Анжуманда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан 5,4 мингта касаллик варақаси бўйича 62,5 миллиард сўм миқдорида нафақалар тайинлангани маълум қилинди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар инсон манфаатларини биринчи ўринга қўяётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Ижтимоий соҳадаги мазкур ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири — давлат ижтимоий суғурта тизимининг жорий этилиши ҳисобланади.
Яқинда қабул қилинган «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун ҳамда Президент Фармонига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси янги тизими босқичма-босқич амалга оширилади. Ушбу Қонун ва Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, жорий йилнинг июль ойидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланиши йўлга қўйилди.
Бу ислоҳот аҳолининг кенг қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтириб, камбағалликнинг олдини олиш ва ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади. Илгари ушбу нафақалар асосан иш берувчилар зиммасида бўлгани учун хусусий секторда ишловчи кўплаб ходимлар, айниқса аёллар, тўлиқ кафолатлардан фойдалана олмас эди. Янги тизим эса бу тенгсизликка барҳам беради.
Шунингдек, давлат ижтимоий суғурта тизими ҳар бир расмий ишловчи фуқарога касаллик ёки ҳомиладорлик даврида даромадини сақлаб қолиш имконини беради. Бу нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки камбағалликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмдир.
Янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — ижтимоий тўловлар билан боғлиқ молиявий юкнинг иш берувчилар зиммасидан олиб ташланишидир. Бу тадбиркорларга ўз ресурсларини иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бизнесни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради. Илгари нафақаларни тўлаш мажбурияти иш берувчиларда бўлгани сабабли маҳсулот ёки хизмат таннархига салбий таъсир кўрсатиб, бозордаги рақобатбардошликни пасайтирган. Айрим ҳолларда эса харажатларни қисқартириш мақсадида ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилган. Янги тизим бу каби салбий амалиётларнинг олдини олади.
Давлат ижтимоий суғурта тизими расмий бандликни рағбатлантиради. Нафақалар фуқароларнинг суғурта стажига боғлиқ равишда тайинланади: қанчалик узоқ муддат расмий ишлаб, суғурта тизимида иштирок этилса, ижтимоий ҳимоя ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.
2026 йилда янги тизим жорий этилиши натижасида:
- бюджет ташкилотларида ишловчи қарийб 2,2 миллион нафар;
- хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллиондан ортиқ фуқаро;
- якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган ва норасмий секторда фаолият юритувчи 7 миллион нафардан ортиқ фуқаро давлат ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олиниши режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йилда 165 минг нафарга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 1 июлдан бошлаб эса 500 минг нафарга яқин вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари фуқароларнинг мурожаатисиз проактив шаклда тўлаб берилади.
Янги тизимнинг энг замонавий жиҳатларидан бири — унинг тўлиқ рақамлаштирилганидир. Нафақалар электрон тарзда, фуқаролардан қўшимча ҳужжат ёки мурожаат талаб этилмай, автоматик равишда тайинланади. Бу бюрократик тўсиқларни қисқартириб, шаффофликни ошириш ва инсон омилини минималлаштиришга хизмат қилади.
Амалиёт натижаларига кўра, 2026 йил 1–15 январь кунлари ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича 8,9 мингта касаллик варақаси келиб тушган. Шундан 5,4 мингтаси (60%) бўйича 62,5 миллиард сўм миқдорида нафақалар тайинланган. Қолган 3,5 мингта меҳнатга лаёқатсизлик варақаларидан 1,3 мингтаси (15%) фуқаролар расмий банд бўлмагани ёки суғурта стажи етарли эмаслиги сабабли рад этилган. 2,2 мингта (25%) варақа бўйича текшириш ишлари давом этмоқда. Нафақа тайинланганлиги ёки рад этилганлиги ҳақида СМС-хабарнома орқали маълумот берилади.
Давлат ижтимоий суғуртаси — бу нафақат тўловлар механизми, балки инсон қадри, ижтимоий адолат ва давлатнинг фуқарога масъулиятини амалга оширадиган муҳим ислоҳотдир. Янги қонун Ўзбекистонда барқарор, шаффоф ва ижтимоий ҳимояга асосланган давлат тизимини шакллантиришга замин яратади.
Зулхумор Акбарова