Йиғилишда давлатимиз раҳбари ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда муаммоларини ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади, бу борада алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни, жумладан мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу тариқа мактабданоқ долзарб ва юқори талаб бўлган касбларга ўқитиш тизими жорий этилиши масаласи кўтарилди. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8-9-синф бошлаб ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан эса робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.
Йиғилишда кўтарилган яна бир муҳим масалаларидан бири — меҳнат бозоридаги бугунги талаб ва эҳтиёжларини, ёшларнинг уларга тайёрлигини ўрганиш. Бу борада Президентимиз иқтисодиёт тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида урғу берди.
Таъкидлаш керакки, IT-мутахассисларни тайёрлаш мақсадида бугунги кунда республикада махсус онлайн портал орқали (uzbekcoders.uz) аҳолининг кенг қатламларини долзарб IT-мутахассислик йўналишлари бўйича масофавий бепул ўқитишга йўналтирилган «Бир миллион дастурчи» йирик лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳага ёшларни кенг жалб қилиш мақсадида Президентимиз томонидан жорий йил 8 июнь куни бўлиб ўтган учрашувида жорий йил якунига қадар 100 мингта ва 2021 йилнинг биринчи ярмида яна 150 мингта ўқувчини ўқитиш вазифаси белгиланди. 5-синфдан ўқитиб келинаётган «Информатика» фанига «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига доир йўналишларини киритиш бўйича кўрсатмалар берилганди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалалар иқтисодиёт тармоқлари, хусусан АКТ соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш вазифасининг ўта долзарб ва муҳим бўлганлигини янада яққол намоён этди.