Гренландия бўйича АҚШ билан можарони ҳал қилиш мақсадида Дания ва Гренландия расмийлари НАТО Бош котиби Марк Руттега Арктикага Шимолий Атлантирка Альянси миссиясини юборишни таклиф қилишди. Бу ҳақда Дания мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен 19 январь, душанба куни Брюсселда Рутте билан учрашувдан сўнг гренландиялик ҳамкасби Вивиан Моцфельд билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар берди dw.com.
Дания вазири Европа хавфсизлиги учун АҚШнинг муҳимлигини таъкидлади. “Европада биз мустақил равишда ҳал қила олмайдиган кўплаб муаммолар бор”, дея Лунд Поулсеннинг сўзларидан иқтибос келтирди Дания медиакомпанияси – DR. “Аммо АҚШ Президентининг баъзи баёнотлари ҳақиқатан ҳам асабга тегди”.
Арктикада НАТО миссияси бўйича таклифга Руттенинг муносабати номаълум. Х ижтимоий тармоғида альянс бош котиби Лунд Поульсен ва Моцфельд билан учрашувида Арктиканинг, жумладан, Гренландиянинг умумий хавфсизлик учун аҳамияти муҳокама қилинганини ёзди. “Биз ушбу муҳим масалалар бўйича иттифоқчилар сифатида биргаликда ишлашда давом этамиз”, деб таъкидлади у.