Мамлакатимизда дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарималар оширилиши назарда тутилган ҳуқуқий ҳужжат қайта кўриб чиқилади. Чунки ушбу ҳолат билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун янги санкциялар кўзда тутилган қонун лойиҳаси Президент томонидан рад этилди. Депутат ва экспертлар бунга жарималар миқдорининг камлиги сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг шу йил 3 майдаги мажлисида маъқулланган мазкур қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилган эди. Ҳужжатга кўра, дарахт ва буталарни, бошқа ўсимлик ҳамда ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми) фуқароларга БҲМнинг 10 баробаридан 15 баробаригача (5 дан 10 баробаригача бўлган) ёки 3,3 миллион сўмдан 4,95 миллион сўмгача, мансабдор шахсларга эса  15 баробаридан 20 баробаригача (10 дан 15 баробаригача бўлган) ёки 4,95 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарликлар учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 2-қисми) фуқароларга БҲМнинг 15 дан 25 баробаригача миқдорда жарима белгиланган (аввал 10 дан 20 бараваргача эди). Мансабдор шахсларга қўлланиладиган жарима миқдори эса  маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилган ҳолда, БҲМнинг 25 дан 35 баробаригача (олдин 20 дан 30 баробаргача)ни ташкил этади.

Бундан ташқари, ушбу қоидабузарлик учун жазолар қаторига 15 суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоқни қўшиш режалаштирилган.

Ҳужжатда, шунингдек, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам киритилган (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 4-қисми-жарима мансабдор шахсларга нисбатан БҲМнинг 15 баробаридан 25 баробаригача).

Бунга дунё мамлакатлари ҳуқуқий тажрибаси мисолида ҳам назар ташлаш мумкин.

 АҚШда берухсат дарахт кесганлик учун жарима миқдори 500 доллардан 10 минг долларгача белгиланган. Айрим ҳолларда ва баъзи штатларда энг катта жарима миқдори 100 минг долларни ташкил этади.

Буюк Британияда 2023 йилгача ўрмонларни берухсат кесганлик учун белгиланган жарима миқдори бир дарахт танаси (пояси) учун 2,5 минг фунтни ёки қўлга киритилган ёғоч-тахта қийматининг икки баробари миқдорида жарима тўларди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга 2023 йил 1 январдан кучга кирган ўзгартишларга кўра, дарахтни ноқонуний кесган шахс кўчат экиб, уни 10 йил давомида парваришлаши лозим. Йўқ қилинган дарахтзорларни қайта тиклаш бўйича суд қарорини бажаришдан бош тортганларга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланиши мумкин.

Франциянинг Шаҳарсозлик кодексида бино қуриш вақтида дарахтларни кесганлик учун ҳуқуқбузарлар қурилиш билан банд қилинган майдоннинг ҳар бир квадрат метри учун 6 минг евродан жарима тўлаши лозимлиги қайд этилган. Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида эса 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо ҳам қўлланилиши мумкин. Ўрмондаги диаметри 20 сантиметрдан кам бўлмаган дарахтни ўзбошимчалик билан кесиш уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки 45 минг евро миқдорида жарима билан жазоланади.

Германияда ўрмонлар мамлакат ҳудудининг 32,7 фоизини ташкил этса-да, ўзбошимчалик билан дарахтларга зарар етказганлик ёки уларни кесганлик учун жарима миқдори ҳар бир федерал ер томонидан алоҳида белгиланади. Қўлланиладиган қонунчилик ва кесилган дарахт турига қараб, жарима суммаси 50 минг евродан 100 минг еврогача фарқланиши мумкин. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича федерал қонунга кўра, март ойидан октябрь ойига қадар дарахт кесиш тақиқланган. Шохларига қушлар ин қурган ёки бошқа жониворлар яшайдиган дарахтларни кесиш эса қатъиян тақиқланган.

Саудия Арабистонининг Экологик қонунчилигига мувофиқ, дарахтларни ноқонуний кесганлик, кундаков қилиб тозалаганлик ёки кўчириб ўтқазганлик, шохларини кесганлик, илдизини олиб ташлаганлик учун 30 миллион риал (салкам 8 миллион АҚШ доллари)гача жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Бугунги кунда сайёрамиздаги ўрмонларнинг умумий майдони 38 миллион квадрат километрни, яъни қуруқликнинг учдан бир қисмини ташкил этиб, унинг атиги 13 фоизи муҳофаза этиладиган ҳудудлар тоифасига киради. Бироқ, ҳар куни бу майдонлар муттасил камайиб ва ҳар сонияда Ер юзи 1,5 гектардан ортиқ табиий дарахтзорни йўқотмоқда. Ҳукуматларнинг дарахт ўтқазиш бўйича саъй-ҳаракатларига қарамай, инсоният ҳар йили 15−18 миллион гектар ўрмонни йўқ қилмоқда.

Мамлакатимизда эса бу ҳолат Ер юзидаги ўртача кўрсаткичдан-да ёмонроқ. Айни кунда яшил майдонлар юртимиз ҳудудининг ўн фоизига ҳам етмаган бир пайтда 2020 йили 7 минг 812 та (шундан 3 минг 428 таси қимматбаҳо турларга мансуб), 2021 йилда 8 минг 243 та (4 минг182 таси қимматбаҳо турларга мансуб), 2022 йилда эса 4 минг 599 та дарахт ноқонуний кесилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ўтган йили айбдорларга нисбатан 7,3 миллиард сўм маъмурий жарима қўлланилган ва табиатга зарар  10 миллиард сўм миқдорида белгиланган. Шу жумладан, 1 минг 777 туп қимматбаҳо ва кўп йиллик дарахтлар кесилган. Вазият таҳлил этилганда, қурилиш объектлари атрофини ўраб олиш натижасида дарахтларнинг қаровсиз қолиши, шикастланиши ва нобуд бўлиши ҳолатлари содир этилаётгани аниқланган. Республика бўйича 500 дан ортиқ қурилиш объекти атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 24 мингга яқин дарахт тақдири хавф остида қолмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлигининг хабарига қараганда, 2023 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарарнинг умумий миқдори 3,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Мазкур ҳолатлар бўйича 7 та жиноят ва 2 минг 55 та маъмурий иш қўзғатилиб, 1,7 миллиард сўмлик зарар ундирилган.

“ЯШИЛ МАКОН” — КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ КАТТА МАСЪУЛИЯТ

Тадқиқотларга қараганда, ҳар бир одам бир кеча-кундузда 5–6 литр кислород қабул қилади. Бу эҳтиёжни қондириш учун 22 та дарахт керак бўлар экан. Ҳар бир дарахт йилига 120 килограмм кислород ажратиб бергани ҳолда, айни шу вақт ичида деярли 22 килограмм, бутун ҳаёти мобайнида бир тонна атрофида карбонад ангрид газини ютади. Шу боис, ўрмонлару яшил масканлар Ернинг ўпкаси ҳисобланади.

Яна дарахтлар шовқинларни камайтириш, қушлару ҳайвонлар, тирик жонзотларга ин ва озуқа манбаи бўлиш, эрозиянинг олдини олиши, чанг-ғуборни ютиши билан ҳам  жуда қадрли. Қолаверса, одамларларнинг турмуш тарзида, яъни уй-жойидан тортиб кундалик маиший жиҳозларида, соғлом ва тўкин яшашида уларнинг аҳамияти беқиёс. Шунинг учун азалдан оилада фарзанд дунёга келса, тўй-тантана, туғилган кун маросимларида эзгу тилаклар билан ниҳоллар экилган.

— Мазкур анъана бугунги кунда янгича мазмун ва кўлам билан бойиб боряпти, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассиси Дилрабо Бобоева. — Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳар йили 200 миллион дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш вазифаси белгиланган. Бунинг натижасида мамлакатимиздаги ўрмонлар майдони амалдаги 8,6 фоиздан 30 фоизгача оширилиши режалаштирилган. 2022 йил январидан дарахтларнинг кесилишига қарши муддатсиз мораторий эълон қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан кўкаламзорлаштириш, ободонлаштиришда ишлатиладиган манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларининг ҳудудлар бўйича тавсия этилган турлари, кўчатларни экиш, парваришлаш, зараркунанда ҳамда касалликларга қарши кураш чоралари тўғрисидаги тавсиянома ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

Шунингдек, экилиши белгиланган кўчатларни етказиб бериш бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилиниб, кўчатчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 75,8 миллион (38 фоиз), тадбиркорлик субъектлари томонидан 90 миллион (45 фоиз) ва давлат ўрмон хўжаликлари томонидан 34,2 миллион дона (17 фоиз) етказиб берилиши белгилаб қўйилган. Жорий йилнинг ўзида 235 минг гектар ўрмонзор, шу жумладан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида 200 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилади.

Кўкаламзорлаштириш мақсадида фойдаланиладиган манзарали дарахт-бута турларини тўғри танлаш ва уларни ҳудудларларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда тавсия этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахт ва буталардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш, республикамизнинг иқлим ва тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда, давлат ўрмон фондига кирмайдиган ҳудудлардаги аҳоли манзилларида манзарали дарахт ва буталарни экиш, парваришлаш, кесиш масалаларини қамраб олган тавсиянома ҳам ишлаб чиқилган. Бу эса кўчат етиштирувчи корхона ва хусусий ташкилотларга кўкаламзорлаштириш ишларини  сифатли амалга ошириш учун арзон, маҳаллий шароитларга мослашувчан, эстетик завқ ва стандарт талабларга жавоб берувчи манзарали дарахтлар кўчатини кўпайтиришда қўл келади.

Лекин “гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек бу борада турли салбий ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бунга доир рақамлар шу йил июль ойи бошида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотида келтирилди. Яъни     2022 йилда республикамизда экилмаган икки миллиондан ортиқ кўчат ҳисоботга “экилди”, деб қўшиб ёзилган, суғориб бўлмайдиган жойларга 7,3 миллион туп ниҳол ўтқазилган, экилган 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар белгиланмаган.

Кўчатлар экилгани ҳаққонийлиги текширилганда айрим раҳбарлар томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Шундан сўнг Бош прокуратура йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ўрганиш ишларини бошлаган. Маълумотларга қараганда, ўз вазифасини бажаришга масъулиятсизлик билан қараган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда.

Президентимиз Бухоро шаҳрида шу йил 11 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Йиғилишда қайд этилишича, барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта дастур қабул қилинган. Бунинг учун ҳар бир вилоят баҳор ва куз мавсумида 15 миллион туп дарахт кўчати экиш, барча шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил қилиши зарур.

Лекин айрим раҳбарлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди. Масалан, кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган. Йўллар бўйига дарахт кўчатлари экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда, умуман бажарилмаган.

Ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш эндиликда ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиши таъкидланди.

Тегишли ҳудудлар раҳбарларига қаровсиз қолган 10 миллион туп дарахт ўрнига яна шунча кўчатни сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларга экиш топширилди. Бундан буён кўчат экиш тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган Инвестиция дастури асосида амалга оширилиши белгиланди. Бу мақсадлар учун ҳар йили аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп — 500 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, ўрмон хўжаликларининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш йўлга қўйилади. Бу орқали камида 10 минг аҳоли бандлиги таъминланиб, ҳар бир кўчатни кафолатли сотиб олиш тизими яратилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи