Бозор иқтисодиёти шароитида бирор соҳа, жумладан, соғлиқни сақлаш ҳам самарали молиялаштириш тизимисиз ривожлана олмайди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги сметали молиялаштириш тизими эскирган, халқаро амалиётга мос келмайдиган механизмларга асосланган. Чунки у молия ресурсларининг самарасиз ишлатилиши ва соҳанинг сурункали тарзда молиялаштирилмай қолишига олиб келмоқда. Молиявий ресурс­ларнинг чекланганлиги, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим, ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоларидан бири бўлиб турибди.

Ажратилаётган маблағлар сарфланиши самарадорлигини ошириш, ўз навбатида, тиббий муассасаларни молиялаштириш тизимини ислоҳ қилишни талаб этади.  Ўтган йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Ўзбекис­тон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан ЖССТ экспертлари маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда мамлакатимизда мажбурий тиббий суғуртани жорий қилишнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқди. Шунинг асосидаги ислоҳотлар жараёни давом этмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Концепцияда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш, жорий йилда тиббий суғуртага оид қонун қабул қилиш, ушбу тизимни 2021 йилдан Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида қўллаш ҳамда 2025 йилгача республика миқёсида тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш вазифалари белгиланди.

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги муаммолар таҳлил қилиниб, соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетларини молиялаштириш мақсадида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, алоҳида жамғарма ташкил қилиш лозимлиги  айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тизимни ахборотлаштириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантириш, ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат ва дори воситалари пакетини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланди. Қарорда давлат тиббий суғуртаси жамғармасини ташкил этиш, унинг зиммасига тиббий суғуртани жорий қилиш, бошқариш, кафолатланган пакет бўйича кўрсатилган тиббий хизматларни молиялаштириш, ажратилаётган маблағлар самарадорлигини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Айни пайтда жамғарма давлат муассасаси сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, ҳозирда уни малакали кадр­лар ва техник воситалар билан шакллантириш жараёни кетмоқда.

2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йил охиригача Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, тажриба-синов натижаларини таҳлил қилиш, 2023 йилдан бошлаб унинг ижобий натижаларини республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий қилиш режалаштирилган.

Жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизимининг мазмун-моҳияти, мақсади юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Абдулла АЗИЗОВ, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари:

— Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишдан асосий мақсад — касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг бирламчи бўғинида малакали ва сифатли хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, аҳолининг саломатлик даражаси, ўртача умр кўриш давомийлигини оширишдан иборат. Ушбу тизимнинг ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда жорий қилиниши иштирокчилар ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш ҳамда тиббиёт ходимлари ва беморлар учун керакли маълумотларни олиш имконини беради.

Лойиҳада аҳолининг электрон реестрини шакллантириш, бемор йўлланмаси, касаллиги, қайси шифокор томонидан кўрилгани, ташхис ва даволаниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни электрон базага киритиш режалаштирилган. Бу эса, ўз навбатида, касалликларни олдини олиш, прогнозлаш, шифокорларни иш фаолиятини баҳолашга имкон яратади.

Зоҳид ЭРМАТОВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий суғурта тизимини жорий қилиш бошқармаси бошлиғи:

— Жорий қилинаётган тизимда тиббий суғурта учун аҳоли ўз даромадидан ажратма (бадал)лар тўлаши кўзда тутилмаганлиги ҳамда ушбу тизим мажбурийлик характерига эга эмаслиги ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилиши муносабати билан унинг номланиши Давлат тиббий суғуртаси тизими деб белгиланди. Ушбу тизимнинг асосий мақсади мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламини сифатли ва малакали тиббий ёрдам билан қамраб олишдир.

Янги тизимда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор ва унинг беш нафар ёрдамчи ҳамширасидан иборат “бригада”лар ташкил қилинади, ҳар бир “бригада” 3 минг нафаргача бўлган аҳолига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Оилавий шифокорларнинг ваколати кенгайтирилиши, беморларга бепул даволанишга йўлланма тақдим этиш, бепул дори-дармон учун рецепт бериш уларнинг нуфузини оширишга қаратилган.  

Илимдоржон ЖАҲОНГИРОВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий  суғурта тизимини жорий қилиш бошқармаси бош мутахассиси:

— Давлат тиббий суғуртасининг жорий қилиниши соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ ахборотлаштиришни талаб этади. Бунинг натижасида бириктирилган аҳолининг электрон рўйхати шакллантирилади, беморлар кесимида тиббий маълумотлар базаси яратилади, тизимдаги тиббиёт ташкилотларини соғлиқни сақлашнинг миллий ягона ахборот тизимига улаш, ўзаро ахборот алмашинувини таъминлаш ҳамда аҳоли учун тиббий ёрдамнинг бепул ва пуллик ҳажмлари чегарасини аниқлаш имкони яратилади.

Давлат тиббий суғуртаси тизимига хусусий тиббиёт ташкилотларини ҳам жалб этиш тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Рисолат МАДИЕВА тайёрлади.