Тегишли соҳа вакиллари, парламент қуйи палатаси депутатлари, олимлар ва экспертлар иштирок этган йиғилишда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, лойиҳани янада такомиллаштириш, маромига етказиш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича кўплаб таклиф ва тавсиялар берилди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади давлат органлари фаолиятида давлат фуқаролик хизматининг давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Лойиҳада давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган.

Муҳокамалар жараёнида келиб тушган таклифлар асосида қонундаги асосий тушунчалар, давлат фуқаролик хизмати соҳасини тартибга солиниши, махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматини ўташ бўйича чекловлар билан боғлиқ нормаларни такомиллаштириш устида иш олиб борилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, давлат фуқаролик хизматчисининг коррупцияга тоқатсиз муносабати, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, одоб-ахлоқ қоидалари, давлат фуқаролик хизматида совға билан муомала қилиш шартлари тўғрисидаги моддалар халқаро тажриба ва миллий қонунчилик асосида қайта кўриб чиқилди.

Йиғилишда ишчи гуруҳга экспертлар, олимлар томонидан берилган таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳасини маромига етказиш топширилди.

Айни вақтда ишчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасини маромига етказиш устида иш олиб борилмоқда, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.