Таниқли журналист илк китобидан ўрин олган бадиий ҳаётномаларида ўзига замондош бўлган қаҳрамонларни ҳаётдаги оддий бир одамдан пишиқ-пухта бадиий образга айлантиришга, кулиб ўқиладиган жумлалар қатига жиддий муаммоларни сингдиришга ҳаракат қилган.

«Биз танлаган касбнинг ҳам шукуҳли онлари кўп бўлади. Гоҳ битта ибора, битта жумлани қойиллата олмай фиғонимиз фалакка ўрлаб кетса, гоҳо энг зарур мавзунинг ўзи «лаббай», деб остонамиздан кириб келади... Ортимиздан қадам-бақадам бизданда эркин, бизданда журъатли ўринбосарлар келмоқда», дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев ушбу китобга ёзган сўзбошисида.

Ғайрат Шералиевнинг публицистик лавҳалари, чимдим ҳикоялари ва ҳажвиялари билан танишар экансиз, устоз журналистнинг бежиз бундай баҳо бермаганлигига амин бўласиз. Ушбу лавҳаларнинг ҳар бири тилининг жозибаси, фикрий салмоғи ва образли мушоҳадалари билан ўқувчини ўйлашга, жамият ҳаётида кечаётган жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайди, деган умиддамиз.