Чунки, гидроэнергетика сувдан электр қуввати ҳосил қилиш дегани. Демак, оққан сув нурга айланиб, уйимизни ёритсин, корхоналаримиз ишлашини таъминласин.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий мақсади шу каби вазифаларни ҳал этишга қаратилган. Бинобарин, мамлакатимиз йиллик гидроэнергетика салоҳияти 27,5 миллиард киловатт-соатга баҳоланади. Айни пайтда унинг 50 фоизга яқинидан фойдаланиб келиняпти. Ана шу рақамнинг ўзиёқ истиқбол имкониятимиздан далолат беради.
Бундан олти йил олдин “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилган пайтда унинг таркибига 36 та гидроэлектр станциясидан иборат 15 та унитар корхона кирган. Ушбу ГЭСларнинг жами қуввати 1 минг 754 мегаваттга тенг бўлган. Ўтган йиллар давомида 40 га яқин янги лойиҳа амалга оширилди. “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги станцияларнинг йиллик умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошиб, 2 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришиляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги “Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида хусусий сектор иштирокида қуввати 125 мегаватт, йиллик ўртача ишлаб чиқариши 675 миллион киловатт-соат бўлган 250 микро ГЭС лойиҳасининг манзилли рўйхати шакллантирилди. Бу жараёнда ҳам уларнинг географик жойлашуви, сув оқимларининг барқарорлиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтга қадар 50 дан ортиқ лойиҳанинг паспорти, ер майдонлари топотасвирга туширилиб, уларнинг контурлари аниқланди. Уларнинг 17 таси бўйича тадбиркорларга тақдим этиш учун ишчи ҳужжатлар ишлаб чиқилди, 14 таси юзасидан ер майдонлари маҳаллий идоралар билан келишилиб, “E-AUKSION” электрон платформасида савдоларга киритилди.
Бунинг амалий мисоли сифатида Андижон туманининг Завроқ маҳалласидан ўтган каналда қуввати 200 киловатт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 миллион киловатт-соат бўлган микро ГЭС ишга туширилганини келтириш мумкин. Ушбу лойиҳа туфайли Андижон туманининг 300 та хонадонини ёки 1 минг 200 нафар аҳолисини экологик тоза электр энергия билан таъминлаш имкони яратилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 миллиард сўмни, ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплаш муддати 4,4 йилни ташкил этади.
Аҳамиятли жиҳати, лойиҳалаштириш, қурилиш ҳамда ускуналарни ўрнатиш ишлари нисбатан қисқа вақт оралиғида, яъни 2 ойда амалга оширилди. Бу вазифа “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги “Гидропроект” АЖ томонидан 10 кун муддатда ишлаб чиқилган бўлса, лойиҳа агрегатлари “Сувсаноатмаш” АЖ ишлаб чиқариш негизида, саноат кооперацияси асосида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда бир ойда тайёрлаб берилди.
Андижон вилояти Олтинкўл тумани Улуғнор каналида қурилган ихчам ГЭС ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Қуввати 50 киловатт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 360 минг киловатт-соатни ташкил этган мазкур микро ГЭС 150 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга. Ушбу ГЭС учун чархпалак типидаги агрегатлар “Сувсаноатмаш” АЖда миллий бренд асосида ишлаб чиқарилган.
Биргина Андижон вилоятида аниқланган дастлабки рўйхатга кўра, умумий қуввати 19 мегаваттлик жами 52 та микро ГЭС қуриш режалаштирилган. Шундан, жорий йилда умумий қуввати 2 минг 130 киловаттли 7 та қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, сув босимида ишловчи 3 та микро ГЭС, 2 та сув юзида сузиб турувчи кинетик гидроагрегат ҳамда 2 та чархпалак туридаги лойиҳанинг ишга туширилиши кўзда тутилган.
Энг муҳими, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига маҳаллий ҳудудда узлуксиз электр энергияси таъминотига эга бўлиш билан бир қаторда, 40 га яқин янги иш ўрни яратилади. Қурилиш-монтаж ишлари тендер савдолари орқали аниқланган маҳаллий пудрат ташкилоти томонидан 45 кунда амалга оширилади. Бундан ташқари, 2023–2024 йилларда Андижон вилоятида қуввати 6,9 мегаватт, ўртача йиллик энергия ишлаб чиқариш қуввати 33 миллион киловатт-соатга тенг “Жанубий Фарғона каналида ЖФК-3 ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Уни ишга тушириш орқали келгусида Булоқбоши туманидаги 14 минг хонадонни экологик тоза энергия манбаи билан таъминлаш мумкин бўлади.
Жорий йил мамлакатимизда яна 50 та микро ГЭС бўйича лойиҳа ташаббускорлари аниқланади. Яна шунча гидроиншоот бўйича ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, электрон аукционга қўйиш устида иш кетяпти. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан тадбиркорларга бепул равишда бизнес-режа ишлаб чиқиш, мақбул техник ечимларни танлаш ва лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиб келиняпти. Лойиҳаларни амалга ошириш ташаббусини билдирган 20 га яқин тадбиркорлар ҳозирги кунда ихчам ГЭСлар қурилишини бошлаб юборди. Яқин истиқболда умумий қуввати 56 мегаваттни ташкил этадиган кичик гидроиншоотлар асосида йилига 180 минг киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда.
Маълумки, яқин пайтга қадар Тўполанг дарёси суви махсус босим остида “Тўполанг” ГЭСига йўллаб келинган. Бу иншоотда ўтган йили янги иккита агрегатнинг ишга тушиши билан унинг мавжуд қуввати қарийб олти баробар оширилиб, 175 мегаваттга етказилди. Бу ердаги тўртта агрегатни айлантираётган сув оқими мазкур иншоотнинг қуйи қисмида бундан икки йил олдин қурилган, бири биридан унча узоқ бўлмаган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” кичик гидроэлектр станцияларидаги қурилмаларга ҳам қувват ато этяпти. Айни пайтда ундан пастроқда “Зарчоб-3” кичик ГЭСини барпо этиш ишлари олиб бориляпти.
Дарёнинг табиий гидроэнергетик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида унинг юқори қисмида 20 та лойиҳа асосида умумий қуввати 264 мегаватт бўлган Юқори Тўполанг ГЭСлари каскади бунёд этилиши режалаштирилган. Уларни жорий этишда хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган микро ГЭСларни қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 2023–2030 йилларда Сурхондарё вилоятида 81 та лойиҳа асосида 601,4 мегаватт, йиллик 2038,2 миллион киловатт-соатга тенг янги қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Уларнинг 55 таси хусусий тадбиркорларга тегишли. Жорий йилда 8 та лойиҳа асосида жами қуввати 10,1 мегаватт бўлган электр энергияси ишлаб чиқарилади. Амалга оширилган ишлар натижасида 582 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.
Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, “Тўполанг” сув омборидаги сув манбаси экологик тоза, ичишга яроқли ҳамда таркибий жиҳатдан инсон организми учун қатор фойдали минерал хоссаларга бой экан. Ундаги сувнинг қаттиқлик даражаси 4 фоизни ташкил этиши ҳам инсон соғлиғига фойдали эканини кўрсатади. ГЭСлар агрегатини айлантирган сувлар ҳам табиий жиҳатдан тозалигини йўқотмайди.
Бу хусусиятлар, ўз навбатида, Сурхондарё вилояти аҳолиси учун муҳим бўлган яна бир ўта йирик ижтимоий лойиҳани татбиқ этиш имконини беряпти. Бинобарин, воҳада фойдаланиладиган сув ресурсларининг умумий ҳажми йилига 4 270 миллиард метр кубни ташкил қилади. Бунда асосий кўрсаткичлар Амударё, Сурхондарё дарёлари ҳамда Тўполанг сув омбори ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўполанг” сув омборидан ичимлик сув тармоғи тортиш бўйича қарорларига мувофиқ, айни кунларда вилоятнинг 11 та туманида амалий ишлар олиб бориляпти. Бу жуда мураккаб лойиҳа бўлиб, даставвал, сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотларини қуришга тўғри келяпти. Шундан сўнг, сув аввал асосий иншоотга қуйилади, кейин эса магистрал қувурга узатилади. Яъни, сув омборидан туманлардаги сув тақсимлаш тармоқларигача жами 361 километр узунликдаги қувур тортилади. Бунинг натижасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги жами 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
Бундан кўзланган асосий мақсад – аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш, коммунал турмуш шароитларини янада яхшилаш, туман марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат. Уни ўз вақтида ва сифатли бажаришда бош лойиҳачи – “Гидропроект” АЖ билан Туркиянинг етакчи “ART Environmental Technologies LTD”компанияси ҳамкорлик қилмоқда.
Лойиҳа якунида Сурхондарё вилоятининг 11 мингдан ортиқ хонадонида яшовчи 44 мингдан зиёд аҳолини илк марта марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш имконияти юзага келади. 18 минг 805 хонадоннинг бу борадаги таъминоти тубдан яхшиланади. Натижада вилоят аҳолисини марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 70 фоиздан ошади. Қолаверса, 945 хонадон ёки 4 мингга яқин аҳолининг оқова сув қувури тизимига уланишига имкон яратилади.
Ана шундай эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси 2024 йилда ниҳоясига етказилиши мўлжалланган. Унинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиб, 1,5 миллион аҳолининг ичимлик сувга доир муаммоларини тўлиқ ҳал этиши ҳисоб-китоб қилинган.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 30 мартдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар кўлами янада кенг. Унга мувофиқ, 2023–2030 йилларга мўлжалланган гидроэнергетикани янада ривожлантириш дастури тасдиқланди. Мазкур дастурга қўшимча истиқболли лойиҳалар киритилиши ҳисобига 2030 йилга бориб ҳосил қилиниши белгиланган 3 минг 416 мегаватт электр қуввати ҳажми қарийб 5 минг мегаваттга етказилади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қўшимча 2 минг 311 мегаватт қувват яратилади, шундан ГЭСларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган 44 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш эвазига умумий ҳажми 2 минг 207 мегаваттга тенг бўлган қўшимча қувватлар барпо этилади ҳамда хусусий инвесторлар иштирокида 615 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Ҳудудлар кесимида олганда, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида умумий қуввати 876 мегаватт бўлган Юқори Пском, Қоронғитўғай, Толдиқсой ГЭСлари, Ойгаин гидроэлектрстанциялари каскади ҳамда Юқори Пском гидротўплаш электр станцияси, Наманган вилояти Норин дарёсида умумий қуввати 225 мегаватт бўлган Норин, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида умумий қуввати 264 мегаваттлик Юқори Тўпаланг ГЭСлар каскадини қуриш мўлжалланмоқда.
2023–2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини оширишнинг янгиланган мақсадли кўрсаткичлари белгилаб олинди. Шунингдек, республиканинг 2023–2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва 2023–2027 йилларда амалга ошириладиган умумий қуввати 748,5 мегаватт бўлган 9 та, 2024–2030 йилларда мавжуд гидро салоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, гидро электр станцияларнинг янги қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган 47 та инвестициявий лойиҳа, кичик гидро электр станцияларни қуриш ва улардан фойдаланишда зарур бўлган ҳамда 2023–2025 йилларда кооперация асосида маҳаллийлаштириш учун таклиф этилаётган асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг рўйхати ҳам тасдиқланди.
Жорий йилдаги ишларга келганда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қуввати 196,8 мегаватт бўлган 7 та катта лойиҳа амалга оширилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 556,2 миллион киловатт-соат бўлган мазкур лойиҳалар ижроси таъминланиши натижасида 190 та янги иш ўрни яратилади. Қурилиш даврида эса 8 минг 950 нафар киши иш билан таъминланади. Самарқанд вилоятида 2 та ГЭС, яъни 7,2 мегаваттли “Шаудар”, 6,4 мегаваттли кичик ГЭСлар, Тошкент вилоятида “Испайсой” ва 2,5 мегаваттли “Оҳангарон” мини ГЭСлари, Фарғона вилоятида 2 мегаваттли “Шоҳимардон”, Қашқадарё вилоятида 3,5 мегаваттли “Ҳисорак” мини ГЭСлари электр қуввати бера бошлайди.
Яна бир эътиборли томони, 2023 йилда жамиятимиз томонидан қуввати 26 мегаватт бўлган 34 лойиҳа ишга туширилади. Шундан 22 таси сув босимида ишловчи микро ГЭСлар бўлса, қолгани сув юзасида сузиб турувчи “кинетик” агрегатлардир. Натижада 47,6 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади, 48 минг 600 хонадон электр энергияси билан таъминланади ва 106 та янги иш ўрни юзага келади.
Мамлакатимизда ГЭСларни бунёд этишда бошқа инновацион имкониятларни ишга солишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналиш ГЭСлар ва сув омборларига ёндаш ҳудудларда умумий қуввати 100 мегаватт бўлган шамол ҳамда қуёш электр станциялари қуриш, сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали агрегатлар ўрнатиш назарда тутилган умумий қуввати 4,2 мегаваттлик пилот лойиҳаларни қамраб олган. Уларни амалга оширишга доир ўрганиш ишлари ижобий натижа берди. Шу боис, 2023 йил якунига қадар ГЭС ва сув омборлари ҳудудларида қуввати 10 мегаваттлик қуёш электр қувватларини ишга тушириш орқали “гибрид станциялар” яратилиши таъминланади.
Шу билан бирга, жорий йилда жами 60 та, шундан жамиятимиз томонидан 22 та сув босими билан ишловчи ва 12 та сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали қурилма, хусусий сектор томонидан 16 та сув босими билан ишловчи агрегат ва 10 та чархпалак типидаги “иншоот” ишга туширилади.
Дастурга мувофиқ, 2030 йилга бориб соҳада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий этилган лойиҳаларнинг қувватини 445 мегаваттга етказиш ҳамда бу мақсадлар учун 831 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция жалб этилиши борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу умумий қуввати 46 мегаватт бўлган 5 та ГЭСни ишга туширишни назарда тутади.
Юртимизда гидроэнергетика соҳаси, хусусан, микро ва кичик ГЭСларни кенг кўламли қуриш ва зарурий ускуналарни маҳаллийлаштириш борасида ҳам ишлар кенг кўлам касб этиб боряпти. Хитой Халқ Республикасининг гидроэнергетика соҳасида юқори тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic” ва Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory” компаниялари билан ҳамкорликда мамлакатимизда қуввати 2 мегаваттдан 15 мегаваттгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш ишларига киришилди. Режага мувофиқ, мазкур ишлар икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган. Жамият тизимидаги корхоналар ишлаб чиқариш базасида 2024 йил 1 январга қадар қуввати 1 мегаваттгача бўлган, 2025 йил 1 январгача қуввати 15 мегаваттгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур турбина ва гидроагрегатлар ўзбек миллий бренди – “Made in Uzbekistan” номи остида тайёрланиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар бозорига ҳам таклиф этилади.
Айтиш жоиз, ушбу ҳамкорлик доирасида юқори инновацион технологик қурилмаларнинг мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида илк бор ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Уларни маҳаллийлаштириш молиявий сарф-харажатларни иқтисод қилиш, сифатли ва замонавий стандартларга асосланган агрегатлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Яна бир аҳамиятли томони, бу борада ўз хизматларини таклиф этаётган корхоналарга бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган. 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига биноан, асосий фаолияти қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда кичик гидроэлектр станциялари қурилмаларини ишлаб чиқариш бўлган, шу жумладан, 2025 йил 1 сентябрга қадар янги ташкил этиладиган юридик шахслар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб уч йил муддатда фойда ҳамда мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлаши кафолатланган. 2022 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 5 мегаваттгача бўлган гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилган “яшил” қувватни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва давлат томонидан харид қилиш ваколати берилган.
Умуман олганда, қуёш, шамол электр станциялари ўрнатгани учун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар кўзда тутилган бўлса, кичик гидростанциялар учун ҳам шундай имтиёз ва субсидиялар қўлланилади. Жумладан, ГЭСлар учун ускуна сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи компенсация қилинади. Кредитлар бўйича фоиз харажатларининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисми қопланади. Шунингдек, микро ва мини ГЭСлар томонидан ишлаб чиқарилган электр қуввати юридик шахслар учун тарифнинг 80 фоизи нархида харид қилинади.
Гидроэнергетика тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш билан бирга, янги қурилаётган ГЭСлар, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудуд аҳолисининг фаровонлиги ошиши, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қуввати билан мунтазам таъминланиши, том маънода, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим замин яратади.
Абдуғани САНГИНОВ,
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси, сенатор