Бугун эркаклар ўртасида -90 кг вазн тоифасидаги беллашувларнинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Ушбу вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Давлат Бобонов жаҳон чемпионати финалига йўл олди. Бу билан Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши спортчиси камида жаҳон чемпионатининг кумуш медалини нақд қилиб қўйди. Финалда Давлат асли грузиялик бўлган Испания терма жамоаси аъзоси Николоз Шеразадишвилига қарши татамига тушади.
Бобонов мусобақа давомида иккинчи даврада япониялик Санширо Мурао, иккинчи босқичда исроиллик Ли Кочман, чорак финалда эса қозоғистонлик Ислом Бозбаевни мағлубиятга учратди.
Финал остонасида ҳамюртимиз венгриялик тажрибали дзюдочи Кристиан Тотт билан куч синашди. Муросасиз кечган баҳсда Бобонов рақибини мағлуб этди ва финалга йўл олди.
Жаҳон чемпионлиги учун беллашадиган спортчиларнинг ўзаро тўқнашувларига келсак, шу пайтгача дзюдочилар икки бор тўқнаш келишган. Афсуски, ҳар иккисида ҳам испаниялик спортчининг қўли баланд келган. Уларнинг илк тўқнашуви 2020 йил Париж “Катта дубулға” мусобақасига тўғри келади. 3-босқичда Бобонов вазари баҳоси билан олдинда бораётган эди. Бироқ асосий вақт якунланишига 3 сония қолганида ҳамюртимиз учинчи шидони олади ва ғалаба Шеразадишвилига ўтиб кетади.
Иккинчи тўқнашув эса пандемиядан кейинги дзюдо рестартига, ҳозирда ЖЧ ўтаётган ушбу аренадаги Будапешт “Катта дубулға” турнирига тўғри келади. Чорак финалда испаниялик спортчи қўшимча дақиқада қўлга киритилган вазари баҳоси билан ғалабани илиб кетади.
Николоз Шеразадишвили 1996 йил Грузияда туғилган. 10 ёшида оиласи Мадридга кўчиб кетади. У 2014 йилдан буён Испания терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. 190 см бўйга эга кенг жуссали ушбу полвон 2018 йил Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган.
Николоз -90 кг вазн тоифасида жаҳон ва Олимпиада рейтинги етакчиси. У Испания спорти тарихида илк бора жаҳон чемпиони бўлган дзюдочи ҳисобланади.
Бироздан сўнг Жаҳон чемпионатининг финал беллашувларига старт берилади. Биз Давлат Бобоновга ишонамиз ва омад тилаймиз.