“Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси қуйидаги 8 та индикатор асосида баҳолаб борилади:
— давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
— давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
— ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
— бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
— Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
— оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
— коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
— жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.
Фармонга мувофиқ:
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йил якуни бўйича Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси шакллантирилади ва “eanticor.uz” электрон платформаси ва оммавий ахборот воситалари орқали очиқ эълон қилиб борилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик даражаси “0” баллдан “100” баллгача рейтингда баҳоланиб, қуйидаги тоифаларга ажратилади:
— 71 баллдан 100 баллгача – “яшил”
— 55 баллдан 71 баллгача — “сариқ”
— 55 баллдан паст — “қизил”
Очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча, салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи кўрилади. Бу ҳақида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.