Бугун республика бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ва Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин.
Эртага, яъни шанба куни республика ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ва кечга томон Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ҳарорат 27-32° атрофида бўлган қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
Якшанба куни нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалади. Кўпчилик вилоятларда жала ёмғирлар ёғади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда кучли бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди, Бухоро, Навоий вилоятларида эса эрталаб ёмғир тўхтайди. Ҳаво ҳарорати кундуз куни 18-23° гача пасаяди, бу меъёрдан 4-6° га пастдир.
23 май душанба куни республиканинг деярли барча ҳудудларида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кузатилади, фақат Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Кечаси ва эрталаб ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасаяди ва 10-13° атрофида бўлади, кундуз куни эса қуёш нурлари ҳавони 23-28° гача иситади.
20-23 майда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келдиши мумкин. Бу ҳақида Гидрометеорология хизмати маркази хабар бермоқда.