Низомга кўра, Академияда қуйидаги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади: 

  • “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”;
  • “Давлат бошқаруви”; 
  • “Инсон ресурсларини ривожлантириш”;
  • “Давлат сиёсати”;
  • “Давлат молиясини бошқариш”.

Академия магистратурасига қабул давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Академияга давлат буюртмаси бўйича қабулни ташкил этиш учун номзодларни бирламчи саралаб олиш бўйича идоравий комиссия тузилади.

Номзод Идоравий комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • охирги 2 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ижобий ишлари ҳақидаги маълумот;
  • маълумотнома-объективка;
  • номзоднинг қўшимча эришган ютуқлари: илмий даражаси, илмий унвони, хорижий тилларни билиш сертификати кабилар.

Магистратурада ўқишга тавсия этилган номзодлар умумий сонининг, қоида тариқасида, камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Академияда магистратура мутахассисликларига давлат буюртмаси бўйича танлов 2 босқичда, тест синови ва суҳбат шаклида ўтказилади.

Қабул комиссияси қарори билан давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган номзодларни Академия тингловчилигига қабул қилиш ректорнинг буйруғи билан амалга оширилади.