлмоқда. Ҳатто дала четига ҳам сабзавот, полиз ва бошқа турдаги экинларни экиш орқали фермер ва деҳқон хўжаликларининг даромади ошаётир.

Республика Президентининг жорий йил 12 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуруламал вазифасини ўтамоқда. Унга кўра, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига дала четига экиш учун талаб этиладиган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш вазифалари юклатилди. Жумладан,Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтининг Пахтачилик кенгаши қошидаги “Ақл маркази”да тадқиқот ўтказаётган мутахассислари, профессор-ўқитувчилари Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ғўзадан юқори, сифатли ҳосил олишда фермер ва кластерларга яқиндан кўмак бермоқда.

Вилоятнинг ўзига хос тупроқ-иқлим шароитида ғўза парваришлаш учун жойларда ер эгалари, фермерлар билан ҳамкорликда илмий асосланган агротехнологияларни қўллаш орқали яхши натижаларга эришилмоқда. Аномал иссиқ ва сув тақчиллиги шароитида айни долзарб сув тежамкор усуллар ва уларнинг баъзи элементларини қўллаш, ғўзани баргдан озиқлантиришда стимуляторлар, табиий адсорбентлардан фойдаланиш ҳамда янги навларнинг ўзига хос агротехник тадбирлари амалга оширилмоқда. Масалан, ғўзани баргдан озиқлантиришда янги табиий хомашё “Бентонит гили” эритмаси билан суспензия қилиш амалиёти фермер хўжаликлари далаларида синаб кўрилмокда.

Институтимиз олимлари айни пайтда ғўзадан юқори ҳосил олишга оид билим ва кўникмаларини Шеробод тумани деҳқонлари билан ўртоқлашмоқда. “Ақл маркази” ишчи гуруҳи таркибида 20 нафарга яқин профессор-ўқитувчи бўлиб, улар деҳқон ва фермерларга доимий равишда тавсияларини бериб боради. Шу билан бирга мазкур гуруҳ деҳқон ва фермер хўжаликлари далаларида ҳамда аҳоли томорқаларида ҳам бўлиб, дала четларида сабзавот-полиз экинлари, боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришда илмий тавсия ва маслаҳатларини бўлишмоқда.

Маҳаллий шароитда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, уларнинг супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш, тупроқ-иқлим шароитига мос, энг мақбул навларни экиш, тупроқ унумдорлиги, кимёвий ва биологик хусусиятларини илмий таҳлил асосида ўрганиб, ўғитларни қўллаш, ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарадор кимёвий препаратлардан фойдаланиш, пахтачиликда сув тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилаяпти.

2023 йил ҳолатига кўра, Сурхондарё вилоятининг 14 та туманида 6 мингдан зиёд фермер хўжалиги фаолият юритаётир. Шундан, 4 минг 100 тага яқини пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган, 1140 таси эса бошқа турдаги фаолият билан шуғулланади.

Сурхондарё бошқа вилоятларга қараганда қулай географик жойлашуви, унумдор тупроғи, сув захиралари билан ажралиб туради. Охирги йилларда воҳа миришкорлари нафақат деҳқончиликнинг замонавий ютуқларини амалиётга татбиқ этмоқда, балки етиштирилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришмоқда. Айниқса, воҳада гидропоника тармоғи шиддат билан ривожланмоқда. Бу эса яқин келажакда Сурхондарё аграр соҳа ривожланган ҳудудлардан бири бўлишини кўрсатувчи муҳим омилдир.

Абдуғаффор ЖЎРАЕВ,

Термиз агротехнологиялар ва инновацион

ривожланиш институти ректори вазифасини

бажарувчи, профессор