Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизими тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилган эди. Айни пайтда 160 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётган марказларда доимо аҳоли гавжум.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам давлат хизматларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ўн бир ойида давлат хизматлари марказларига 500 мингдан ортиқ мурожаат бўлган бўлса, жорий йилнинг ортда қолган даврида 650 мингдан зиёд мурожаат қайд этилган. Марказларда фуқаролар кундалик ҳаётида зарур бўлган давлат хизматларидан ортиқча оворагарчиликсиз, яшаш жойидан қатъий назар, экстерриториал тамойил асосида фойдаланиши, мурожаати бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олиши мумкин.
Мазкур хизматлар вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда замон талаблари асосида бунёд этилган 16 та Давлат хизматлари марказлари, уларнинг олис ва чекка ҳудудлардаги 8 та филиаллари орқали кўрсатилмоқда. Шунингдек, 22 та ФҲДЁ бўлими, 1 та Никоҳ уйи ва 1 та ФҲДЁ архиви халқ хизматида. Бундан ташқари, вилоят аҳолисининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда туман марказларидан 100 километрлаб узоқликда жойлашган қишлоқлардаги 31 та почта алоқа бўлимларида ҳам электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти йўлга қўйилди.
Таъкидлаш керакки, жисмоний ва юридик шахсларга самарали, тезкор ва аниқ хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида жойларда давлат хизматлари филиаллари ташкил этилиши ушбу йўналишдаги ишларнинг изчил амалга оширилаётганлигидан далолат беради. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда вилоятда туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари билан бирга филиалларнинг ҳам хизмат кўрсатаётгани туман марказларидан узоқ масофада жойлашган аҳоли яшаш жойларидаги фуқаролар, тадбиркорларга енгиллик яратмоқда. Энг муҳими, бугун нафақат марказларда, балки қишлоқ жойларда ҳам давлат хизматларидан фойдаланиш борасида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Жумладан, Нуробод давлат хизматлари маркази мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 17 мингга яқин мурожаатлар бўйича давлат хизматлари кўрсатилган. Мурожаатлар мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг асосий қисми пенсия (нафақа) ҳақида маълумотнома олиш, болаларни давлат макатабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслиги ҳақидаги маълумотнома, кадастр паспортини шакллантириш билан боғлиқ муаммолардан иборат эканлиги аён бўлади.
Туман вилоятнинг чекка ва ҳудуди катта туманларидан бири. Бугунги кунда туман аҳолиси сони 150 мингдан ортиқни ташкил қилади. Нурободнинг ҳудуди даштлардан иборат бўлгани учун аҳоли ҳам тарқоқ жойлашган. Энг узоқ ҳудудларгача бўлган масофа 100 километрга яқинни ташкил этади. Шу боис, туманнинг узоқ ҳудуди – Саҳоба маҳалласи ҳудудида Давлат хизматлари маркази филиали ташкил этилган. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг узоғини яқин қилиш ҳамда ортиқча сарсонгарчиликларни олдини олишдан иборат. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Нуробод туман давлат хизматлари марказининг Саҳоба филиалида жорий йилнинг 11 ойи давомида 600 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг барчасига тегишли тартибда хизмат кўрсатилган. Энг муҳими, шунча фуқаро туман марказига келиб-кетиш харажатларини тежаб, ўз яшаш ҳудудида туриб хизматдан фойдаланди ва муаммоси ҳал бўлди.
Айтиш жоизки, давлат хизматларининг тури ва кўрсатилиш регламенти ҳам тизимли равишда қисқартирилаётгани халқимизга янада қулайлик яратмоқда. Буни биргина ФҲДЁ бўлимлари фаолиятига татбиқ қилинган композит хизматлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Вилоят аҳолиси биргина туғилишни қайд эттириш орқали фарзандини болалар поликлиникасига рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш хизматларидан бир вақтнинг ўзида фойдаланаётганидан мамнун. Айни қулайлик уларни 4-5 та идораларга боришдан, ортиқча вақт ва пул сарфлашдан халос қилмоқда.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, халқимизни шу бугунидан рози қилиш бош мақсадимиз бўлиши керак. Бунга эришиш учун эса барча аҳоли қатламларини бирдек қамраб олишимиз жуда муҳим. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошчилигида вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилиб келинаётган “Марказ-маҳалла-фуқаро” тамойили, “Ўзимиз келдик”, “Сиз келманг, ўзимиз борамиз”, “Давлат хизматлари маҳаллада” сингари турли акция ва лойиҳалар айни мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. У асосида энг чекка ҳудудларда ҳам тизимли равишда сайёр давлат хизматлари кўрсатилиб, фуқароларга бепул ҳуқуққий ёрдам берилиши йўлга қўйилган. Натижада 20 188 дан ортиқ давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. 900 юздан зиёд тадбиркорлик субъектлари ҳам сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Рақамларни солиштирадиган бўлсак, 2018 йил давомида вилоятимизда янги тизим орқали жами 478 678 та давлат хизматлари кўрсатилган. 2021 йилга келиб бу кўрсаткич бир неча баробарга ошди, яъни ўтган 9 ойнинг ўзидаёқ фуқароларга 592 614 та давлат хизматлари кўрсатилди. Таҳлиллар 1 кунда вилоятдаги Давлат хизматлари марказлари ўртача 2000 дан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатаётганини кўрсатмоқда. Вилоятимизнинг олис ҳудудларида очилган филиаллар томонидан эса ўтган 4 йил давомида 10 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.
Айтиш жоизки, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилаётган хизматлар, талаб этилиши қисқартирилаётган ҳужжатлар ҳамда янада қулай муддатлар вилоят аҳолисининг қулай, шаффоф ва тезкор давлат хизматларига бўлган ишончини ошириб, бугуни ва эртасидан рози бўлиб яшашларига туртки бўлмоқда.
Бошқарма бошлиғи Мақсуд Қурбанов