41 йилдан буён таълим-тарбия соҳасида хизмат қилиб келяпман. 16 йил Пастдарғом туманидаги 70-умумий таълим мактабида директор лавозимида фаолият юритдим.
Мазкур мактаб 1993 йилда дала шийпонида ташкил этилган бўлиб, жуда қаровсиз аҳволда эди. Мактабда спорт майдончаси учун, ҳатто, жой ҳам йўқ эди. Бундан мактаб жамоаси, ўқувчилар қийналарди.
2013 йилда янги икки қаватли мактаб биноси қад кўтарди. Хоналар сўнгги замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди.
Ҳозир 63 ёшдаман. Ўзим раҳбарлик қилган мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бериб келаман. 2020/2021 ўқув йилида 11 синфни битирган 45 нафар ўқувчининг 15 нафари республикамиздаги ҳамда хориждаги олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлишди.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда мактабимизда кучли педагогик жамоа шакллантирилди. Ҳозирги пайтда мактаб унинг ёнидаги коллеж биносига кўчиб ўтди. Мактаб биносида эса мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди. Аввалига оддий дала шийпонида ташкил қилинган мактаб йиллар ўтиб қаддини ростлади, таълим сифати эса юксалиб борди. Шундан буён мактабни минглаб ўқувчилар тамомлаб, бугун Ватан тараққиёти, халқ манфати йўлида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда.
Мусаллам ҲАТАМОВА